Бош Қомусимиз – барча ютуқ ва муваффақиятларимизнинг ҳуқуқий асосидир.
Давлатимиз мустақилликка эришган илк йилларидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш масаласи асосий вазифалардан бири этиб белгиланиши натижасида, 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган. Давлатимизнинг Асосий Қонуни бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақиллик йилларида ҳаёт синовидан ўтиб, миллий давлатчилик ва унинг демократик тамойиллари асосида қурилган сиёсий ҳамда иқтисодий тизимни шакллантиришнинг ҳуқуқий пойдевори вазифасини ўтаб келмоқда.
Конституция ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш ҳар қандай жамият тараққиётида энг муҳим омиллардан биридир. Қонун устувор бўлган жамиятда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан чиқарилаётган ҳужжатлар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари Конституция ва қонунларга мувофиқ бўлади. Аксинча бўлса, жамиятда тушкунлик кайфияти ошиб, одамларнинг давлатга бўлган ишончига путур етади, алалоқибат давлатнинг тараққиётга эришиши хомхаёлга айланиб қолади.
Истиқлолимизнинг илк даврида қабул қилинган Конституциямиз шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар ва уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб берди. Айни чоғда унда жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглиги кафолатланган бўлиб, бу, замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.
Энг аввало, қонунларнинг ижросини самарали ташкил этиш, тизимли муаммоларни олдиндан кўра билиш, қонунбузарликларнинг салбий оқибатларига қарши курашиш билан бирга, бундай ҳолатларни барвақт бартараф этишга қаратилган тизимни шакллантириш чоралари кўрилаётир. Шу мақсадда қонунлар, Президент Фармон ва қарорлари қабул қилинмоқда. Буларнинг барчасидан кўзланган мақсад битта, у ҳам бўлса, халқимиз фаровонлигини таъминлаш.
Дарҳақиқат, одамларимиз энди кечаги одамлар эмас, улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билади, муҳокамаларда эса қандай фикр ёки таклифни илгари суришни ўзлаштирмоқда.
«Жамоатчилик назорати» дегани фақатгина давлат идоралари фаолияти устидан назоратгина эмас, балки жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан бири бўлгани боис ҳам уни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, молия, банк, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, энергетика ҳамда транспорт соҳаларида ҳам йўлга қўйиш айни зарурат. Қолаверса, бозорлар ва савдо мажмуаларидаги маҳсулотлар ҳамда хизматлар сифати бўйича ҳам доимий жамоатчилик назорати ўрнатилса, ишларимиз олға силжишини тушуниш унчалик қийин эмас.
Охирги йилларда янги Ўзбекистонга мос бўлган тартибот, қадрият ва муносабатларнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилмоқда.
Натижада тилимизга янги иборалар, масалан, «халқ билан мулоқот», «халқ қабулхоналари», «электрон ҳукумат», «виртуал қабулхона», «портал», «ташаббускорлик», «арзон уйлар», «халқ дарду ташвиши», «ҳалоллик вакцинаси», «давлат-хусусий шериклиги», «йўл харитаси», «кафолатланган хавфсизлик» каби бир қатор эзгуликка йўғрилган тушунчалар кириб келди. Муҳими, шу иборалар ҳаётимизга кўчиб, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш мезонида намоён бўлмоқда.
Эътиборлиси, ҳозирги шароитда аҳолини қўллаб-қувватлаш, турмуш фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатларимиз, бир зумга бўлсин, тўхтаб қолгани йўқ, аксинча тобора кенг қамров ҳосил қилиб бормоқда.
Умуман, бугун эришаётган ютуқларимиз, давлатимизнинг халқаро майдонда ташлаётган ҳар бир қадами, ички сиёсатдаги туб ўзгаришлар, тинч ва осуда ҳаётимиз, мамлакатимиз ривожи ҳамда халқимиз фаровонлигини ўйлаб қабул қилинаётган Фармон, қарор ва қонунларга Бош қомусимиз — Конституциямизда белгилаб берилган инсонпарварлик тамойиллари ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Зухриддин Мавлонов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси.
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти