“КОНСТИТУЦИЯ” АТАМАСИНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ

Академик Акмал Саидовнинг 2018 йили чоп этилган “Ўзбекистон Конституцияси тарихи” номли китобида баён этилишича, “Конституция” атамаси ҳуқуқий тушунча сифатида узоқ йиллар давомида турлича маъноларда қўллаб келинган. Аслида “constitution” сўзи лотинча бўлиб, “тизим, тартиб ўрнатиш, барпо этиш, ташкил қилиш” деган луғавий мазмунларни беради. Рим империяси даври қонунчилигида “конституция” атамаси императорнинг турли хил фармойишларини, яъни ҳуқуқ манбалари ҳисобланган эдиктлар, мандатлар, декретлар, рескриптлар ва бошқа шу каби ҳужжатларни англатган бўлса, кейинчалик узоқ давр мобайнида у “статус” сўзининг маънодоши сифатида қўлланилган.

Мисол учун, Рим императори Каракалла 212 йилда эълон қилган эдиктлардан бири шундай, яъни “статус” деб номланган бўлиб, мазкур ҳужжат пилигримларнинг, демакки Рим ҳокимияти истило этган мамлакатлар ва ҳудудлар аҳолисининг ҳуқуқларига бағишланган.

Ўрта асрларга келиб айрим диний ҳужжатларни конституциялар деб аташ расм бўлган. Буюк француз инқилобидан кейинроқ, 1790 йил 12 июлда “Руҳонийларнинг фуқаролик конституцияси” (“Constitution civil du clerge”) деган қонун қабул қилинган. Ўрта асрларда баъзан феодалларнинг имтиёзлари ва эркинликларига доир турлича ҳужжатлар ҳам “конституция” деб юритилган. Ҳозирги кунга яқинроқ даврларга назар солинса, Халқаро меҳнат ташкилотининг низоми (устави) “конституция” номи билан аталганини кузатиш мумкин.

Дунё миқёсида “конституция” атамасининг ҳозирги маъносида талқин этилишида АҚШнинг 1787 йилги Конституцияси алоҳида аҳамият касб этди. Зотан, у инсоният тарихида биринчи ёзма Асосий Қонун бўлиб, бундан 238 йил илгари қабул қилинган.

Ўтган даврда АҚШ Конституцияси ўзига хос американча конституциявий тажрибани мужассам этибгина қолмай, балки замонавий Конституция ва конституцияшунослик мактабига асос солди. Конституция тушунчасини очиб беришда унинг моҳияти муҳим аҳамият касб этади. Турли мамлакатларда турли ҳуқуқий оқимлар вакиллари Конституция моҳиятини турлича таърифлайдилар. Масалан, табиий ҳуқуқ мактаби вакиллари Конституция – халқ (миллат)нинг умумий иродасини ифодаловчи ўзига хос ижтимоий шартномадир, дейдилар. Норматив ҳуқуқ назарияси вакиллари эса, Конституция бу олий ҳуқуқий норманинг ифода этилишидир, деб тушунадилар.

РУФАТ БЕГИМОВ,

Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси