ЖИНОЯТГА ЖАЗО МУҚАРРАР
Жиноят ишилари бўйича Бойсун туман суди томонидан Абдулла Бекчанов (исм-фамилия ўзгартирилган) томонидан ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган видеоматериални интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб тарқатганлик ҳолати юзасидан жиноят иши кўриб чиқилди.
Иш тавсилотларига кўра, Абдулла Бекчанов ўзининг қўл телефонида “Instagram” ижтимоий тармоғи орқали номаълум ижрочига тегишли бўлган жиход ва ҳижратга ундовчи “Тўсманг мени бу йўлимдан, ҳижрат қилай жон онажон” номли давомийлиги 0:29 дақиқалик видеоматериални жойлаштириш орқали ўзида мавжуд 27 нафар обуначилари ва 798 нафар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида тарқатган. Шу каби, Абдулла Бекчанов “Телеграмм” ва “Instagram” ижтимоий тармоқларидаги ўзининг профиллари орқали Бойсун туманида яшовчи фуқаро билан ўзаро диний мавзуларда ёзишмалар олиб борган ва ушбу шахс томонидан бир нечта таъқиқланган диний мазмундаги материалларни унга ташлаб бериб, телеграмм ижтимоий тармоғидаги “Nashida” номли телеграмм каналига аъзо бўлиб, ушбу каналдан “Akhi Antahur-Run” номли давомийлиги 6:25 дақиқалик диний мазмундаги аудиоматериларни ўзида сақлаб келган.
Бу ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан аниқланиб, Абдулла Бекчановга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят иши доирасида олиб борилган тергов ҳаракатлари якунланиб, иш судга оширилди.
Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судида Абдулла Бекчанов ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган видеоматериални Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб тарқатганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244/1-моддаси 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди, суд унинг айбига иқрор ва қилмишидан пушаймонлиги, ёшлигини, муқаддам судланмаганлиги, маҳалласи раиси ва бир гуруҳ маҳалла фаоллари ҳамда депутатнинг илтимосномалари, шунингдек кафолат хатларини инобатга олиб, инсонпарварлик ва одиллик принципларига риоя қилган ҳолда, озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Шу ўринда фуқароларимиздан Интернет тармоқлари орқали тарқатаётган материаллари, айнан тақиқланган ёки тақиқланмаганлигини билмасдан туриб тарқатмасликка чақириб қоламиз. Зеро қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди.
Аббос Рахматов
Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман суди раиси