УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ

Сурхондарё вилоят суди томонидан Термиз давлат университетида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди. Унда суд фахрийси Худоёр Мухаммадиев, ўрта авлод судьялари Дилором Алмуратова, Ботир Абдуллаев ҳамда университет талабалари иштирок этди.

Учрашувда судьялар суд фахрийларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида, кекса авлод вакилларининг босиб ўтган йўллари, тажрибалари ҳақида сўз юритди.

Бундан ташқари, учрашувда сўзга чиққан суд фахрийси Худоёр Мухаммадиев судьяликнинг масъулияти, ўзига яраша машаққатлари, тизимда самарали фаолият олиб бориш ҳалоллик, фидойилик, доимий малака ошириш ва одоб-ахлоқ сингари мезонлар билан узвий боғлиқ эканлигини таъкидлади.

Судьялик лавозимининг масъулияти жуда катта ва бу лавозимда адолатни таъминлайдиган, ҳақиқатни юзага чиқарадиган инсон фаолият юритиши мумкин. Чунки суд давлат номидан қарор қабул қилади, шунинг учун судья чуқур билим ва малакага эга бўлиши ҳамда ҳар қандай масалани ҳал қилишда ҳалоллик, холислик ва қонун устуворлигини таъминлашда адолатли бўлиши шарт.

Ушбу учрашувда судья Ботир Абдуллаев сўзга чиқиб, ёшларни ватанпарварлик ва халқпарварлик, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат, шонли тарихимизни чуқур билиш руҳида тарбиялашда ҳамда судьяларнинг маънавиятини бойитишда бундай тадбирлар муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда талабаларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари тингланди.

ДИЛОРОМ АЛМУРАТОВА,

Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

ҲЕЧ ҚАНДАЙ ЖИНОЯТ ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАЙДИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида ўғирлик жинояти учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган. Аммо, ўзганинг мулкини ўғирлик йўли билан қўлга киритишни ўзига касб қилиб олганлар ҳам орамизда йўқ эмас.

Аниқрой айтганда, Музработлик Абдулла Носиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун судланиб, хавфли рецидивист бўлгани ҳолда жазони тўлиқ ўтамасдан, тузалиш йўлига кирмасдан, такроран яна ушбу касбини давом эттиради.

Нега дейсизми? У ўзгалар мулкини яширин равишда талон-торож қилиш ва содир этган жинояти орқали моддий манфаат кўришни мақсад қилади. Жиноий режасига эришиш учун 2023 йилнинг 10 январь куни Музработ туманида яшовчи Бойбўри Болтаевнинг яшаш уйидаги ховлисида бўлган молхонасидан бозорда сотилиш баҳоси 3.000.000 (уч миллион) сўмлик бир бош қўчқорини яширин равишда ўғирлаб, жуфтакни ростлайди.

Буни қарангки, Абдулла ўзининг юқоридаги жиноий ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилмаганлигидан фойдаланиб, бу касбини яна такроран давом эттириб, ўғирлик қилишни мақсад қилиб, ўзининг ушбу жиноий режасини бошлайди. Бу гал 2023 йил 3 апрель кунидан 4 апрель кунига ўтар кечаси Музработ туманида яшовчи Нарзулла Чориевни яшаш уйига ғайриқонуний равишда кириб, унинг молхонасида турган баҳоси 1.500.000 (бир миллион беш юз минг) сўмлик бир бош қўйни ўғирлаб, яширинади.

Ўз хонадонида ўғирлик жинояти содир бўлганлигидан хабар топган Бойбўри Болтаев ва Нарзулла Чориев ички ишлар бўлимига зудлик билан хабар беради. Тезкор ходимларнинг саъй-ҳаракати билан Абдулланинг қилмишлари фой бўлади.  

Суд ҳукми билан Абдулла Носиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан узил-кесил ўташ учун 5 (беш) йил 2 (икки) ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Хулоса шуки, жиноятга жазо муқаррар, қонунларга риоя қилмаслик албатта жавобгарликка сабаб бўлади.

ТАХИР БЕКПУЛАТОВ,

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

ЎҚИШГА КИРИТИБ ҚЎЙИШНИ ВАЪДА ҚИЛГАН ШАХС

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар доимий равишда амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-моддасида, пора берганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, шундай жиноятлар учун жазо турлари белгиланган.

Шунга қарамасдан, ҳанузгача юқорида таъкидланган жиноятни содир этиб турилгани аянчли ҳолатдир.

