ЕР УЧАСТКАСИНИ ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ЭГАЛЛАБ ОЛИШ БУ ЖИНОЯТ

Биламизки, ер-ризқ рўз манбаи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 16-моддасида “Ер умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланилиши лозим ва у давлат томонидан муҳофаза этилади деб белгилаб қўйилган. Шунингдек, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан амалга оширилган ер участкалари олди-сотдиси, уларни ҳадя қилиш, гаровга қўйиш (ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини, шу жумладан ким ошди савдоси асосида олинган шундай ҳуқуқни, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш бундан мустасно), ер участкаларини ўзбошимчалик билан айирбошлаш ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Ваҳоланки, бундай битимларни амалга оширишда айбдор шахслар қонунга биноан жавобгар бўладилар.

Энди эса бир жиноят тавсилотига тўхталсак.

Музработлик Тўхта Омонов (исм-фамилия ўзгартирилган) 2023 йил май ойида туманнинг “Дуоба” маҳалласи “С.Сатторов” массивида жойлашган фермер хўжалиги ер майдонига қарашли бўлган 674Қ-дала контуридаги тупроқ унумдорлиги 43-балл бонитетли бўлган ер майдонидан 0.018га ўлчамдаги суғориладиган экин ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ушбу ер майдонидан беш хонали яшаш учун уй-жой пойдевори ва уч хонали ошхона биноси ҳамда қўшимча хўжалик хоналарини қуриб олиб, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 90-моддаси талабларини қўпол равишда бузган.

Тўхта Омонов ўзининг бу ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2291-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган.

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида бўлиб ўтган очиқ судда судланувчининг жиноят содир этганликдаги айби, ўзининг айбига иқрорлик билдириб берган суддаги кўрсатуви, дастлабки тушунтириш хатлар, унинг терговдаги ва суддаги кўрсатувлари ҳамда ишда тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз тасдиғини топган.

Шу каби, суд томонидан Тўхта Омоновга нисбатан жазо тури ва меъёрини белгилашда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли Қарорининг 1-бандида судларнинг эътибори жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилиб, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Хулоса шуки, ўзбошимчалик билан эгалланган ер бир қатор салбий оқибатларга олиб келганлиги билан бир қаторда, унга суд томонидан жазо муқаррарлиги таъминланди.

ИКРОМЖОН ШАЙМАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси