Гиёҳвандлик иллатини тарқалишини олдини олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир

очерк
Ҳеч кимга сир эмаски гиёҳвандлик иллати бугунги кунда ҳаммамизга ташвиш бўлмоқда. Инсон учун энг бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига, имон-эътиқодига хавф-хатар солиш билан бир қаторда мустақил мамлакатимиз ривожланиши ва тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.
Фикримизни бир жиноят тафсилотига қаратсак.
Термизлик Хасан Қулбоев (исм-фамилия ўзгартирилган) эндигина 23 ёшда, ҳеч қаерда ишламайди, аниқроғи ишлашга ҳам улгурмаган. Унинг гиёҳвандлик моддасини қонунга ҳилоф равишда сақлаб келаётганлиги ҳақидаги Термиз шаҳар Ички ишлар бўлимига маълумот келиб тушади. Шундан сўнг тезкор ходимлар олинган маълумот ва “Х” исмли шахснинг аризасига асосан 2025 йилнинг 9 сентябрь куни “Ўзбекистон” маҳалласи ҳудудида тезкор тадбир ўтказилади. Шартли равишда тадбирга жалб этилган “Х” исмли шахснинг бошқарувида бўлган “Тracker 2” русумли автомашинасининг бар қисмига Хасан гашиш гиёҳвандлик моддасини қолдириб, шу ердаги савдо маркетига сигарет олиш учун тушиб кетади.
Хасан савдо маркетида чиқиб келганидан сўнг ёнига тезкор ходимлар келишиб, тезкор тадбир бўлаётьганини маълум қилиб, автомашина ичидаги бардан унга тегишли бўлган гашиш гиёҳвандлик моддасисини холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олишади.
Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг очиқ сайёр суд мажлисида судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тингланиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, тарафларнинг музокара нутқларини муҳокама қилиб, суд Хасан Қулбоевга нисбатан ўз ҳукмини эълон қилди.
Эндигина 23 ёшни қаршилаган Хасан Қулбоевнинг бу қилмиши унинг 3 йил 6 ойга озодлигини чеклашига етаклади. Яна ҳам суд ҳукми билан жазони ўташ жойларида унга наркомания касаллигига қарши мажбурий тиббий даволаш чорасини ҳам қўлланилди.
Таъкидлашимиз керакки, инсон ҳаётига хавф туғдирадиган, айниқса, ёшлар ҳаётига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар биримизнинг муҳим ишларимиздан бўлмоғи керак. Зеро, миллатимиз, динимиз, яшаётган жамиятимиз учун зарарли бўлган гиёҳвандлик иллатини йўқотиш ва бу иллатни тарқалишини олдини олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
ОЙБЕК ЖУМАНОВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси






