КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири бўлиб, унинг ҳуқуқий асослари, ташкилий тузилмаси ва амалга ошириш стратегияси белгиланди.
Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига қўшилиши ислоҳотларнинг дастлабки муҳим қадами бўлиб, уни амалга оширишнинг миллий механизми сифатида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун, Президентнинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қонун ва қарорлар ўз навбатида мазкур салбий иллатга қарши курашишнинг самарали омили бўлиб, муҳим аҳамият касб этади.
Демократик қадриятлар қарор топиб бораётган бир вақтда давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этилиши ҳокимиятнинг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади. Коррупциянинг маълум бир мамлакатда ривожланиши эса ўша давлатнинг таназзулига олиб келади.
Коррупция бу – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади. Оддий халқ орасида коррупция деганда кўпинча давлат амалдорларининг шахсий бойлик орттириш ҳамда давлат, жумладан халқ манфаатлари ва ресурсларига зиён етказиш мақсадидаги порахўрлиги тушунилади. Гап хусусий соҳа тўғрисида кетаётган бўлса, унда одатда йирик кўламдаги порахўрлик ёки хусусий корхона мулкини талон-торож қилиш назарда тутилади.
Аслини олганда коррупция тушунчаси анчайин кенг бўлиб, қуйи табақадан тортиб токи юқори табақа вакилларигача бўлган аҳолининг деярли барча ижтимоий қатламлари, нафақат давлат, балки хусусий соҳаларни ҳам қамраб олади.
Мазкур тушунчага айнан нима киради?
Хусусан, Ўзбекистон қўшилган Коррупцияга қарши БМТ конвенциясида келтирилган таърифга кўра, коррупция давлат амалдорларига шахсан ёки бошқа шахслар орқали лавозим мажбуриятлари доирасида қандайдир ҳаракат ёки ҳаракатсизликни амалга ошириши учун мансабдор ва бошқа шахс учун ғайриқонуний бўлган имтиёз ваъда бериш, таклиф қилиш ёки тақдим қилиш ҳисобланади.
Коррупция лотинча “corruptio” – “емирилиш” деган маънони англатади. Этимологик жиҳатдан “коррупция” атамаси “бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатадиган “corruptio” сўзидан келиб чиққан. Юридик энциклопедия муаллифларининг таъкидлашича “коррупция-мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолиятдир”.
Коррупция ҳаракатларига: амалдор, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, суд, солиқ, божхона, таълим, тиббиёт ёки маъмурий муассасалар, шунингдек, ҳар қандай хусусий корхонанинг мансабдор шахсига пора бериш, маҳаллий ёки чет эл амалдори ва халқаро ташкилот амалдорини пора бериш орқали сотиб олиш, давлат мансабдор шахси томонидан мулкни талон-торож қилиш, ғайриқонуний ўзлаштириш ёки ундан ташқари бошқа мақсадда фойдаланиш, шахс томонидан шахсий бойлик орттириш ёки учинчи шахснинг бойиши мақсадида ўз обрўси ёки хизмат мавқеидан фойдаланиш, коррупция ҳаракатларидан даромад олиш, ошна-оғайнигарчилик ёки уруғ-аймоқчилик мисол бўла олади.
Ушбу иллатнинг илдизлари бир неча минг йилларга бориб тақалади. Дастлаб инсонлар бирор-бир мавқега эга бўлиш учун қабила бошлиғи ёки оқсоқолга совға-саломлар ҳадя қилишган. Қимматлироқ совға бу одамни бошқалардан ажратиб турган ва унинг илтимоси ёки талаби сўзсиз қондирилган. Қадим замонлардаёқ коррупцияга қарши қаттиқ жазолар белгиланганлигига қарамасдан, бу ҳамиша ҳам кўнгилдагидек натижа бермаган. Коррупциянинг дастлабки кўринишлари қадимги Шумер давлатида ҳам мавжуд бўлган бўлиб, ушбу иллатга қарши курашиш учун илк қонунлар ишлаб чиқилган. Қадимги диний китобларимиздан “Инжил”да, хусусан мусулмон оламининг муқаддас бўлган “Қуръон” китобида ҳам коррупциянинг илк кўриниши ҳақида сўз юритилиб, унда бировнинг ҳаққига ёки молига хиёнат қилиш қаттиқ қораланган.
Мамлакатимизда ҳам бу иллатга қарши кескин курашиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, 2017 йил 4 январда кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни бу жараёнда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, “Давлат харидлари тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Прокуратура тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар ҳам бевосита жамиятимизда коррупцияга чек қўйиш, таъмагирлик, таниш-билишчилик каби иллатларга барҳам беришни назарда тутади.
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, унинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш каби масалалар аниқ белгилаб қўйилган.
Шунингдек, мазкур қонунда коррупция, яъни порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда қонунни суиистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, истеъдодли кадрларни ўсишига тўсиқ бўлиш, инсон ҳуқуқларини бузиш ҳамда таъмагирлик қилиш каби жирканч ҳолатларга йўл қўйганлик учун қатъий жазо муқаррарлигини аниқ-равшан кўриш мумкин.
Давлатимиз томонидан коррупцияга қарши курашиш ва ушбу иллатни так томири билан қуритиш мақсади буйича олиб борилган ислоҳотлардан яна бир муҳим ва аҳамиятли кўриниши сифатида Ўзбекистон Республикаси Президетинининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига биноан бутунлай янги тузилма, яъни Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилганлиги десак муболаға бўлмайди.
Агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Агентлик ўз фаолиятини қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси палаталари олдида ҳисобдордир.
Агентлик зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган бўлиб, коррупция юқори бўлган соҳаларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат қилиш масалалари, давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий қилиш ҳамда декларациядаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш вазифалари шулар жумласига киради. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугунги глобаллашув даврида давлат ва жамиятнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишига тўсиқ бўлиб келаётган коррупция деб аталмиш салбий иллатнинг мавжудлиги барчамиз учун фавқулодда ҳолат деб баҳоланмоғи керак ҳамда ушбу жирканч иллатга қарши курашишни нафақат ҳар бир давлат хизматчиси балки, барча катта ва кичик ёшдаги фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятининг туб негизига сингдирилиши биз учун коррупциянинг уруғини қуритиш учун олға ташланган муҳим ва асосий қадам бўлади.
Н.Тўраева
Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси