ЖИНОЯТ ҚОНУНЧИЛИГИДА ЖАЗО ТАЙИНЛАШНИНГ УМУМИЙ АСОСЛАРИ

Жамиятимизда судлар томонидан жазо тайинлашда судланувчининг шахси, айбнинг шакли ва даражасини, қилмишнинг бошқа хусусиятларини ифодаловчи ҳолатларни инобатга олиб жазо тайинланади.

Суд томонидан жиноят содир этишда қонунда белгиланган тартибда айбли деб топилган шахс жазога тортилади. Суд Жиноят кодекси махсус қисмининг жиноят содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилган моддасида белгиланган доирада Жиноят кодекиси Умумий қисмнинг қоидаларига мувофиқ жазо тайинлайди.

Судлар томонидан жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, қилмишнинг сабабини, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини, айбдорнинг шахсини ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 55,56-моддаларида судлар томонидан жазо тайинлашнинг енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлари келтириб ўтилган. Унга кўра, қуйидаги ҳолатлар жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топилади:

а) айбни бўйнига олиш тўғрисида арз қилиш, чин кўнгилдан пушаймон бўлиш ёки жиноятни очиш учун фаол ёрдам бериш;

б) етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилиш;

в) оғир шахсий, оилавий шароитлар оқибатида ёки бошқа мушкул аҳволда жиноят содир этиш;

г) мажбурлаш ёки моддий томондан, хизмат жиҳатидан ёхуд бошқа жиҳатдан қарамлик сабабли жиноят содир этиш;

д) жабрланувчининг зўрлик, оғир ҳақорат ёки бошқача ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келган кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида жиноят содир этиш;

е) зарурий мудофаанинг, охирги заруратнинг асосли чегарасидан четга чиқиб жиноят содир этиш, ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлашда, касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ бўлган асосли таваккалчиликда зарар етказиш;

ж) вояга етмаганнинг жиноят содир этиши;

з) ҳомиладор аёлнинг жиноят содир этиши;

и) жабрланувчининг ғайриқонуний ёки ахлоққа зид хулқ-атвори таъсири остида жиноят содир этиш.

Жазо тайинлашда суд ушбу моддада назарда тутилмаган бошқа ҳолатларни ҳам енгиллаштирувчи ҳолат деб топиши мумкин.

Енгиллаштирувчи ҳолат Жиноят кодекс Махсус қисмининг моддасида жиноят таркибининг зарурий белгиси сифатида назарда тутилган бўлса, жазо тайинлашда ҳисобга олинмайди.

Қуйидаги ҳолатлар эса жиноят содир этиш жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб топилади:

а) ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;

б) ёш бола, қария ёки ожиз аҳволдаги шахсга нисбатан;

в) хизмат вазифаси ёки фуқаролик бурчини бажарганлиги муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан;

г) айбдорга моддий томондан, хизмат жиҳатидан ёки бошқа жиҳатдан қарам шахсга нисбатан;

д) ўта шафқатсизлик билан;

е) кўпчилик учун хавфли бўлган усулда;

ж) ёш бола ёки руҳий ҳолатининг бузилганлиги айбдорга аён бўлган шахсдан фойдаланган ҳолда;

з) жиноят натижасида оғир оқибатларнинг келиб чиққанлиги;

и) умумий офат шароитидан фойдаланган ҳолда ёки фавқулодда ҳолат вақтида ёхуд оммавий тартибсизликлар жараёнида;

к) ғаразли ёки бошқача паст ниятларда;

л) ирқий ёки миллий душманлик ёхуд адоват замирида;

м) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда ёки уюшган гуруҳ ёхуд жиноий уюшма томонидан;

н) илгари ҳам қасддан жиноят содир этган шахснинг такроран ёки қасддан янги жиноят содир этиши;

о) мастлик ҳолатида ёки гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кишининг ақл-идрокига таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсири остида жиноят содир этиш.

Суд содир этилган жиноятнинг хусусиятини эътиборга олиб, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолатларни оғирлаштирувчи ҳолат деб топмаслиги ҳам мумкин.

Суд жазо тайинлашда ушбу моддада назарда тутилмаган ҳолатларни оғирлаштирувчи ҳолат деб топиши мумкин эмас.

Ушбу ҳолатлар Кодекс Махсус қисмининг моддасида жиноят таркибининг зарурий белгиси сифатида назарда тутилган бўлса, жазо тайинлашда ҳисобга олинмайди. Демак, суд томонидан айбдорнинг шахси, айбининг шакли ва даражаси, жиноят қилиш шароити ва сабаблари, шахснинг жиноятни содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атворини ифодаловчи ва бошқа ҳолатларни инобатга олиб, судланувчига нисбатан жазо тайинлаши мумкин.

Б.Нормуродов

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси