БОҒ ИЧИДА КЎМИБ САҚЛАНГАН ОҒУ

очерк

Мамлакатимизда гиёҳванд моддалар ноқонуний айланишининг олдини олиш борасида профилактик тадбирлар ўтказилаётган бўлса-да, баъзилар оғу савдосига қўл ураётгани ташвишланарлидир. Сариосиёлик Адхам Турдиев (исм-фамилия ўзгартирилган) ўзига  тўғри йўлни танлаш ўрнига мўмай даромад топиш илинжида бўлади.

Адхам 2025 йил май-июнь ойларидан бошлаб “гашиш” гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилиб келар эди. Ўзининг танишидан олган гиёҳвандлик воситасини бир қисмини истеъмол қилиб, қолганини уйидаги боғ ичида кўмиб сақлаб келади. Адхамнинг уйдагилари эса унинг бу қилмишидан бехабар эди. Кунларнинг бирида унга Сариосиё туманида яшовчи таниши телефон қилиб, “ука, сен тоғда яшайсан, “чарс” гиёҳвандлик воситаси сотадиган танишинг йўқми, олмоқчиман” дейди, шунда у ўзида танишидан олган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлигини айтганида, телефон қилган таниши сотиб олишлигини билдириб, уни туман марказига чақиради. Адхам уйидаги оғуни шимини чўнтагига солиб йўлга отланади.

Гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиб ўтказишни мақсад қилган Адхам ёнида бўлган оғуни 500.000 сўмга сотган вақтида тезкор ходимлар томонидан ушланиб, ундан олиб келган оғуси ашёвий далиллар ҳужжатлаштириб олинади.

Жиноят ишлари бўйича Узун туман судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тингланиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, тарафларнинг музокара нутқларини муҳокама қилиб, суд оғуфуруш Адхам Турдиевга нисбатан ўз ҳукмини эълон қилди.

Эндигина 21 ёшни қаршилаган Адхам 7 йил панжара ортига равона бўлди. Албатта, жиноятга жазо муқаррар.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, инсон ҳаётига хавф туғдирадиган гиёҳвандлик иллатини йўқотиш ва бу иллатни тарқалишини олдини олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

ФАРХОД МИРЗАКУЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди раиси