ЯНГИ ТАҲРИРДА МЕҲНАТ КОДЕКСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 28 октябрда “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги ЎРҚ-798 сонли Қонуни имзоланди.

Таъкидланишича, 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслиги ва хусусий тадбиркорлик ривожланиши жараёнида иш берувчининг масъулиятини, фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги, турли хил шаклларининг фаол ривожланишини ҳисобга олмайди.

Шунингдек, иш берувчиларга, хусусан қўшимча ишчиларни меҳнатга жалб қилишнинг содда шаклларини танлашга имкон берадиган етарли шарт-шароитлар яратмайди.

Янги таҳрирда кодексга кўра, якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий принциплари этиб қуйидагилар белгиланди:

-меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш;

-меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш;

-меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик;

-меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги;

-ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги.

Жумладан, меҳнат эркинлиги ҳар кимнинг меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, машғулот турини, касбни ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқини англатади.

Давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди.

Бунда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари жумласига қуйидагилар киради:

-14 ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота-она, шунингдек кўп болали оилалардаги ота-оналар;

-умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларини, касб-ҳунар мактаблари ва коллежлари ҳамда техникумларини тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар;

-“Меҳрибонлик” уйларининг битирувчилари, шунингдек олий таълим ташкилотларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари;

-Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;

-ногиронлиги бўлган шахслар;

-пенсияолди ёшидаги шахслар (қонунда белгиланган пенсия ёшига қадар икки йил олдин);

-жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар ёки суднинг қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар;

-одам савдосидан жабрланганлар.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.

Қонун кучга кириши билан “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун (21.12.1995 й.) ўз кучини йўқотади.

Кодекс меҳнат ҳуқуқининг айрим институтларига бағишланган ва бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби янги нормаларни ўз ичига олган. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилиниши бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилар манфаатлари мувозанатини таъминлайди. Шунингдек, Меҳнат кодекси қоидаларини халқаро ҳуқуқ нормалари, шу жумладан, Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларга мослаштиришга хизмат қилади.

С.Бўтаев

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси

ОТА-ОНАНИНГ БОЛАЛАРГА ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ БЕРИШГА ОИД ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?

Болаларни вояга етгунларига кадар тарбиялаш бўйича ота-оналарнинг мажбурияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида белгиланган.

Ота-она зиммасига вояга етмаган болаларга таълим-тарбия бериш борасида фақат мажбурият юкланмай, шунингдек, уларга бу муҳим масалани амалга оширишга доир ҳуқуқлар ҳам берилган. Болага тарбия бериш ота-онанинг бирдан-бир шахсий ҳуқуқи ҳисобланади. Ушбу ҳуқуқдан ота-оналар қонунда махсус назарда тутилган ҳоллардагина маҳрум бўлишлари мумкин.

Тарбиялаш борасида ота-онага берилган ҳуқуқнинг том маъноси – болани шахсан тарбиялаш учун уларга берилган имкониятдан иборат. Бу ишда ота-она болага тарбия бериш услуби ва усулларини эркин ҳолда танлайдилар, бу масалани ҳал қилишда ўзгаларнинг ўзбошимчалик билан аралашишига йўл кўйилмайди.

“Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги БМТ Конвенцияси 14-моддасининг
2-бандига биноан, ушбу Конвенцияга қўшилган давлатлар ўзларининг миллий шароитлари, анъаналарини ҳисобга олган ҳолда ва ўз моддий имкониятларидан келиб чиқиб, ота-она ва болаларни тарбияловчи бошка шахсларга ёрдам беришлари керак эканлиги назарда тутилади. Бу муҳим масалани тўғри ва самарали ҳал қилиш борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ва зарур бўлган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг болаларга таълим-тарбия беришга оид ҳуқуқ- мажбуриятлари ва масъулиятлари Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонунида белгилаб берилган. “Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, – дейилади Қонуннинг 30-моддасида, – ўзларининг вояга етмаган болалари учун таълим шаклларини, умумтаълим муассасаси тури ва ўқитиш тилини танлаш, таълим муассасаси маъмуриятидаги ўқув юртлари уставларида белгиланган зарур шарт-шароитлар яратилишини, болага ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш, таълим муассасасини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқларига эгадирлар”.

Шу билан бирга, улар болаларнинг жисмоний ва руҳий жиҳатдан соғлом бўлиши тўғрисида ғамхўрлик қилишлари, боланинг қадр-қимматини ҳурматлашлари, болада меҳнатсеварлик, яхшилик ва мурувват, Ватанга садоқат, ёши улуғларга, давлат тили ва она тилига, оилага, миллий тарихий қадриятлар ва маданият қадриятларига нисбатан ҳурмат туйғусини тарбиялашлари, уларга қонунлар, ҳуқуқлар ва инсон эркинликларини ҳурмат руҳида эъзозлашни ўргатишлари, болаларнинг таълим муассасаларида ўқишлари учун ёки белгиланган талаблар ҳажмида уйда тулақонли таълим олишлари учун зарур шарт-шароитларни яратишлари шарт.

Бола тарбияси ва унинг камол топишида ота-оналар ўз ҳуқуқларидан тўла фойдаланишлари ва шу билан бирга, зиммаларига юклатилган мажбуриятларни бажариш масъулиятини ҳам тенг амалга оширишлари керак. «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги БМТ Конвенциясининг 18-моддаси 1-бандига биноан ушбу мажбурият уларнинг қаерда бўлишидан қатъи назар ота-она учун умумий ва мажбурий ҳиисобланади. Вояга етмаган болаларнинг таълим олишига монелик қиладиган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлишлари белгиланган. Демак, ота-оналар вояга етмаган ўз болаларининг тарбияси ва уларнинг камол топиши учун жавобгар ҳисобланиб, уларнинг (ўз болаларининг) соғлиги, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлокий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари керак. Хулоса қилиб айтганда, ота-оналар ўзларининг вояга етмаган болаларини шахсан тарбиялаш ҳуқуқидан келиб чиқиб, уларни ғайриқонуний тарзда ушлаб турган бошқа ҳар қандай шахсдан талаб қилиб олишда устун ҳуқуқга эгадирлар.

Дилором Алмуратова

Сурхондарё вилоят суди судьяси

НИКОҲЛАНУВЧИ ШАХСЛАРНИ ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ МАЖБУРИЙМИ?

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 17-моддасида никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказилиши белгиланган.

Унга кўра, никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул асосда тиббий кўрикдан ўтиши, тиббий кўрикдан ўтиш ҳажми ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши, никоҳланувчи шахслар эллик ёшдан ошган бўлса, шунингдек алоҳида ҳолларда жумладан, ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги мавжуд бўлганда тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилиши белгиланган.

Маълумки, инсоннинг соғлиғи унинг бугунги куни ва келажак авлоднинг баркамоллиги жамиятимизнинг энг катта бойлиги ҳисобланади. Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш ва уни мустаҳкамлаш вазифасини давлат ўз зиммасига олади.

Шу сабабли, Оила кодекси никоҳ тузувчиларнинг фақат уларнинг розилиги билан, биринчи маротаба никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек тиббий-ирсий ҳамда оилани режалаштириш масалалари бўйича уларга маслаҳат бериш давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасалари томонидан амалга оширилишини белгилайди. Бундай консультация ва текшириш ўтказишдан мақсад тиббий-ирсий касалликлардан келажак авлодни асраш, шуниндек бўлажак эр-хотинларни олдиндан огоҳлантириб, улар касалланишининг олдини олишдир.

Текширув ўтказилгандан сўнг уларнинг ҳар бирига ташҳис қўйиш уларнинг қандай касали борлиги ҳақида ва у дарднинг олдини олиш, даволаш тўғрисида маълумот беради. Бундай маълумот фуқарога унинг эркига асосан берилади. Касалликнинг ривожланиши кўнгилсиз бўладиган бўлса, бу маълумот олдиндан жуда эҳтиёткорлик билан билдирилади. Текширувдан ўтган фуқаронинг тиббий ҳужжатларида ўз ифодасини топган хулосалар тиббий сир ҳисобланади. У ёки бошқа шахсга тиббий ёрдам бериш тўғрисидаги факт ҳам врачлик сири ҳисобланади. Текширув натижалари никоҳдан ўтувчи иккинчи томонга фақат текширувдан ўтган шахснинг розилиги билан билдирилади. Маълумот бериш врачлик сири ҳисобланиб, у фуқаронинг розилигисиз берилмайди.

