ИЖРО ХАТИ НИМА ВА У КИМ ТОМОНИДАН БЕРИЛАДИ?

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 13 январдаги
2-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Низомга кўра, ижро хати нотариуслар томонидан берилиши белгиланди.

Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси билан келишилган ва 2026 йил 1 мартдан эътиборан кучга киради.

Нотариус томонидан ижро хати нотариал идора биносида, видеоконференцалоқа орқали, электрон шаклда ёки мурожаат қилувчиларнинг хоҳишига кўра нотариал идора биносидан ташқарида (сайёр тартибда) ёзилади.

Низомнинг 25-бандига кўра, ижро хати тақдим этилган ҳужжатлар қарздорнинг ундириб олувчидан қарздор эканлиги ёки бошқа мажбуриятини шубҳасиз тасдиқласа, мажбурият бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаганда даъво қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт ўтган бўлмаса ёзилади. Агар ижро хати бериш ҳақидаги талаб учун қонунчиликда бошқа муддат белгиланган бўлса, ижро хати шу муддат ичида берилади.

Низомнинг 26-бандига кўра, нотариуслар томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир минг бараваригача бўлган қуйидаги фуқаролик-ҳуқуқий низосиз талаблар бўйича ижро хати ёзилади: нотариал тасдиқланган битимларга асосланган талаб; ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб; ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар.

Ижро хати, агар қонунчиликда бошқа муддат белгиланган бўлмаса, у ёзилган кундан бошлаб уч йил муддат ичида мажбурий ижро учун тақдим этилиши мумкин.

Ижро хатини тақдим этишнинг ўтказиб юборилган муддатини, шунингдек ижро хати бўйича ундиришни тиклаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Нотариус ижро хатини ёзгандан сўнг уни ундирувчи ва қарздорга (унинг оила аъзоларидан бирига) топшириши ёки уларга почта ёхуд бошқа алоқа воситалари орқали, шу жумладан ижро хати жўнатилганлиги ва қабул қилиб олинганлиги фактини қайд этиш имконини берувчи воситалардан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёки мобил телефонга (мавжуд бўлганда) юборади.

Ундирувчининг илтимосига кўра, қарздор томонидан ўн кун ичида ижро хатини ёзган нотариусга шикоят келиб тушмаган тақдирда ижро хати Тизимда нотариуснинг QR-кодли (матрик штрихли кодли) имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида қарздорнинг яшаш жойидаги, агар қарздор юридик шахс бўлса, унинг жойлашган еридаги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг тегишли бўлинмасига мазкур муддат ўтгандан сўнг ижро учун юборилади.

РУФАТ БЕГИМОВ,

Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси