ОДИЛ СУДЛОВДА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ДАРАЖАСИНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
2021 йил 28 июль куни Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни янгидан қабул қилинганлиги айни шу мақсадларни ўзида мужассамлаштирган бўлиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан, яъни 2021 йил 29 июль кунидан қонуний кучга кирди.
Жумладан, “Судлар тўғрисида”ги янги қонуннинг эски таҳрирдаги қонундан асосий фарқлари ва ўзига хос хусусиятларининг айрим жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Ушбу Қонун 14 боб, 101 моддадан иборат бўлиб, унда асосан судларнинг тузилмаси, туман (шаҳар), туманлараро, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар, Олий суд, суд ҳайъатлари, Олий суд Раёсати ва Пленуми ваколатлари доираси, судья мустақиллигини асосий кафолатлари, судьяларнинг ҳуқуқий мақоми, судьялик лавозимига номзод ва судьяга қўйиладиган талаблар, шунингдек судьяларни, судларнинг раислари ва раис ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) тартиби, суд тизимида ташкилий-таркибий ўзгартиришлар, судьялик ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш асослари ва тартиби, судьяларнинг моддий таъминоти ва уларни ижтимоий ҳимоялаш чоралари қатъий белгилаб қўйилди.
Шунингдек, мазкур қонун судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Қонунга кўра, барча судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади. Суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин. Одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади.
Ҳужжатда, Ўзбекистонда суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади. Олий суд қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга этиб белгиланди. Шу билан бирга, 35 ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкинлиги белгиланди. Судья биринчи марта 5 йиллик муддатга, навбатдаги 10 йиллик муддатга ва лавозимда бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда сайланади ёки тайинланади. Олий суд судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судлар судьялари учун 65 ёшни ташкил этади. Илк бор судьялик лавозимига тайинланадиган номзодлар Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт. Судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин бўлмаган шахслар рўйхати белгиланди.
Шунингдек, Қонун билан қуйидагилар белгиланди:
судьяга нисбатан интизомий иш қўзғатиш тартиби, судьяга нисбатан қўлланиладиган интизомий жазо чоралари, шунингдек интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш тартиби;
судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш асослари;
судьялар малака ҳайъатларини ташкил этиш тартиби;
судьяларнинг ва улар оила аъзоларининг моддий ҳамда ижтимоий таъминоти ва бошқалар.
Қуйидагилар тасдиқланди:
Ҳарбий судлар фаолиятиии ташкил этиш тўғрисида низом;
Судьяларнинг малака даражалари тўғрисида низом;
Суд тизими ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида низом.
Қонунда судяларга зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимояси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, уй-жойга муҳтож бўлган судья маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда суд жойлашган ерда хизмат турар жойи билан таъминланади. Судья унга доимий яшаш учун белгиланган тартибда турар жой берилгунга қадар турар жой арендаси, ижараси (иккиламчи ижараси) билан боғлиқ харажатлари компенсация қилиниши ҳуқуқига эга.
Ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади. Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади. Таъкидлаш жоизки, мазкур қонунда белгиланган нормалар суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг судлар фаолиятига ишончини мустаҳкамлаш ҳамда судлар фаолиятини очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, судьяларни ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
О.Нормаҳматов
Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари