Коррупция қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари.

Халқ тилида соддагина қилиб – порахўрлик, кенг маънода коррупция, деб аталувчи ҳодиса барча ислоҳотлар илдизига болта уради. Коррупция нима ўзи?

Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Коррупция атамаси, энг аввало, сиёсий аппарат ходимларига нисбатан фойдаланиши одатий тусга кирган ва макроиқтисодий ривожланиш кўрсаткичига энг катта салбий тўлқинни олиб кирувчи омил айнан коррупция ҳисобланади. Унинг кўринишлари турлича бўлиши мумкин: порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик ва бошқалар.

Коррупциянинг келиб чиқиш илдизи қаерда? Унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, коррупцияга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган. Ўзига хос рейтинглар тузилиб, ҳар хил кўрсаткич ва рақамлар қайд этилган жадваллар яратилган. Ҳатто коррупциянинг хилма-хил кўринишидаги формулалари ҳам ишлаб чиқилган. Бироқ ҳанузгача, барча миллатлар учун қўл келадиган қарши курашда асқотадиган ягона ечим йўқ. Коррупция мавжуд бўлган ҳар қандай давлат бошқарувида, ҳар қандай жамиятнинг хаётида ривожланиш тараққиёт бўлмаслиги аниқ.

Коррупцияни юзага келтирувчи омиллар қуйидагилар бўлиши мумкин:

Икки хил маънони англатувчи қонунлар – ушбу вазият ҳуқуқни қўлловчи мансабдор шахс томонидан қонунларни турлича қўллаш имконини яратади.

Аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги – аҳоли томонидан қонунларни билмаслик ёки тушунмаслик мансабдор шахсга ўзининг шахсий манфаати йўлида қонунлардан фойданишга қулай шароит яратади.

Мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг нотинчлиги — мамлакатдаги нотинчлик биринчи навбатда аҳоли онгида ҳаётда юксак турмуш даражасига эришишнинг асосий усули қонунга хилоф фаолият билан боғлиқ, деган мутлақо ахлоққа зид нуқтаи назар шаклланишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида коррупцияга қулай шароит яратади.

Ижро ҳокимиятининг бирлиги тамойилинининг бузилиши – айнан битта фаолиятнинг турли инстанциялар томонидан тартибга солиниши: аҳолининг давлатни назорат қилишдаги суст иштироки, давлат секторидаги хизмат қилаётган хизматчилар даромадларининг хусусий секторда топиш мумкин бўлган даромадлардан камлиги, иқтисодиётнинг давлат томонидан тартибга солиниши, инфляциянинг юқори даражаси, мамлакат юқори бошқарув органларининг аҳолидан узилиб қолганлиги.

Жамиятда адолат ва қонун устуворлигини олий даражага кўтариш, замонавий, самарали давлат бошқарувини жорий этиш, давлат хизматчиларида коррупциявий ҳолатларнинг барча кўринишларига нисбатан қатъий муросасизлик руҳиятини шакллантириш, халқ манфаатларини сўзсиз таъминлаш каби юксак ғояларга таянилмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари тизимли равишда яратилмоқда.

Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 2.4-бандида коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш тадбирларининг самарадорлигини ошириш вазифалари белгиланганди. Уларни ижросини  таъминлаш учун 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ЎРҚ-419-сон-сонли Қонуни қабул қилинди.

Ушбу Қонунда бир қатор тушунчаларга изоҳ берилган: коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш; коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик – коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш; манфаатлар тўқнашуви – шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чо­ра-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6013-сонли Фармонига асосан, Коррупция­га қарши ку­рашиш агентлиги ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди. Унга мувофиқ, 2020-2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан, банкларда коррупцияга қарши ички идоравий назорат тизимлари бос­қичма-босқич жорий этилади.

Суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш ва унинг нуфузини ошириш, шунингдек фуқароларнинг судга бўлган ишончини орттириш муҳим вазифадир. Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Судьянинг дилида поклик, тилида ҳақиқат, онгида адолат бўлиши керак” дея айтган сўзлари ҳар бир судьянинг амалий фаолиятидаги дастуриламал бўлиши шарт.

Судья ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида кўнгли дили пок бўлиб, тили ҳақиқатдан ўзга нарсани сўзламаса, онгида ўз нафсини, ўз манфаатини давлат ва жамият, халқ манфаатидан устун қўйишни ўйламаса, у чинакам адолатни юзага чиқарган бўлади. Зеро, адолат – хукмрон, қонун – устувор бўлган мамлакат барқарордир.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ватанимизнинг эртаси порлоқ бўлиши, келажак авлоднинг яхши ҳаёт кечириши,  фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлиқ руёбга чиқариш учун барча биргаликда коррупцияга қарши курашиши лозим.

Санжар Аллабердиев

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси

Аббос Холмуминов

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси