КОРРУПЦИЯ-ГЛОБАЛ ИЛЛАТ.
Жамиятнинг ривожланиб бориши билан инсонлар ўртасида рақобат юзага келган ва бунинг оқибатида инсонлар ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда бир-бирига нисбатан ҳар хил қонуний ва қонунга хилоф усулларни қўллай бошлаган. Бу эса, ўз навбатида, коррупциянинг юзага келишига сабаб бўлган. Коррупциянинг ўзи нима? Коррупция шахснинг ўз мансаб ва хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.
Коррупцияга ва бошқа турдаги жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш кераклиги, уларнинг профилактикаси, қонунга хилоф ҳар қандай хатти-ҳаракатга жазонинг муқаррар эканлигини барчамиз яхши биламиз. Бу йўлда амалда кўплаб режалар, дастурлар, чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, зарур ишлар амалга оширилмоқда. Ахир, коррупцияни йўқ қилмасдан туриб ҳаётимизда адолат туйғусини қарор топтириб бўлмайди.
Коррупцияга қарши курашиш мақсадида 2017 йил 4 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни кучга кирди. Ушбу Қонун коррупцияга қарши курашиш учун янги босқични бошлаб, унга барҳам бериш учун муҳим шароит яратиб берди. Ушбу Қонуннинг тўлиқ амалга оширилиши учун қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Жамиятимизда коррупция тўғрисида нотўғри фикрлар кўплаб учрайди, фуқароларимизнинг аксарияти коррупция деганда фақатгина пора бериш ва пора олишни тушунишади, холос. Ушбу ҳолат фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада оширишни ва уларнинг ҳуқуқий онгида бу тушунчага нисбатан фикрларнинг имкон қадар мукаммал шаклланишига шароит яратиш лозимлигини кўрсатади. Қолаверса, ҳар бир шахс ўзининг жамиятдаги ўрни, хатти-ҳаракати қанчалик муҳим аҳамият касб этишини ўзида масъулият билан ҳис этган ҳолдагина, коррупцияга қарши курашишда самарали натижага эришса бўлади.
Ҳар бир фуқаро коррупция жиноятларига гувоҳ бўлганида, бундай ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қўрқмасдан хабар бериши лозим. Шунингдек, юқорида таъкидлаб ўтилган Қонун эса, коррупцияга гувоҳ бўлган шахсларнинг ҳимоя қилинишини таъминлайди. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг давлат ҳимоясида бўлиши кафолатланган ҳамда ахборот бераётган шахсларни таъқиб этиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.
Давлатимизда коррупцияга қарши курашишни янада кучайтириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилган бўлиб, мазкур комиссиянинг асосий вазифаларидан бири коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этишдан иборатдир. Шунингдек, ушбу комиссия коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради ва ҳамкорлигини таъминлаб беради. Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини кучайтириш мақсадида 2020 йил 29 июндаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, яъни коррупцияга қарши курашишдаги махсус давлат органи ташкил этилди. Мазкур Агентликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларидан бири фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалаларига оид ахборотларни тарқатиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитишни ташкил этиш орқали жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш ҳисобланади.
Коррупция деб аталмиш иллатни йўқ қилмасдан туриб эса, бирон-бир соҳанинг ривожланишига эриша олмаймиз.
Хулоса қилиб айтганда, коррупция — жамият тараққиёти учун жуда хавфли жиноят бўлиб, давлатни ич-ичидан емириб боради, халқни хонавайрон этади. Давлат ва жамиятда соғлом муҳитнинг қарор топиши, мамлакатнинг барқарорлиги, тинчлиги ва тараққиёти учун хавф солади. Адолат қарор топган демократик фуқаролик жамиятида яшамоғимиз учун нафақат давлат органлари, идораларида фаолият юритаётган ходимлар ва раҳбарлар, балки, ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз, коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз эканлигини англашимиз зарур.
Барчанинг коррупцияга қарши курашиш йўлида бир мақсад сари бирлашиб, ҳаракат қилиши, давлатимиз тақдирига бефарқ қарамаслиги ҳар қандай кўринишдаги коррупциянинг барҳам топишига хизмат қилади.
Дилором Алмуратова
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси