АСОССИЗ ОЛИНГАН ОРТИҚЧА ДАРОМАД ҚАЙТАРИЛДИ

Бугунги кунда иқтисодий судлар томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда рақобатга оид қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги ҳолатлари билан боғлиқ ишлар ҳам мазмунан кўрилиб, истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, давлат органлари, корхона, муассаса ва ташкилотлар томонидан қонунчилик талабларини бузган ҳолда олинган ортиқча даромадларнинг қайтарилиши таъминланмоқда.
Жумладан, даъвогар Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси жавобгар Жарқўрғон туман Тиббиёт бирлашмасига нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар томонидан асоссиз олинган 15.235.988 сўм ортиқча даромадни қўмита ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантириш жамғармасининг ҳисоб рақамига ундиришни сўраган.
Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Жарқўрғон тумани Тиббиёт бирлашмасида истеъмолчиларга кўрсатилаётан пуллик тиббий хизматларнинг Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа меъёрий ҳужжатлар талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ўтказилган.
Ўрганишда Жарқўрғон туман Тиббиёт бирлашмаси томонидан 2024 йилда жисмоний ва юридик шахсларга пуллик хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берувчи рухсатномага асосан пуллик хизмат кўрсатиш йўлга қўйилганлиги, ушбу рухсатномаларга кўра, тиббиёт бирлашмаси томонидан фуқароларга юракнинг умумий текшируви бўйича пуллик тиббий хизматлар кўрсатилганлиги, мазкур тиббий хизматлар HS80G-L турдаги Электрокардиограф тиббий аппарати орқали кўрсатилганлиги, ушбу аппаратга “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат муассасаси томонидан 2021 йил 8 ноябрда ўлчаш воситасини метрологик атесстациядан ўтказиш сертификати берилганлиги, унинг амал қилиш муддати 2022 йил 8 октябргача этиб белгиланганлиги, мазкур аппарат белгиланган тартибда давлат қиёслов кўригидан ўтказилмаган ҳолда беморларга хизмат кўрсатиб келинганлиги, бу эса истеъмолчиларнинг соғлиғини сақлашга доир ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланмаслигига олиб келганлиги, бунинг оқибатида 2022 йил 8 октябрдан 2024 йил 16 июл кунига қадар Жарқўрғон тиббиёт бирлашмаси томонидан жами 1.028 та истеъмолчиларга
15.235.988 сўмлик сифати ва хавфсизлиги тегишли даражада бўлмаган тиббий хизмат кўрсатилганлиги, бунинг оқибатида Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни талаблари бузилган ҳолда истъмолчилардан асоссиз даромад олинганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси Махсус комиссияси томонидан мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган 3-19-2024/90-сонли иш 2024 йил 22 июлда кўриб чиқилиб, тиббиёт бирлашмасига нисбатан асоссиз олинган 15.235.988 сўм даромадни истеъмолчилари аниқ бўлса, истеъмолчиларга қайтариш, истеъмолчиларни аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда 2024 йил 1 августга қадар ихтиёрий равишда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантириш жамғармаси ҳисоб рақамга тўлаб бериш тўғрисида қарор қабул қилиниб, жавобгарга ёзма кўрсатма тақдим этилган.
Жавобгар Жарқўрғон туман Тиббиёт бирлашмаси томонидан ёзма кўрсатма ижро қилинмасдан, қарорда кўрсатилган маблағлар ихтиёрий равишда тўлаб берилмагач, даъвогар иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддасида истеъмолчи ўзи сотиб олган товар (иш, хизмат) санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлишига ва унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги, 20-моддасида, товар (иш, хизмат)нинг тузилишига, ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар, мосламалар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозимлиги белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги “Тиббиётда қўлланиладиган лаборатория ва диагностика ускуналарининг метрологик назоратини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 112-сонли қарорининг 6-бандида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, тузилмасида тиббий муассасалар бўлган вазирликлар ва идоралар, шунингдек, хусусий тиббиёт ташкилотлари ўлчаш функциясига эга бўлган тиббий техниканинг метрологик назорати ўтказилишини, тиббий техникалар даврий синовлардан ўтказилишини таъминлашлари лозимлиги назарда тутилган.
Мазкур иқтисодий иш бўйича Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судининг даъво аризасини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясида қайта кўрилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво аризасини қаноатлантириш ва жавобгар Жарқўрғон туман Тиббиёт бирлашмаси ҳисобидан даъвогар Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси орқали Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантириш жамғармасига асоссиз олинган 15.235.988 сўм ортиқча даромадни ундириш тўғрисида янги қарор қабул қилинди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда рақобатга оид қонунчиликка тўлиқ риоя этилиши иқтисодий барқарорликни таъминлаши билан бирга, юқоридаги каби ҳолатларда бевосита фуқароларнинг соғлиғини сақлашга ва уларга малакали ҳамда сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш кафолати бўлиб ҳисобланади.
АСҚАР МАМАРАИМОВ,
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси