ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА СУДЛОВГА ТЕГИШЛИЛИК

Судловга тегишлилик деганда ҳудудийлик тушунилади. Масалан, иқтисодий судларда жавобгарнинг манзили бўйича ёки икки ёки ундан юридик шахслар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ низони кўриб чиқувчи ҳудуд тушунилади.

Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 5-бобида батафсил маълумот берилган. Унга кўра Юридик шахсларга нисбатан даъволар улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.

Юридик шахсларга нисбатан уларнинг алоҳида бўлинмалари фаолиятидан келиб чиқадиган даъволар алоҳида бўлинмалар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.

Фуқароларга нисбатан даъволар улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.

Яна бир жиҳати борки, унга кўра даъвогарнинг танлови билан судни ҳудуд бўйича ўзи танлаши мумкин. Иқтисодий процессуал кодексининг 34-моддасига мувофиқ, турли ерларда жойлашган бир неча жавобгарга нисбатан даъволар даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгарлардан бири давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.

Давлат рўйхатидан ўтган жойи номаълум бўлган жавобгарга нисбатан даъволар унинг мол-мулки жойлашган ердаги ёки унинг маълум бўлган охирги жойлашган еридаги судга тақдим этилиши мумкин. Шу билан бирга, кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги даъволар, кўчмас мулк ҳақидаги низолар, шу жумладан кўчмас мулкни бошқа шахснинг ғайриқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги ёхуд мулкдорнинг ёки мол-мулкнинг бошқа қонуний эгасининг ҳуқуқлари эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бузилишини бартараф этиш ҳақидаги ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги бошқа даъволар кўчмас мулк жойлашган ердаги судга тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган ва бошқа давлат ҳудудида турган жавобгарга нисбатан даъволар даъвогар жойлашган ерда ёки жавобгарнинг мол-мулки жойлашган ерда тақдим этилиши мумкин.

Ижро этиш жойи кўрсатилган шартномадан келиб чиқадиган даъволар мажбурият ижро этиладиган жой бўйича тақдим этилиши мумкин.

Йирик инвестор бўлмаган инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъволар жавобгар жойлашган ердаги туман (шаҳар), туманлараро иқтисодий судга ёки Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига тақдим этилиши мумкин.

Ташувчига нисбатан йўловчилар, багаж ва юкларни ташиш шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар, шу жумладан, агар жавобгарлардан бири ташувчи бўлса, транспорт ташкилотининг органи жойлашган ердаги судга тақдим этилади.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ҳакамлик суди жойлашган ердаги иқтисодий судга берилади.

Ҳакамлик судида кўрилаётган даъвони таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги, шунингдек ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ҳакамлик суди жойлашган ердаги ёки қарздор давлат рўйхатидан ўтган жойдаги ёхуд агар қарздор давлат рўйхатидан ўтган жой номаълум бўлса, унинг мол-мулки турган жойдаги иқтисодий судга берилади.

Арбитрни тайинлаш, арбитрни рад этишни қаноатлантириш, арбитр ваколатларининг амал қилишини тугатиш хусусида қарор қабул қилиш, арбитраж судининг юрисдикцияси масаласи юзасидан қарорлар қабул қилиш, далилларни олишга кўмаклашиш, шунингдек арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза арбитраж жойлашган ердаги иқтисодий судга берилади.

Таъминлаш чораларини тан олиш ва ижрога қаратиш, арбитраж судида кўрилаётган даъвони таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги ариза арбитраж жойлашган ердаги ёки қарздор давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги ёхуд, агар қарздор давлат рўйхатидан ўтказилган жой номаълум бўлса, унинг мол-мулки турган жойдаги иқтисодий судга берилади.

Қарши даъволар дастлабки даъво кўрилаётган жойдаги судга тақдим этилади.

Нурали Эргашов

Сурхондарё вилоят суди девонхона катта консультанти