АМАЛГА  ОШМАГАН  САВДО

Мустақил ҳаётга қадам қўйган ҳар бир инсонда эзгу мақсад ва мустаҳкам эътиқод бўлмаса ёмон. Қандай йўл билан бўлса-да, мўмай пул топиб, кайфу-сафода кун ўтказиш бу – инсонга берилган бетакрор ва гўзал умрни барбод қилишдан бошқа нарса эмас. Эндигина 20 ёшни хатлаган Н.Норқулова (исм-шарифлари ўзгартирилган) ана шу йўлга кириб қолганлардан бири эди.

Н.Норқулова ғаразли мақсадда таниши Бирлашган Араб амирлигининг Шаржа шаҳрида яшовчи А.Ш. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, Ангор туманида яшовчи Д.А. исмли қизни Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда Шаржа шаҳрига олиб бориб, у ерда Д.А.дан шахвоний мақсадларда фойдаланишни режалаштирган. Режасига асосан 2021 йил 15 июнь куни Н.Норқулова ўзига тегишли қўл телефонининг “WhatsApp” интернет месенджери орқали таниши А.Ш.нинг қўл телефонига Д.А.нинг хорижга чиқиш паспорти ва бошқа маълумотларини юборади. 2021 йил 17 июнь куни А.Ш. юборилган паспорт маълумотлари асосида Д.А.нинг номига 2021 йил 22 июнь куни соат 09:40 да “Тошкент-Шаржа” йўналиши бўйича учувчи самолётга
03-рақамли электрон авиачипта сотиб олиб, жиноий шериги Н.Норқулованинг қўл телефонига ташлаб берган. Д.А. ушбу электрон авиачипта билан Шаржа шаҳрига учиб кетиш вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан тўхтатиб қолинди.

2021 йил 2 октябрда жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг очиқ суд мажлисида мазкур жиноят иши кўрилиб, судланувчи Н.Норқуловага жиноят кодекси 135-моддасининг тегишли қисмлари билан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Одил Нормаҳматов

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси