КИТОБ – МАЪРИФАТ МАНБАИ

Мамлакатимизда китоб ўқиш маданиятини кенг тарғиб қилиш, янги нашрлар ва таржималарни йўлга қўйиш ҳамда аҳоли орасида китобга қизиқишни кучайтириш, кутубхоналар ва таълим даргоҳларини касбий ҳамда соҳавий адабиётлар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январда “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-9-сонли Қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад этиб, 2026-2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражаси (бир одам ўқийдиган китоб сони)ни йилига ўртача 10 та китобга етказиш белгиланган.

Мазкур Қарорнинг 7-бандига кўра, 2026 йил 1 февралдан бошлаб давлат органларининг китоб ва китобхонлик ҳақидаги рекламалари ижтимоий ахборот (реклама) сифатида тан олиниши, транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларида (автобус, метро, самолёт, поездлар) симсиз ёки мобил интернет тармоғи орқали «Mutolaa» платформасидан фойдаланиш имкониятлари яратилиши, қулайлик учун QR кодлар ўрнатилиши белгиланган.

Бундан ташқари, ушбу Қарорга мувофиқ барча вазирлик ва идораларда 2026 йил 1 апрелга қадар ўзида ва тизимидаги ташкилотларда «Китоб бурчаги» ташкил этилиши, ходимлар учун ҳар ойда «Китоб ўқиш соати» йўлга қўйилиши, китобхонлик бўйича ички рейтинг тизими жорий этилиши, танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга Бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан бир ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилиши белгиланган.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан ушбу қарорнинг қабул қилинишидан асосий мақсад аҳолининг китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш ҳисобланади.

РУФАТ БЕГИМОВ,

Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

ЎҚОТАР ОВ ҚУРОЛИНИ САҚЛАБ КЕЛГАН ШАХСГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддасида ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Музработлик Аннарўзи Маллаевнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) отаси илгари овчилик фаолияти билан шуғулланган вақтида «ИЖ-58» русумли Я-2542 рақамли 16 мм калибирли ўқотар ов қуроли бўларди. Ушбу ов қуролидан тегишли тартибда рухсатнома олган ҳолда фойдаланган. Аммо ота 1980 йилда вафот этади. Отанинг вафотидан сўнг Аннарўзи ушбу ўқотар ов қуролини ўз номига ҳужжатлаштириб, тегишли лицензия ва рухсатнома олиш ёки ҳуқуқтартибот идора вакилларига топшири керак эди.

Аксинча, у шу кунга қадар яшаш хонанинг ичидаги темир сейфда 1961 йилда Ижевск қурол-яроқ ишлаб чиқарувчи заводида ишлаб чиқарилган бир дона ушбу ўқотар ов қуролини тегишли лицензиясиз ва рухсатномасиз қонунга хилоф равишда сақлаб келган. Буни пайқаган тезкор-қидирув орган ходимлари 2025 йил 08 ноябрь куни Аннарўзидан қўотар ов қуролини тегишли тартибда расмийлаштириб олади.

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси эксперт-криминалистика маркази мутахасисларининг хулосасига кўра, Аннарўзи Маллаевдан ашёвий далил сифатида олинган ов қуроли 1961 йилда собиқ СССР нинг Ижевский қурол-яроқ ишлаб чиқарувчи заводида ишлаб чиқарилганлиги, ашёвий далил сифатида олинган 1 (бир) дона «ИЖ-58» русумли Я-2542 рақамли16 мм калибирли ов қуроли бўлиб, ушбу қурол ўт очиш яроқли бўлган ов қуроллари туркумига киришлиги аниқланган.

Аниқланган ҳолат бўйича  Аннарўзи Маллаевга жиноий иш қўзғатилди, судда у айбга тўлиқ иқрорлигини билдириб, отасидан қолган ов қуроли эски бўлганлиги сабабли ов қуролидан анча йиллар олдин бир маротаба фойдаланганлиги, шундан сўнг ушбу қуролдан фойдаланмасдан ўзи турадиган хонадаги темир сейфда сақлаб келганлигини, ов қуролини ҳужжатлари йўқлигини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирди.

Суд унинг содир этган жиноятини ижтимоий хавфлилик даражасини, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларини ҳуқуқий баҳолаб, қилмишига мос жазо тайинлади.

Хулоса қилиб айтганда, бу жиноят ишини баён этишдан мақсад – ҳаётда ҳар бир жиноий қилмиш жазосиз қолмаслигини таъкидлашдир.

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси

ИЖРО ХАТИ НИМА ВА У КИМ ТОМОНИДАН БЕРИЛАДИ?

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 13 январдаги
2-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Низомга кўра, ижро хати нотариуслар томонидан берилиши белгиланди.

Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси билан келишилган ва 2026 йил 1 мартдан эътиборан кучга киради.

Нотариус томонидан ижро хати нотариал идора биносида, видеоконференцалоқа орқали, электрон шаклда ёки мурожаат қилувчиларнинг хоҳишига кўра нотариал идора биносидан ташқарида (сайёр тартибда) ёзилади.

Низомнинг 25-бандига кўра, ижро хати тақдим этилган ҳужжатлар қарздорнинг ундириб олувчидан қарздор эканлиги ёки бошқа мажбуриятини шубҳасиз тасдиқласа, мажбурият бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаганда даъво қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт ўтган бўлмаса ёзилади. Агар ижро хати бериш ҳақидаги талаб учун қонунчиликда бошқа муддат белгиланган бўлса, ижро хати шу муддат ичида берилади.

Низомнинг 26-бандига кўра, нотариуслар томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир минг бараваригача бўлган қуйидаги фуқаролик-ҳуқуқий низосиз талаблар бўйича ижро хати ёзилади: нотариал тасдиқланган битимларга асосланган талаб; ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб; ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар.

Ижро хати, агар қонунчиликда бошқа муддат белгиланган бўлмаса, у ёзилган кундан бошлаб уч йил муддат ичида мажбурий ижро учун тақдим этилиши мумкин.

Ижро хатини тақдим этишнинг ўтказиб юборилган муддатини, шунингдек ижро хати бўйича ундиришни тиклаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Нотариус ижро хатини ёзгандан сўнг уни ундирувчи ва қарздорга (унинг оила аъзоларидан бирига) топшириши ёки уларга почта ёхуд бошқа алоқа воситалари орқали, шу жумладан ижро хати жўнатилганлиги ва қабул қилиб олинганлиги фактини қайд этиш имконини берувчи воситалардан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёки мобил телефонга (мавжуд бўлганда) юборади.

Ундирувчининг илтимосига кўра, қарздор томонидан ўн кун ичида ижро хатини ёзган нотариусга шикоят келиб тушмаган тақдирда ижро хати Тизимда нотариуснинг QR-кодли (матрик штрихли кодли) имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида қарздорнинг яшаш жойидаги, агар қарздор юридик шахс бўлса, унинг жойлашган еридаги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг тегишли бўлинмасига мазкур муддат ўтгандан сўнг ижро учун юборилади.

РУФАТ БЕГИМОВ,

Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

ЎЗ ХОНАДОНИДА ГИЁҲВАНД ЎСИМЛИГИ ПАРВАРИШ ҚИЛГАН ШАХС

очерк

Инсон дунёга келар экан, ҳаётда ўз ўрнини топиш, бахтли ҳаёт кечириш, элу-юрт орасида ҳурмат-эътибор қозонишга интилади ва албатта бунинг учун тинимсиз ҳаракат, изланиш, катта меҳнат талаб этилади. Ўзига берилган энг олий умрни бемазмун ўтказиб, бирор бир эзгу ишга қўл урмай, жамиятга фойда келтирмасдан, юрт тараққиёти ва ривожига ҳисса қўшмай яшаётган инсонларнинг учраб туриши афсусланарли ҳолдир.

Олтинсойлик Олим Набиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) эндигиа ўттиз ёшни қаршилади. Аммо ҳеч қаерда ишламайди. У бекорчилигиданми ёки данкасалигиданми жиноятга қўл урганини билмай қолди чоғи. Ўзининг яшаш уйи томорқасига экилган ёввойи супурги орасига 11 туп, помидор кўчатлари ёнига 2 туп, маккажўхори ўсимлиги олдига 13 туп Каннабис гиёҳванд ўсимлигини экиб, парвариш қилиб келарди. Бу ҳаракатини ҳеч ким пайқамайди деган ўйда юрган вақтида хонадонига 2025 йилнинг 3 сентябрь куни тезкор ходимлар холислар билан кириб келиб, Олимнинг яшаш уйи томорқаси ва ёрдамчи хўжалик хоналари кўздан кечирилади. Шунда унинг хонадонидан қонун билан тақиқланган яшил рангли ўткир ҳидли жами 26 туп наша гиёҳванд ўсимликлари ҳолислар иштирокида ҳужжатлаштирилади.

Бежизга: “Бекорчидан Худо безор” дейилмаган. Инсон эртаю кеч ғанимат вақтини мана шу каби қинғир ишларга сарф қилмоқда.

Олимнинг бу ҳаракати уни жиноят кўчасига етаклади. Энди қонун олдида жавоб беради. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, иш судда кўриб чиқилди. Суд унинг айбига иқрор ва чин кўнгилдан пушаймонлигини, қарамоғида уч нафар фарзанди борлигини инобатга олди-ю, шу билан бир қаторда содир этган жинояти учун жазо муқаррарлигини таъминлади.

Бекорчи одам ҳаётда ўз истагига эришолмаслиги аник. Ваҳоланки, бу ҳаëт доимий ҳаракатда, ўзгариш янгиланишда бўлиб, қотиб турмайдиган жараёндир.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

ФИРИБГАР ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИЛДИ

очерк

Термиз туманида яшовчи Бахрулло Рўзиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) илгари ҳам фирибгарлик жиноятини содир этгани учун унга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди. Аммо у бундан ўзига тўғри хулоса қилмади.

Бахрулло алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилишни ўзига касб қилиб олган. 2023 йил апрель ойида Термиз шаҳрида яшовчи Халима Норбоева билан учрашиб қолади. У аслида ҳеч қаерда ишламасада, ўзини кадастр идораси ходими деб таништириб, ўзига тегишли ер майдонини сотишини билдиради. Ваҳоланки, ўша ер майдони ҳам мавжуд эмас. Мижоз бўлган Халима Норбоевани бошқа бир фуқарога тегишли Термиз тумани, “Янгиер” маҳалласи ҳудудидаги 4 сотих ер майдонини кўрсатиб, Халима Норбоевадан ер майдони учун 16.000.000 сўмни ҳужжатларини расмийлаштириб бериши учун деб олади. Шундан сўнг Бахрулло пулларни қўлга киритгач, ер майдони учун ҳужжатларни расмийлаштирмасдан, жуфтакни ростлайди.

Бахрулло бу жиноий ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилмасдан қолганлигидан фойдаланиб, эгаллаган касбини давом эттиради. 2023 йил октябрь ойида Термиз шаҳрида яшовчи яна бир фуқаро Салим Сатторов билан учрашади. У ҳар доимгидек аслида ҳеч қаерда ишламасада, ўзини кадастр идораси ходими деб таништиради. Бу гал ҳам бир хил гаплар яъни, бошқа бир фуқарога тегишли Термиз тумани, “Янгиер” маҳалласи ҳудудидаги 5 сотих ер майдонини кўрсатиб, Салим Сатторовнинг ишончига кириб, ундан ер майдони учун 45.000.000 сўм миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга  киритади.

Гарчи у ўзгалар пулларини осонгина қўлга киритиб, хурсанд бўлган бўлса-да, унинг бу хурсандчилиги узоққа чўзилмади, негаки Бахруллони бу қилмишларини уни панжара ортига етаклади.

Қирғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади деганларидек, тез фурсатларда фирибгар содир этган Бахруллонинг ҳам қилмишлари фош этилиб, унга жиноят иши қўзғатилди. Тергов ва суд жараёнларида эса унинг жиноий хатта-ҳаракатлари исботланди. Суд эса унга бу гал 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Ҳакалак отган ҳавойи ҳавас ва нафсни жиловлай олмаслик Бахрулло Рўзиевга қимматга тушди. Бу гал у қилмишларидан тўғри хулоса чиқарса, ажаб эмас. Чунки тўғри сабоқ кишини ҳамиша эзгу амалларга етаклайди.

ОЙБЕК ЖУМАНОВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

ОТА ФАРЗАНДИНИ КАСАЛЛИГИДАН ФОЙДАЛАНМОҚЧИ БЎЛДИ

очерк

Шўрчилик Махмуд Қораев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўттиз беш ёшни қоралаган ва тўрт фарзандни отаси, гарчи ҳеч қаерда ишламаса-да, аммо оқ-қорани ажрата билади.

Махмуд Қораевни фарзанди бетоблиги сабабли шифокорлар рўйхатига олинган ва унга шифокор тавсияси билан кучли таъсир қилувчи дорилар ичириб келинади. 2025 йилнинг баҳор фасли эди, Шўрчи туманида жойлашгани ошхоналарни бирида Махмуд овқатланиб ўтирган вақтида бир Мунаввар исмли аёл билан танишиб қолади ва у билан бир ҳафта давомида телефон орқали гаплашиб юради. Кунларнинг бирида суҳбат давомида Мунаввар ўғил фарзанди бетоб эканини ва ундан “Бензонол” номли дорини топиб беришни илтимос қилади. Уни илтимосини бажариш учун Махмуд розиб бўлиб, Шўрчи туманидаги кўп тармоқли марказий поликилиникага боради. Буни қарангки, бировни хожатини қондириш учун Махмудга фарзандини бетоблиги қўл келади. У шикофорга фарзанди касал экани ва бир-неча маротаба фарзандини қабулига олиб келганлигини айтиб, 50 дона бензонал дориси учун рецепт ёздиради. Бу ердан чиқиб туманидаги яна бир хусусий клиникага бориб, бошқа бир шифокорга фарзандининг касал экан ва уни бир неча маротаба ушбу клиникага олиб келганлигини айтиб, фарзанди номига 100 дона бензонал дори воситасини олиши учун рецепт ёздириб олади.

Иши бароридан келган Махмуд биринчи Шўрчи туманидаги дорихонадан 50 дона, сўнг эса Қумқўрғон туманидаги дорихонадан
100 дона бензонал номли дори воситасини сотиб олади. Кайфияти кўтарилган Махмуд энди Мунавварга қўнғироқ қилиб, унга “илтимоси” бажарилганини билдиради. Шунда Мунаввар топилган дориларни Қизириқ туманига олиб келиб беришини айтиб, манзилни тушунтиради. Буни қарангки, бир зумда Қизириққа етиб келган Махмуд тумандаги ошхоналарнинг бирида Мунаввар билан кўришади. Шунда у олиб келган 150 дона дорини Мунавварга беради, эвазига йўл ҳақи билан бирга 500.000 сўм пулларни Мунаввардан олган вақтида унинг бу қилмишига чек қўйилади. Улар ўтирган жойга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари кириб келишиб, дори ва пуллар ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинади.

Фарзандини касаллигидан фойдаланмоқчи бўлган Махмуд Қораевни тергов органи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2511-моддаси 5-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айблаб, ишни судга оширди.

Судда Махмуд Қораев қилган ишини тушуниб етганлигини, айбига иқрор ва пушаймон экани, оилавий шароитини ҳисобга олиб енгиллик сўради. Уни бу қилмиши панжара ортига етаклади. Суд қилмишига яраша жазо тайинлади.

Хулоса шуки, ўйламай босилган қадам салбий оқибатларга олиб келганлиги билан бир қаторда, унга суд томонидан жазо муқаррарлиги таъминланди.

ОЙБЕК ЖУМАНОВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Перейти к содержимому