АЛИМЕНТДАН БЎЙИН ТОВЛАГАН ОТА

очерк
Мамалакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш ва бу йўлда қайғуришга асосий вазифа сифатида ёндашилади. Чунки, бу вазифа ҳар бир оиланинг фарзанд олдидаги бурчини янада теранроқ англашини, оилада тарбия учун зарур бўлган муҳит – аҳиллик ва якдилликни талаб қилади.
Дарҳақиқат, ҳар бир ота-она вояга етмаган фарзандларини боқиш ва уларнинг келажаги учун масъулдир. Бироқ, айрим ҳолларда бу мажбуриятга бефарқ қараётган ота-оналар ҳам учраб турибди.
Музработ туманида яшовчи бир оилада эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар оқибатида икки нафар вояга етмаган бола она қарамоғида қолади. Суд қарорига кўра, ота болалар фойдасига алимент тўлаши шарт этиб белгиланган бўлишига қарамасдан, у узоқ вақт давомида ўзининг мажбуриятини бажармасдан келган.
Мажбурий ижро бюроси Музработ туман бўлими давлат ижрочилари томонидан қарздор отага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш қонуний тўхтамга келиш учун судга юборилади.
Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида иш ҳужжатлари атрофлича кўриб чиқилиб, ота 26 миллион сўмдан ортиқ алимент қарздорлигини тўлашдан бўйин товлаганлиги сабабли суд қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Мана болалар таъминотига бефарқ муносабатда бўлган қарздор отага нисбатан жазо муқаррарлилиги таъминланди.
Таъкидлаш керакки, фарзандлар камолоти, таълим-тарбияси ва уларни моддий жиҳатдан таъминлаш барча ота-оналарнинг зиммасидаги мажбуриятлардан бири эканини эсдан чиқармаслик керак.
АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси






