КЕЛИНИНИ ДЎПОСЛАГАН ҚАЙНОҒА

Бердибой бироз кўча айланиб, улфатлари билан ширингуфторлик қилиб, кечки пайт уйига қайтди. Уйга кириб ҳовлида уй-ишларини қилиб юрган келинига кўзи тушди. У бир паст қаққайиб турдида ўзича келинини камситиб, сўка бошлади.

Шунча ҳақоратли ширин гапларни эшитсада, келини у томон бурилиб ҳам қарамади. Уни бундай “нордон” гапларини келини Дилором кун ора эшитиб “аллергияси” ҳам чиқмай қолган.

Қайноғаси у томон келаётганини кўрсада ўз ишини қилаверди. Келини томон яқинлашган Бердибой келини Дилоромни тарсакилаб юборди. Тўсатдан тушган тарсаки зарбидан ерга чўккалаб йиқилган келинини ўнг келган жойига тепди, муштлади. Пичоқ охири суякка бориб етди. Бир деди, ўн деди, охири кўринавермагач, келини Дилором қайноғаси Бердибой устидан арз қилди.

Икки томон ўрганилиб, ҳужжат судга оширилди. Келини қайноғасига қонуний чора кўрилишини сўради.

Бундай бўлишини қайноғаси сира ҳам кутмаган чоғи, келинидан кўз ёш қилиб, тиз чўкиб ялинишга тушди. Бу вақт эса суд ўз қарорини чиқариб бўлган эди. Бердибой Ғуломовга тилини тиёлмагани учун ўн баравар, қўлини ножўя ҳаракатига тўрт баравар белгиланган жарима тайинланди.

И.Абраев

Жиноят ишлари бўйича

Олтинсой туман суди раиси