КЕНГАШ РАИСИ ВИЛОЯТ СУДЛАРИ СУДЬЯЛАРИ БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎТКАЗДИ
Бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Хомўмин Ёдгоров Сурхондарё вилоят судлари судьялари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Тадбир аввалида куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти фармойиши билан Сурхондарё вилоят суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига тайинланган Зоир Аманович Рустамов таништирилди.
Айтилдики, юксак лавозимга муносиб кўрилмоқ, аввало, катта ишонч, бундай ишонч жамиятда ижтимоий адолатни таъминлашдек шарафли бурчни ҳалол меҳнат ва фидоийлик билан амалга ошириш орқали оқланиши лозим. Ушбу таъкид нафақат янги тайинланган судлов ҳайъати раиси, балки барча судьяларга бирдек тааллуқли. Зеро, судьялик мақоми ушбу лавозим эгасидан нафақат иш фаолиятида, балки ишдан ташқари пайтда ҳам намунали хулқи ва ҳалол-поклиги билан ибрат бўлмоғини талаб қилади.
Очиқ мулоқтда фуқаролар ва юридик шахсларнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали самарали ҳимоя қилиш, ягона суд амалиётини шакллантириш, Судьялар одоби кодекс қоидаларига қатъий риоя этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, судьяларнинг юксак муомала маданияти фуқароларнинг судга бўлган ишончини янада оширишда алоҳида аҳамият касиб этиши таъкидланди.
Шунингдек, меҳнат ва ижро интизомига риоя этиш, суд ҳокимиятининг обрўйи ва нуфузини сақлаш тизимнинг ҳар бир вакили бурчи экани, бунинг учун судья деган мақомга доимо лойиқ бўлиш қайд этилди. Судьялар одоби кодекси ва судьлик қасамёдини бузгани учун тизимдан четлатилган айримларнинг қисмати бошқалар учун сабоқ бўлиши, мақомига номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этганлар билан асло муроса қилиб бўлмаслиги аниқ мисоллар билан тушунтирилди.
Мулоқот якунида сўз олганлар суд ҳокимиятининг обрўйи ва нуфузини сақлаш ҳар бир судья ва ходимнинг мажбурияти эканлигини қайд этган ҳолда, тизимнинг барча вакиллари судьянинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзини тийишлари шартлигини таъкидладилар.
АСҚАР ҚУДРАТОВ,
Сурхондарё вилоят суди Жамоатчилик ва
оммавий ахборот воситалари билан
алоқалар бўйича бош консультанти