АВТОМАШИНА ОЛИБ ҚОЧГАН САРҲУШ ҲАЙДОВЧИ ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ

Ташқи муҳитдан югурик сув мисоли оқиб кирадиган минг бир иллатлар тури борки, уларнинг лоақал биттаси ҳам инсон руҳиятида қолиб кетса, унинг ҳаёт тарзи давомида у чуқур илдиз отиб ўрнашиб олиб, жиноят содир этиш кўчасига киришга йўллайди.

Ёши олтмишдан ошган, оқ-қорани тўла ажрата оладиган бир даврда спиртли ичимлик истеъмол қилишдан ўзини тия олмаган Мухтор Абдиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2024 йил 14 август куни соат 13:00 ларда Ангор туманидаги ошхоналарнинг бирида спиртли ичимлик истемол қилиб, сўнгра туманнинг “Наврўз” маҳалласи ҳудудида фуқаро Олим Жовлиевга тегишли бўлган “Матиз” русумли автомашинани ойнаси очиқ қолдирилганлиги ва калити ўзида турганлигини кўриб, автомашинани олиб қочади. “Маст ҳайдовчи” транспорт воситасини бошқариб боравергач ушбу “Наврўз” маҳалласи ҳудудида бошқарувни йўқотиб, “Дамас” русумли транспорт воситасининг орқа томонидан урилиб, йўл транспорт ҳодисаси содир этиб тўхтаганида, шу вақтда ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ушланган.

Натижада ушбу ҳолат юзасидан Мухтор Абдиевга нисбатан жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят ишлари бўйича Ангор тумани судида бўлиб ўтган суд мажлисида унга нисбатан қонуний жазо тайинланди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки. ушбу тоифадаги кимсаларнинг қилмишини баён этишдан мақсад шуки, бу ҳаётда ҳеч қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Шундай экан, бебаҳо умрни эзгу ишларга бағишлаш, ҳаётда ўзидан яхши ном қолдиришга не етсин?!

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси