Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатлар судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тартиби

Маълумки, иқтисодий суд ишларини юритишдан кўзланган асосий мақсад иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборат.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодий муносабатлар ривожланиб, нафақат маҳаллий даражада, балки халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ва тадбиркорлик муносабатлари жадал суръатларда ўсиб бормоқда.
Табиийки, ушбу жараёнда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа юридик шахслар чет эл корхоналари ва ташкилотлари билан турли шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга киришадилар ҳамда тарафлар ўртасида келиб чиққан низолар шартнома шартларидан келиб чиқиб, чет давлат судлари ҳамда арбитражлари томонидан мазмунан кўриб чиқилиши мумкин.
Шундай ҳолларда чет давлат судлари ҳамда арбитражлари томонидан мазмунан кўриб чиқилган иш юзасидан қабул қилинган қарорларни Ўзбекистон Республикасида тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризалар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро ва иккитомонлама шартномалари, қолаверса давлатимиз томонидан ратификация қилинган халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ҳал этилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 248-моддасига кўра, чет давлатлар судларининг ва арбитражларининг иқтисодиёт соҳасида юзага келадиган низолар ҳамда бошқа ишлар бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, агар бундай қарорларни тан олиш ва ижрога қаратиш Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномалари ҳамда қонунчилигида назарда тутилган бўлса, улар Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан тан олинади ва ижрога қаратилади.
Чет давлат судининг ва арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш масалалари иқтисодий суд томонидан низо бўйича ҳал қилув қарори ўз фойдасига чиқарилган тарафнинг аризаси бўйича ҳал этилади.
Ушбу Кодекс мақсадлари учун чет давлат суди деганда чет давлатнинг тарафлар ўртасидаги низони ҳал этувчи ваколатли органи тушунилади, чет эл арбитражи деганда чет давлатнинг тарафлар ўртасидаги низони ҳал этиш учун доимий ёки вақтинча асосда фаолият кўрсатадиган нодавлат ташкилоти тушунилади.
Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарори, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, у қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил муддат ичида, тан олиш ва ижрога қаратиш учун тақдим этилиши мумкин.
Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ариза аризачи томонидан Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига қарздорнинг жойлашган ери ёки яшаш жойи бўйича ёхуд, агар қарздорнинг жойлашган ери ёки яшаш жойи номаълум бўлса, қарздор давлат рўйхатидан ўтказилган жой бўйича берилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
251-моддасига кўра, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
▶ аризачи тан олиш ва ижрога қаратишни сўраётган чет давлат судининг ҳал қилув қарори ёки унинг чет давлатнинг ёки Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаси;
▶ агар ҳал қилув қарори матнининг ўзида кўрсатилмаган бўлса, ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кирганлигини тасдиқловчи расмий ҳужжат;
▶ ҳал қилув қарори қисман ижро этилганлиги тўғрисидаги ҳужжат, агар у тегишли чет давлат ҳудудида илгари ижро этилган бўлса;
▶ ўзига қарши ҳал қилув қарори қабул қилинган ва суд процессида иштирок этмаган тараф ишни кўриш вақти ҳамда жойи тўғрисида ўз вақтида ва тегишли тартибда хабардор қилинганлигини англатувчи ҳужжат;
▶ вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат;
▶ чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси қарздорга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
▶ агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
▶ агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу модданинг 1-5-бандларида кўрсатилган ҳужжатларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси.
Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ариза, агар Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, иқтисодий судга келиб тушган кундан эътиборан олти ойдан ошмаган муддатда суд мажлисида кўрилади.
Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди ажрими билан хабардор қилинади. Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриш учун тўсқинлик қилмайди.
Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди ишни кўришда чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни рад этиш асослари мавжуд ёки мавжуд эмаслигини билдирилган талаблар ва эътирозларни асословчи далилларни текшириш йўли билан аниқлайди. Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди ишни кўришда чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 255-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман тан олишни ва ижрога қаратишни қуйидаги ҳолларда рад қилади, агар:
▷ ҳудудида ҳал қилув қарори қабул қилинган давлатнинг қонуни бўйича у қонуний кучга кирмаган бўлса, бундан ҳал қилув қарори қонуний кучга кирмасдан ижро этилиши лозим бўлган ҳоллар мустасно;
▷ ўзига қарши ҳал қилув қарори қабул қилинган тараф ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида ўз вақтида ва тегишли тарзда хабардор қилинмаган ёки бошқа сабабларга кўра ўз тушунтиришларини судга тақдим эта олмаган бўлса;
▷ Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига ёки қонунчилигига мувофиқ ишни кўриш Ўзбекистон Республикаси судининг мутлақ ваколатига тааллуқли бўлса;
▷ айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса;
▷ айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан чет давлат судида иш юритиш қўзғатилгунга қадар қўзғатилган иш Ўзбекистон Республикасининг судида кўрилаётган бўлса;
▷ чет давлат судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижрога қаратиш муддати ўтган ва ушбу муддат суд томонидан тикланмаган бўлса;
▷ тараф томонидан низо ваколатсиз чет давлат суди томонидан ҳал этилганлигини тасдиқловчи далил тақдим қилинган бўлса;
▷ ҳал қилув қарори чет давлатнинг ваколатли органи томонидан бекор қилинган бўлса;
▷ ҳал қилув қарори чет давлат судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг иштирокчиси бўлмаган чет давлат суди томонидан чиқарилган бўлса;
▷ чет давлат суди ҳал қилув қарорининг ижро этилиши Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига, хавфсизлигига зарар етказса ёки қонунчилигининг асосий принципларига зид бўлса.
Чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижро этиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра ҳам рад этилиши мумкин.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда иқтисодий судлар чет давлат судларининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратишда бир қатор халқаро конвенциялар, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда қўллаган ҳолда мазкур тоифадаги аризаларни ҳал этиб келмоқда.
Жумладан, МДҲ иштирокчи-давлатлар судларининг ҳал қилув қарорларни тан олиш ва ижрога қаратишда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўртасида 1992 йил 20 мартида Киевда тузилган “Хўжалик ишлари билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Келишувнинг 7-моддасида МДҲга аъзо бўлган давлатлар ўзаро ваколатли судларнинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорларини тан олишлари ва ижрога қаратишлари белгиланган.
Мазкур Келишувнинг 8-моддасида ҳал қилув қарори юзасидан чиқарилган ижро ҳужжатини ижро этиш ундирувчининг илтимосномасига асосан амалга оширилиши назарда тутилган.
МДҲ иштирокчи-давлатлар судларининг ҳал қилув қарорларни тан олиш ва ижрога қаратишда қўлланиладиган яна бир муҳим ҳужжат бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўртасида 2002 йил 7 октябрда Кишинёвда тузилган “Фуқаролик, оила ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Конвенция ҳисобланади.
Мазкур конвенциянинг 54-56-моддаларида иштирокчи давлатлар томонидан бошқа иштирокчи давлатнинг судлари ва адлия идораларининг ҳукмлари ва қарорлари тан олиниши ва ижро этилиши тартиби ҳақидаги қоидалар белгиланган.
Бундан ташқари, МДҲ иштирокчи-давлатлар судларининг ҳал қилув қарорларни тан олиш ва ижрога қаратишда қўлланиладиган яна бир халқаро ҳуқуқий ҳужжат бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўртасида 1993 йил 22 январда Минскда тузилган “Фуқаролик, оила ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Конвенция ҳисобланади.
Ушбу ҳужжатнинг 3-бўлим 51-55-моддалари бевосита иштирокчи давлатлар томонидан бошқа иштирокчи давлатнинг судлари ва адлия идораларининг ҳукмлари ва қарорлари тан олиниши ва ижро этилиши ҳақидаги қоидаларни тартибга солишга қаратилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, иқтисодий судлар томонидан МДҲ иштирокчи-давлатлар судларининг ҳал қилув қарорларни тан олиш ва ижрога қаратишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси билан бирга юқоридаги халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларининг қўлланилиши қонунчилик ҳужжатларининг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаши билан бирга, мамлакатимизда чет эл корхона ва ташкилотларининг ҳуқуқлари қонунчиликда белгиланган тартибда суд йўли билан ҳимоя қилиниши ҳамда давлатимизнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.
АСҚАР МАМАРАИМОВ,
Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси






