«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим омили сифатида.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида белгиланган ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқи амалдаги қонунларда тўлиқ ёритилган. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашни мунтазам такомиллаштириб бориш давлат органларининг, шу жумладан судларнинг бевосита муҳим вазифаларидан биридир.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг жадал амалга оширилиши амалдаги қонун ҳужжатларини ҳам такомиллаштириш вазифасини юзага келтирмоқда. Шу боис қонунчилик ижодкорлиги бу борада алоҳида аҳамиятга эгадир.
Республикамизда 2014 йил 3 декабрь куни «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Бугунги кунгача фуқаролар мурожаати 2002 йил 13 декабрда қабул қилинган “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири асосида тартибга солинар эди. Аммо ушбу қонунда юридик шахсларнинг мурожаати борасида қоидалар белгиланмаган. Шунингдек, электрон мурожаатлар ҳам назарда тутилмаган эди.
Ушбу янги қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар ва юридик шахсларнинг тегишли давлат органлари ва мансабдор шахсларга йўлланган мурожаатларини қонуний, адолатли ва ўз вақтида кўриб чиқилишига асос бўлиб хизмат қилади.
Ушбу қонуннинг мақсади – фуқароларнинг давлат органларига мурожаат этиши тартибини янада такомиллаштиришдан, шунингдек, юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришдан иборат.
Замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва технологияларидан фойдаланиб, мурожаатларни киритиш имкониятининг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши ушбу қонуннинг муҳим жиҳатидир. Умуман олганда, ушбу ҳужжатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатлари мавжуд. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ушбу соҳадаги ишини сифат жиҳатидан юқори даражага кўтариш имконини беради.
Шунингдек, ушбу қонуннинг амал қилиши инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти ҳамда ҳуқуқий тарбиясини ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида хизмат қилади.
Вохиджон Норбеков
Жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман судининг раиси
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти