НИЗОЛАРНИ СУДГАЧА ҲАЛ ЭТИШ ТАРТИБЛАРИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида низоларни судгача ҳал қилишнинг юқори самарали, муқобил замонавий йўналишларини кенг жорий этишга эътибор қаратилмоқда.

Иқтисодиётга хорижий инвесторларни жалб этишда юзага келадиган низоларни судгача ҳал қилишни ёки суд муҳокамасининг ҳар қандай босқичида низолашаётган тарафлар учун ўзаро келишувга ва мақбул ечимни топишга эришишни таъминловчи механизмларни ишлаб чиқиш алоҳида аҳамият касб этади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида, низоларни ўзаро тинч (дипломатик) йўл билан ҳал қилиш орқали судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда келишув битими ва медиатив келишув институтлари муҳим аҳамият касб этади.

“Медиация тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига кўра, медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир. Медиатив келишув эса медиацияни қўллаш натижасида медиация тарафлари томонидан эришилган келишув ҳисобланади.

Хусусан, 2025 йил 20 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунда медиация тартиб-таомилларини қўллаш учун рағбатлантирувчи нормалар, медиаторларга оид талабларни ва медиатив келишувларни бажариш қоидалари низоларни муқобил ҳал этиш механизмларидан бири сифатида белгиланмоқда.

Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилади, бундай ҳолатда даъвогар судга даъво аризаси билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.

Ушбу қонун қабул қилунгунга қадар медиатив келишувда гарчи тарафлар маълум мажбуриятларни бажариш ҳақида келишган бўлсалар-да, ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармас эди ҳамда медиатив келишув шартлари бажарилмаган тақдирда, тарафлар такроран судга мурожаат этишга ҳақли эди.

Янги қабул қилинган қонунга асосан тарафлар ўртасида медиатив келишув бўйича шартлашилган мажбуриятларни бажармаслик ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқариши белгиланмоқда.

Эндиликда медиатив келишув тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда медиатив келишув тузган манфаатдор тарафнинг аризасига биноан медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида тегишли судларга мурожаат қилиши мумкин.

Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза медиатив келишувни ихтиёрий ижро этиш муддати тугаган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий протсессуал кодекси “Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишларни юритиш” деб номланган 292-боб билан тўлдирилмоқда ҳамда унда медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тартиби белгилаб берилмоқда.

Ушбу Қонун фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низоларни самарали ва тезкор равишда ҳал этишга, медиация тартиб-таомилларининг ҳамма жойда қўлланилишини рағбатлантириш орқали судлардаги юкламани мақбуллаштиришга хизмат қилади.

ТОҲИРБЕК УСМАНОВ,

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судининг судьяси