Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш.
Мамлакатимизда вояга етмаганлар ҳуқуқ-эркинликларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини муҳофаза этиш, энг асосийси, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Вояга етмаганлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилгани самарали ижтимоий ҳимоя тизимини жорий этиш ҳамда ёшларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда. Айни пайтда мамлакатимиз аҳолисининг 40 фоизини вояга етмаганлар ташкил этади. Ушбу кўрсаткичнинг ўзиёқ масала нечоғли долзарб аҳамиятга эга эканидан дарак беради. Бу жараёнда ота-она, маҳалла-кўй, таълим муассасалари, умуман, кенг жамоатчилик зиммасига улкан масъулият юкланади.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш барча даврларда ҳам давлатнинг жиддий ва муҳим масаласи ҳисобланиб келинган. Инсон тинч ва хотиржам яшашни ҳоҳлайди. Тинчлик бўлган жойда барака ва ривожланиш бўлади. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида Ўзбекистоннинг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги мақсадлари аниқ ва равшан баён этилди.
Ҳаммамизнинг олдимизда турган муҳим масала бу ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш. Чунки, ёшлар бизнинг келажагимиз. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ёшлар ўртасида турли хил иллатларни олдини олиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида салмоқли ишларни амалга оширилмоқда. Хусусан, мустақиллик қўлга киритилганидан 3 ой ўтмасдан, яъни 1991 йил 20 ноябрда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. 2016 йилга келиб “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Бундан ташқари, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди, қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди.
Парламентнинг ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида, яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси тузилди ва ўзининг фаолиятини бошлади. Ёшларнинг, айниқса уюшмаган, иш билан банд бўлмаган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратишга, бандлигини таъминлашга, ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантиришга, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишга кўмаклашиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш бўйича таклифлар киритиш ушбу комиссиянинг асосий вазифаларидан бири қилиб белгиланди.
Шу билан бирга, ёшлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни турли мафкуравий таҳдидлар ва ёт ғоялар таъсиридан асраш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ёшлар бандлигини таъминлашга оид масалалар қамраб олинган. Масалан, интернет клублар фаолиятини тартибга солиш, уларнинг кечки соат 22.00 дан кейинги фаолиятини чеклаш зарурати каби масалалар шулар жумласидандир. Шу боис бу ишга масъул бўлган давлат идоралари, ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари, вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи комиссиялар фаолияти самарадорлиги ҳамда масъулиятини янада ошириш лозим.
Президентимиз ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни мамлакатимизда Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш профилактика куни сифатида белгилангани болаларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, ўсмирлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг оддини олиш тизимини мустаҳкамлаш, ота-оналар ҳамда васийлик органларининг масъулиятини ошириш борасидаги ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим йўналиш бўлди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, оила, таълим муассасалари ва кенг жамоатчилик зиммасига вояга етмаганлар ҳуқуқбузарлиги ва жиноятчилигининг олдини олиш, ҳудудларда вояга етмаганларнинг маънавий, ахлоқий, ҳуқуқий, эстетик, жисмоний, меҳнат тарбиясида иштирок этиш, уларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга кўмаклашиш, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтиб келган вояга етмаганларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига ёрдам бериш вазифалари юклатилди.
Хулоса қилиб айтганда, жойларда ёшларни соғлом ва комил инсон қилиб ўстириш ва тарбиялаш, уларнинг спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланиши учун барча шароитни яратиб бериш, бўш вақтларидан унумли фойдаланиши учун кутубхоналар ташкил этиш борасида турли жамоат ва давлат ташкилотлари вакиллари, маҳаллалар фаоллари билан ҳамкорликда самарали иш олиб борсак, ҳар томонлама билимли, юксак манаъвиятли ёшларимиз яқин ва узоқ истиқболда мамлакат ва халқимиз ҳаётининг ривожланиши учун бор куч-ғайрат ва салоҳиятини аямайди.
Музаффар Ҳакимов
Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг раиси