Шерзод Элиев

Сурхондарё вилоят суди судьяси

БОЗОРДАГИ ЎҒРИ ҚЎЛГА ТУШДИ

Ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишни мақсад қилган Содиқов Ражаб (исм шарифлар шартли) жорий йилнинг ёзида, Ангор тумани Наврўз маҳалласи ҳудудида жойлашган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотадиган жойдан Олимов Равшанга тегишли гуруч ва нўхат маҳсулотлари қаровсиз қолдирилганлигидан фойдаланиб, ушбу гуруч ва нўхат маҳсулотларидан сотилиш нархи 400.000 сўм бўлган вазни 50 килограмм бўлган “Искандар” навли бир қоп гуручини, сотилиш 450.000 сўм бўлган вазни 50 килограмм бўлган “Аланга” навли бир қоп гуручини ҳамда сотилиш нархи 1.000.000 сўм бўлган вазни 50 килограмм бўлган бир қоп “Туя” навли нўхатини яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

У ўзининг жиноий ҳаракатлари билан жабрланувчи Олимов Равшанга жами 1.850.000 сўм моддий зарар етказган.

Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида Содиқов Ражаб излаб топилиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди томонидан кўриб чиқилиб, суд давлат айбловчисининг хулосасини, ҳимоячининг фикрини, судланувчи Р.Содиқовнинг кўрсатувини эшитиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқди.

Суд жараёнида судланувчи Р.Содиқовнинг жиноят содир этганликдаги айби, унинг айбига иқрор бўлиб берган кўрсатувидан ташқари, тарафларнинг розилиги билан дастлабки терговдаги кўрсатуви ўқиб эшиттирилган гувоҳларнинг кўрсатувлари, тушунтириш хатлари, ҳодиса жойини кўздан кечириш баённомаси ва унга илова қилинган фото-жадвал, нарсани олиб қўйиш, кўздан кечириш ва таниб олиш учун кўрсатиш ҳақидаги баённомалари ҳамда уларга илова қилинган фото-жадваллар, юзлаштириш баённомалари, видео-ёзувларни кўздан кечириш баённомаси, нарсани ашёвий далил деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган бошқа далиллар билан исботланди.

Суд судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, судланувчига нисбатан қонун санкциясида белгиланган жазони тайинлади. Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз лозимки, Фикримиз сўнгида ўғирлик жинояти жабрланувчисига айланиб қолишдан сақланинг деймиз.

Б.Чаршанбиев

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди девонхона мудири

САЙЁР СУДДА ҚОНУНИЙЛИК МУСТАҲКАМЛАНДИ

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди томонидан тумандаги 21-сонли мусиқа ва санъат мактаби фаоллар залида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Суд, инсонпарварлик тамойилига таяниб, Музработ туман ички ишлар бўлими Пробация гуруҳи ҳисобида туриб, ҳақиқатда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ва жазо ўташнинг тартиб қоидаларига риоя қилиб, тузалиш йўлига ўтган, судлар томонидан ўрнатилган тақиқ ва чекловларга тўлиқ роия қилган ҳамда ўзининг ҳулқини ижобий томонга ўзгартирган жами 10 нафар шахслар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Бундан ташқари, ушбу сайёр суд мажлисида 1 нафар шахс суд томонидан ахлоқ тузатиш иши жазосини ўташдан қасддан бўйин товлаганлиги учун ўталмай қолган жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.

Сайёр суд мажлисида 70 дан ортиқ пробация ҳисобида турувчи шахслар иштирок этди. Тадбир давомида туман суди раиси Т.Абдираимов томонидан йиғилганларга жазони ўташ тартиб қоидаларига риоя қилиш, тартибни бузганларга жазонинг кучайтирилиши тушунтирилди.

Шунингдек, сайёр суд мажлиси якунида суд раиси томонидан иштирокчиларга қонунчиликдаги ўзгартиришлар ва суд-ҳуқуқ соҳасида амалга ошириладиган янгиликлар борасида маърузалар қилинди.

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти


ДАСТЛАБКИ ТЕРГОВ ВА СУД ТЕРГОВИНИНГ ТЎЛИҚ ЭМАСЛИГИ ЁКИ БИР ЁҚЛАМА ОЛИБ БОРИЛГАНЛИГИ ҲУКМНИ БЕКОР ҚИЛИШ ВА ЎЗГАРТИРИШ АСОСИ СИФАТИДА

Ҳукмни бекор қилиш ёки ўзгартириш асослари жиноят процессининг деярли барча босқичлари фаолиятини ўзида қамраб олади. Жиноят процессининг жиноят иши­ни қўзғатиш босқичидан кейинги дастлабки тергов босқичига жуда катта вазифалар юкланган. Жиноят ишлари бўйича исботланиши ло­зим бўлган ҳолатларни тўла, ҳар томонлама, холисона исботланиши шулар жумласидандир. ЖПКнинг
82-моддасида жиноят ишлари бўйича исботлаш мезони қайд қилинган бўлиб, унга кўра, ишни айб­лов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан судга юбориш ва айблов ҳукми чиқариш учун қуйидагилар исботланган бўлиши керак:

1)жиноят объекти; жиноят туфайли етказилган зиённинг хусусияти ва миқдори, жабрланувчининг шахсини тавсифловчи ҳолатлар;

2)содир этилган жиноятнинг вақти, жойи, усули, шунингдек Жиноят кодексида кўрсатиб ўтилган бошқа ҳолатлари; қилмиш ва рўй берган ижтимоий хавфли оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланиш;

3) жиноятнинг ушбу шахс томонидан содир этилганлиги;

4) жиноят тўғри ёки эгри қасд билан ёхуд бепарволик ёки ўз-ўзига ишониш оқибатида содир этилганлиги, жиноятнинг сабаблари ва мақсадлари;

Судлар томонидан қўшимча процессуал ҳаракатларини ўтказиш учун ажрим чиқарилишига ва терговга қайта­рилишига дастлабки терговда иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчиковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текширилмаганлиги, яъни дастлабки тергов ҳаракатлари тўлиқ
ўтка­зилмаганлиги, айбдорларнинг жиноий ҳаракатлари нотўғри
тавсиф­ланганлиги, ЖПКнинг талаблари жиддий бузилганлиги, айбланувчи­ларга илгари қўйилган айблов билан боғлиқ бошқа айбловни қўллаш лозимлиги, барча шахсларнинг жавобгарликка тортилмай қолганликлари, алоҳида қисмга нотўғри ажратилганлиги, ҳимоя ҳуқуқининг бу­зилишига йўл қўйилиши ва бошқа ҳолатлар сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 49719-модда. Ҳукмни бекор қилиш ёки ўзгартириш асослари белгиланган. Булар:

1)суд терговининг тўлиқ эмаслиги ёки бир ёқлама олиб борилганлиги;

2) суднинг ҳукмида баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ келмаслиги;

3) ушбу Кодекс нормаларининг жиддий равишда бузилганлиги;

4) Жиноят кодекси нормаларининг нотўғри қўлланилганлиги;

5) жазонинг адолатсизлиги.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 49720-моддасига мувоффиқ суд тергови қуйидаги ҳолларда тўлиқ эмас ва бир ёқлама деб топилади, башарти иш бўйича:

1)ушбу Кодекснинг 82-84-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар етарлича тўлиқ аниқланмаган бўлса;

2) кўрсатувлари ишни ҳал қилиш учун жиддий аҳамиятга эга бўлган шахслар сўроқ қилинмаган бўлса;

3) ўтказилиши шарт бўлган экспертиза ўтказилмаган бўлса;

4) иш учун жиддий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар ёки ашёвий далиллар талаб қилиб олинмаган бўлса;

5) натижалари иш учун аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлган бошқа тергов ҳаракатлари ўтказилмаган бўлса;

6) ишни янгитдан апелляция тартибида кўриш учун юборган кассация инстанцияси судининг ажримида кўрсатилган ҳолатлар текширилмаган бўлса. Фикримизча, дастлабки тергов ёки суд терговининг тўлиқ
бўл­маганлиги деганда, ЖПКнинг 49719, 49720-моддаларида  кўрса­тилган ҳолатлар тушунилади, яъни ушбу Кодекснинг 82-84-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар етарлича тўлиқ аниқланмаган бўлса; кўрсатувлари ишни ҳал қилиш учун жиддий аҳамиятга эга бўлган шахслар сўроқ қилинмаган бўлса; ўтказилиши шарт бўлган экспертиза ўтказилмаган бўлса; иш учун жиддий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар ёки ашёвий далиллар талаб қилиб олинмаган  бўлса ва ҳоказо.

Ж.Примов

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ЖИНОЯТ ҚОНУНЧИЛИГИДА ЖАЗО ТАЙИНЛАШНИНГ УМУМИЙ АСОСЛАРИ

Жамиятимизда судлар томонидан жазо тайинлашда судланувчининг шахси, айбнинг шакли ва даражасини, қилмишнинг бошқа хусусиятларини ифодаловчи ҳолатларни инобатга олиб жазо тайинланади.

Суд томонидан жиноят содир этишда қонунда белгиланган тартибда айбли деб топилган шахс жазога тортилади. Суд Жиноят кодекси махсус қисмининг жиноят содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилган моддасида белгиланган доирада Жиноят кодекиси Умумий қисмнинг қоидаларига мувофиқ жазо тайинлайди.

Судлар томонидан жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, қилмишнинг сабабини, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини, айбдорнинг шахсини ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 55,56-моддаларида судлар томонидан жазо тайинлашнинг енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлари келтириб ўтилган. Унга кўра, қуйидаги ҳолатлар жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топилади:

а) айбни бўйнига олиш тўғрисида арз қилиш, чин кўнгилдан пушаймон бўлиш ёки жиноятни очиш учун фаол ёрдам бериш;

б) етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилиш;

в) оғир шахсий, оилавий шароитлар оқибатида ёки бошқа мушкул аҳволда жиноят содир этиш;

г) мажбурлаш ёки моддий томондан, хизмат жиҳатидан ёхуд бошқа жиҳатдан қарамлик сабабли жиноят содир этиш;

д) жабрланувчининг зўрлик, оғир ҳақорат ёки бошқача ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келган кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида жиноят содир этиш;

е) зарурий мудофаанинг, охирги заруратнинг асосли чегарасидан четга чиқиб жиноят содир этиш, ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлашда, касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ бўлган асосли таваккалчиликда зарар етказиш;

ж) вояга етмаганнинг жиноят содир этиши;

з) ҳомиладор аёлнинг жиноят содир этиши;

и) жабрланувчининг ғайриқонуний ёки ахлоққа зид хулқ-атвори таъсири остида жиноят содир этиш.

Жазо тайинлашда суд ушбу моддада назарда тутилмаган бошқа ҳолатларни ҳам енгиллаштирувчи ҳолат деб топиши мумкин.

Енгиллаштирувчи ҳолат Жиноят кодекс Махсус қисмининг моддасида жиноят таркибининг зарурий белгиси сифатида назарда тутилган бўлса, жазо тайинлашда ҳисобга олинмайди.

Қуйидаги ҳолатлар эса жиноят содир этиш жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб топилади:

а) ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;

б) ёш бола, қария ёки ожиз аҳволдаги шахсга нисбатан;

в) хизмат вазифаси ёки фуқаролик бурчини бажарганлиги муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан;

г) айбдорга моддий томондан, хизмат жиҳатидан ёки бошқа жиҳатдан қарам шахсга нисбатан;

д) ўта шафқатсизлик билан;

е) кўпчилик учун хавфли бўлган усулда;

ж) ёш бола ёки руҳий ҳолатининг бузилганлиги айбдорга аён бўлган шахсдан фойдаланган ҳолда;

з) жиноят натижасида оғир оқибатларнинг келиб чиққанлиги;

и) умумий офат шароитидан фойдаланган ҳолда ёки фавқулодда ҳолат вақтида ёхуд оммавий тартибсизликлар жараёнида;

к) ғаразли ёки бошқача паст ниятларда;

л) ирқий ёки миллий душманлик ёхуд адоват замирида;

м) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда ёки уюшган гуруҳ ёхуд жиноий уюшма томонидан;

н) илгари ҳам қасддан жиноят содир этган шахснинг такроран ёки қасддан янги жиноят содир этиши;

о) мастлик ҳолатида ёки гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кишининг ақл-идрокига таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсири остида жиноят содир этиш.

Суд содир этилган жиноятнинг хусусиятини эътиборга олиб, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолатларни оғирлаштирувчи ҳолат деб топмаслиги ҳам мумкин.

Суд жазо тайинлашда ушбу моддада назарда тутилмаган ҳолатларни оғирлаштирувчи ҳолат деб топиши мумкин эмас.

Ушбу ҳолатлар Кодекс Махсус қисмининг моддасида жиноят таркибининг зарурий белгиси сифатида назарда тутилган бўлса, жазо тайинлашда ҳисобга олинмайди. Демак, суд томонидан айбдорнинг шахси, айбининг шакли ва даражаси, жиноят қилиш шароити ва сабаблари, шахснинг жиноятни содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атворини ифодаловчи ва бошқа ҳолатларни инобатга олиб, судланувчига нисбатан жазо тайинлаши мумкин.

Б.Нормуродов

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

Перейти к содержимому