АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШДА ЯНГИ БОСҚИЧ

Мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш мақсадида Президентимиз томонидан 2026 йил 3 мартда қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ-33-сонли Фармон қабул қилинди.
Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда жамиятда бундай иллатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда қабул қилинган Президент Фармони суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш ва жабрланувчиларнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Мазкур Фармон инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва болалар манфаатларини таъминлаш борасида давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқади. Фармон билан аёллар ва болаларга нисбатан содир этиладиган жиноятларни кўриб чиқишда суд тизимига алоҳида масъулият юклатилди.
Хусусан, 2027 йилдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик жиноятлари, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судялар томонидан кўриб чиқилади. Шунингдек, терговчи ва судялар учун “Жиноятдан жабрланган аёллар ва болалар билан ишлашнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари” бўйича махсус ўқув дастурлари жорий этилиши назарда тутилган. Бу амалиёт суд тизимининг ихтисослашувини кучайтиради. Бу эса суд муҳокамасининг профессионал даражасини ошириш, жабрланувчиларнинг манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилиш ва суд жараёнларида инсон ҳуқуқлари стандартларига қатъий риоя этилишини таъминлашга хизмат қилади.
Шуни таъкидлаш керакки, “Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш” бўйича қабул қилинган Фармон, мамлакатимизда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликни камайтириш ва уларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш борасида муҳим қадамдир. Фармон, нафақат ҳуқуқий асосни мустаҳкамлаш, балки жамиятда зўравонликка қарши курашиш бўйича муросасизлик муҳитини яратишга хизмат қилади.
ХУРШИД УМБАРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман суди раиси