Хусусан, Сурхонлик Жумма Аллаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2023 йилнинг март ойида фуқаро Сайёра Олимовага ўзини олийгоҳларнинг бирида ўқитувчи бўлиб ишлашлигини айтиб, уни давлат ҳокимияти органи вакилига пора беришга қизиқтириб, олий таълим даргоҳларига ўқишга олиб кириб қўйиш ваколати бўлмаса-да, Сайёранинг ишончига кириб, уни алдаб, ундан қизини олийгоҳнинг ректори билан гаплашиб, ўқишга олиб кириб қўйишини айтиб, жами 3.396.000 сўмга тенг бўлган 300 АҚШ доллари ҳамда 2.000.000 сўм пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, қўлга киритилган пул маблағларини ўзининг шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборади.

Бу қарангки, унинг бу ҳаракати жазосиз қолмайди.

Суднинг ҳукмига кўра, Жумма Аллаевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми билан узил-кесил 9 ой 28 кун корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 2 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Суднинг ҳукмига нисбатан ёзилган вапелляция шикояти эса Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Хулоса шуки, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррар.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

АРХИВ ИШИНИ ЮРИТИШ ВА АРХИВ ИШИНИ ТЎҒРИ ТАШКИЛ ЭТИШ МАВЗУСИДА СЕМИНАР МАШҒУЛОТИ ЎТКАЗИЛДИ

Сурхондарё вилоят судида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг архив мудири Т.Шаймарданов ва вилоят суди раиси А.Рузиқуловлар раислигида, вилоят давлат архиви мутахассислари Б.Рахмонов, М.Нарзуллаева, Судлар фаолиятини молиявий таъминлаш департаменти Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Д.Умархонов, департамент масъул ходимлари ҳамда вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судлари архив мудирлари (архивариуслари) иштирокида видеоконференция алоқа тизими орқали семинар машғулоти ўтказилди.

Ўтказилган семинарда вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судлари идоравий архивларида ишларни «Архив иши» тўғрисидаги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелда 101-сонли қарори билан тасдиқланган “Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом ҳамда судларда иш юритиш тартиби тўғрисидаги амалдаги Йўриқнома асосида юритилиши ҳамда Президентимизнинг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сонли ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сонли Фармонларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш хусусида сўз олиб борилди.

Жумладан, “Архив иши тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелда 101-сонли қарори билан “Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган бўлиб,  архив ишларини жамлаш, уларнинг ҳисобини юритиш, бут сақланишини таъминлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этишнинг ягона тартибини белгилаши, ушбу қарор орқали архив ҳужжатларини сақлашнинг норматив режимлари, архив сақловхоналарини сақлаш воситалари билан жиҳозлаш тартиблари, ҳужжатларни техник-кимёвий ҳолатини текшириш қоидалари, архив ҳужжатларидан фойдаланиш ва берилган архив ҳужжатларининг сақланишини назорат қилиш тартиблари амалга оширилиши белгилаб қўйилганлиги таъкидланди.

Шунингдек, идоравий архивларда мавжуд бўлган ҳужжатларни сақлаш шароитларини яратиш, хоналарни ёнғин хавфсизлигини олдини олиш учун ўт ўчириш қурилмаси билан таъминланганлиги, хоналарни ҳароратнинг  нормал ҳолати, ҳавонинг нисбий намлигини доимий назорат қилиб борилиши юзасидан тегишли тавсия ва тушунчалар берилди.

Семинар якунида кун тартибидаги мавзу юзасидан иштирокчилар билан қизғин савол жавоблар ўтказилиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Б.Джураев, Э.Тиловов, С.Нуриева,

Сурхондарё вилоят суди архив мудирлари

ЎҒИРЛИК ЖИНОЯТИНИ ЎЗИГА КАСБ ҚИЛГАН КИМСА

Айрим кимсалар доим бошқаларнинг чўнтагидаги пулларни санаб юради. Фурсат бўлди, дегунча, уларга эгалик қилиш ҳаёлида бўлади. Баъзан бу истак кучлилиги сабабли ўғирлик қилиш ҳолатлари кузатилади.

Термизлик Аваз Тоиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) шундай кимсалар тоифасига қўшиш мумкин. Нега деганда, у муқаддам 6 маротаба ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун тегишли жазога тортилганидан бу гал ҳам тўғри хулоса чиқармади.

Аваз охирги маротаба суд томонидан ўта хавфли рецидивист топилган бўлишига қарамасдан яна эски касбини давом эттириб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш ва шу йўл билан мулкий манфаат кўришни мақсад қилиб, жиноий режасини амалга ошириш мақсадида 2024 йил 13 февраль куни Термиз шаҳар Наврўз маҳалласидаги кўп қаватли уйларнинг бирини кириш эшиги олдида қулфланган ҳолда қўйиб кетилган фуқаро Абдула Қулаевга тегишли бўлган бир дона 1.800.000 (бир миллион саккиз юз минг) сўм бўлган “Velomax” русумли велосипед қулфини бузиш йўли билан ўғирлаб кетади.

Қахрамонимиз ушбу содир этган жинояти учун жазонланмай қолганлигидан фойдаланиб, жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, 2024 йил 27 февраль куни Термиз шаҳар “Каттабоғ” маҳалласида яшовчи Баҳром Алимовнинг яшаш ҳовлисида турган бир дона қора рангли 1.200.000 (бир миллион икки юз минг) сўм бўлган “Алтай” русумли  велосипедини ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинади.

Ушбу ҳодисалардан жабр кўрган Абдула Қулаев ва Баҳром Алимовлар туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қиладилар. Олиб борилган тезкор-қидирув суриштирув натижаларига кўра, Авазнинг содир этган жинояти фош этилиб, жиноят иши қўзғатилади.

Суд мажлисида сўралган Аваз Тоиров айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий ва моддий шароити оғир эканлиги сабабли ўғирлик жиноятига қўл урганлигини билдириб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўрайди.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди унга юқоридаги қилмишлари учун 6 (олти) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, жазони ўташ махсус тартибли колонияда ўтаттиришни белгилади.

Шу каби, суд ҳукми билан судланувчи Аваз Тоировдан жабрланувчиларга етказилган моддий зарарларни ҳам ундиришни белгилади.

Қилмиш – қидирмиш деб шуни айтадилар. Ўз нафсига қул бўлиб, ҳалол ризқ топмасдан, бировларнинг ҳаққини ейишнинг жазосини бу дунёнинг ўзида олди.

ШЕРЗОД ЮЛДАШЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судьяси

ИНСОННИНГ ШАЪНИ ВА ҚАДР-ҚИММАТИ ДАХЛСИЗДИР

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида, “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас” деб белгиланган.

Сўнгги вақтларда, арзимаган келишмовчиликлар оқибатида фуқароларнинг бошқа шахслар соғлигига оғир шикаст етказиш жиноятлари ортиб бормоқда.

Фикримизни бир жиноят тавсилотига қаратмоқчимиз.

Жумладан, Алишер Ҳамзаев (исм-фамилияси ўзгартирилган) 2023 йил 11 декабрь куни Музработ туманидаги ўзининг яшаш уйи ҳовлисида ўзига илгаридан таниш бўлган фуқаро Норбўта Холбоев билан ўзаро тортишиб, жанжаллашиб қолади ва жанжал вақтида яшаш уйида бўлган темир қувур (труба) билан унинг ўнг елка соҳасига бир маротаба қасддан уриб, танасининг ўнг елка суягининг ёпиқ синиши тан жароҳати етказган.

Суд ҳукми билан унга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланиб, Алишер Ҳамзаевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “л” банди билан шу кодекснинг 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мазкур суднинг ҳукмига нисбатан келтирилган апелляция шикояти жиноят иши билан биргаликда Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Фикримиз якунида шуни айтиш жоизки, ҳаётда кечаётган воқеа ва ҳодисалар учун ҳар кимнинг ўзи сабабчи бўлади.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарияти томонидан Термизда фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига доир сайёр қабул ўтказилди

Аҳолининг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарияти томонидан Сурхондарё вилоятида истиқомат қилувчи фуқаролар учун Термиз шаҳрида сайёр қабул ўтказилди.

Фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш ва ечимини топишда ҳудудларда ўтказилаётган сайёр қабуллар яхши натижа бермоқда. Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов, Олий суд судьялари Носир Расулов, Нурали Рахмонов ва вилоят судлари вакиллари томонидан Термиз шаҳрида ўтказилган  сайёр қабул давомида жами 40 нафар фуқаронинг суд-ҳуқуқ масалаларига доир мурожаатлари ўрганилди.

Мурожаатларнинг 27 таси жиноят ишлари бўйича, 7 таси фуқаролик ишлари бўйича, 4 таси маъмурий ишлар бўйича ва 2 таси иқтисодий ишлар бўйича судларга оид масалаларни ташкил қилди. Шундан 21 та мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилди, 19 та шикоят ва ариза қонуний кўриб чиқиш учун қабул қилинди.

Оммавий қабулда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони ўтаётган маҳкумлар жазони енгиллаштиришни сўраб мурожаат қилишди ва шу ернинг ўзида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан очиқ суд мажлислари ўтказилиб, жами 41 нафар шахс тегишли жазосини ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди.

Сайёр қабул давомида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ажрашиш арафасидаги 6 та оила яраштирилди, 2 нафар шахсга нисбатан юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш бўйича аризалар қаноатлантирилди.

Қабулда Термиз туманида истиқомат қилувчи Бобомурод Сатторов 1995 йилда Тожикистон Республикасида туғилганлиги, 2000 йилда эса оила аъзолари билан Сурхондарё вилояти Термиз туманига яшаш учун кўчиб келганлиги, ўшандан буён Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини ололмай юрганлиги, бир неча бор тегишли идораларга мурожаат қилганлиги, аммо мурожаат ечим топмаганлиги, бугунги бўлаётган сайёр қабулда унинг мурожаати юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилганлиги ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олганлигини билдириб, миннатдорчилик билдирди.

Худди шу каби, қабулда Термиз туманида истиқомат қилувчи Асилбек Бозоров ҳам 1998 йилда Турманистон Республикасида туғилганлиги, 2004 йилда доимий яшаш учун оила аъзолари билан Сурхондарё вилояти Термиз туманига яшаш учун кўчиб келганлиги, ўшандан буён Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини ололмай юрганлиги, бир неча бор тегишли идораларга мурожаат қилганлиги, аммо мурожаат ечим топмаганлиги, бугунги бўлаётган сайёр қабулда унинг мурожаати юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилганлиги ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олганлигини билдириб, миннатдорчилик билдирди.

Бундан ташқари, сайёр қабулда дастлабки тергов органи томонидан тақдим этилган 5 нафар шахсга оид жиноят ишлари жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар, Ангор, Жарқўрғон ва Термиз туман судлари томонидан сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиб, судланувчилар томонидан жабрланувчиларга етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги сабабли тарафлар яраштирилиб, жиноят ишлари тугатилди. Шунингдек, 2 нафар шахсга оид жиноят ишлари кўриб чиқилиб, уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди ва қамоқдан озод этилди.

Қабулда муаммолари ҳал бўлган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси номига ёзма ташаккурнома билдирди.

АСҚАР ҚУДРАТОВ,

Сурхондарё вилоят судининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультанти

БОШ ҚОМУСИМИЗ КОНСТИТУЦИЯМИЗДА БЕЛГИЛАНГАН СИЁСИЙ ҲУҚУҚЛАР

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган ва ундаги нормалар барча соҳалар бўйича асосий қоидаларни қамраб қолган.

Шундай нормалардан бири Конституциямизнинг “Сиёсий ҳуқуқлар” деб номланган 8-бобида ҳам акс этган.

Жумладан, Конституциямизнинг 36-моддасида, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда шакллантириш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилади. Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади” деб белгилаб қўйилган бўлиб, ушбу моддада фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларининг асосий қоидаларидан бири акс этган.

Шунингдек, 37-моддасида, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгадирлар. Давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан белгиланади” деб белгиланган бўлиб, ушбу янги норма фуқароларнинг давлат хизматига киришдаги тенг ҳуқуққа эгалигини кафолатини таъминлайди.

Шу каби, Конституциямизнинг 39-моддасида фуқароларнинг касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқи, давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқуқларини кафолатловчи нормалар акс этган.

Хулоса шуки, Конституциямиздаги юқоридаги нормалар фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини амалга ошириш кафолатларини белгилайди.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

АДОЛАТ ҚАРОР ТОПДИ

Ҳозирги кунда одил судлов тизимида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари тикланмоқда. Шахснинг қилмишлари вақт ўтиб бориши билан жиноят ҳисобланмаса-да, бироқ улар судланган бўлиб бир умр юришга мажбур бўлмоқда.

Жумладан, тергов органи ҳужжатларига кўра, Собиров Адхам Салимович (исм-фамилия ўзгартирилган) 2019 йил ноябрь ойининг охирлари тергов давомида аниқлашнинг имкони бўлмаган кунида Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига “ХSERIE-S” русумли учувчисиз учадиган (дрон) аппаратини қонунга хилоф равишда олиб кириб, яшаш уйига сақлаб, ундан фойдаланиб келаётганлиги 2023 йил 15 август куни Сариосиё тумани Ички ишлар бўлими тезкор ходимлари томонидан аниқланиб, “ХSERIE-S” русумли учувчисиз учадиган (дрон) аппарати холислар иштирокида далилий ашё тариқасида хужжатлаштирилиб олинган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги Х.Сулаймонова номидаги Рекспублика Суд экспертиза марказининг хулосасига кўра, экспертиза тадқиқоти учун тақдим этилган “ХSERIE-S” ёзувли қурилма учувчисиз учиш аппарати (дрон) туркумига киришлиги хақида хулоса тақдим этилган.

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2024 йил 26 февраль кунидаги ҳукми билан А.Собировга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2444-моддаси 1-қисми билан, шу кодекснинг 57-моддаси қўлланган ҳолда 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Ўзбекистон Республикасининг “Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан ўзбекистон республикасининг жиноят кодексига ҳамда ўзбекистон республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 15.03.2024 йилдаги 921-сонли қонуни қабул қилиниб, унга кўра қуйидаги ўзгариш киритилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2444-моддасига қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:

-биринчи қисм қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, –

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади» деб кўрсатилган.

Судланувчи А.Собиров томонидан келтирилган кассация шикояти ва прокурорининг кассация протести асосида жиноят иши Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси томонидан кўриб чиқилиб, А.Собировнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 2444-моддаси 1-қисмида назарда тутилган  жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Жинотя процессуал кодекси 83-моддасининг
2-бандига асосан айбсиз деб топилиб, оқланди ҳамда А.Собировнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлигига баҳо бериши учун Сариосиё туман прокурорига юборилди.  

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, инсон ва давлат ўртасида вужудга келадиган муаммо янги таҳрирдаги Конститутциямизнинг 20-моддасида “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади” деб таъриф бериб ўтилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 13-моддасида қилмишнинг жиноийлиги ва жазога сазоворлиги ана шу қилмиш содир этилган вақтда амалда бўлган қонун билан белгиланади, деб қўйилиб, ҳозирги кунда ушбу қилмиш жиноят таркиби эмаслиги ҳисобланиб, А.Собировни суд тўлиқ равишда оқлаб, уни жамиятга керакли инсон сифатида қайтарди.

БОТИР НОРМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ДАЪВО ИШИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 2-кичик бўлими 19-бобида, даъво ишини юритиш тартиб-таомиллари белгилаб ўтилган.

Ушбу кодекснинг 182-моддасида суд томонидан даъво ишини юритиш тартибида кўриладиган ишларга таъриф бериб ўтилган.

Яъни, суд томонидан даъво ишини юритиш тартибида кўриладиган ишларга, агар қонунчиликда уларни кўришнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, фуқаролик, меҳнат, оилавий, уй-жой ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган даъволар бўйича ишлар киради.

Даъво ишни юритишга доир ишлар ушбу кичик бўлимда кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан бирга фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўрилади.

Меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимларни ёки ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ходимларни илгариги ишига тиклаш тўғрисидаги ишлар бўйича суд меҳнат шартномасини бекор қилишга ёки бошқа ишга ўтказишга фармойиш берган мансабдор шахсни учинчи шахс сифатида жавобгар тарафида ишда иштирок этиш учун ўз ташаббуси билан жалб қилиши шарт.

Суд меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ёки бошқа ишга ўтказиш очиқдан-очиқ қонунни бузган ҳолда амалга оширилганлигини аниқласа, шу процесснинг ўзидаёқ айбдор мансабдор шахс зиммасига мажбурий прогул ёки кам ҳақ тўланадиган иш бажарилган вақт учун ҳақ тўлаш сабабли ташкилотга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбуриятини юклатади. Бундай ҳолларда мансабдор шахсдан ундириладиган суммаларнинг миқдори меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан белгиланади.

Эр-хотиннинг мол-мулкини бўлиш ҳақидаги талаби, агар бу низони тўғри ҳал этиш учун ишга учинчи шахсларни жалб қилиш зарур бўлса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги иш билан бирга кўрилиши мумкин эмас.

Суд алиментлар ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича жавобгарнинг судга келишини шарт деб топиши мумкин. Агар бундай ҳолда жавобгар суд томонидан узрсиз деб топилган сабабларга кўра суд мажлисига келмаса, у мажбурий тартибда келтирилади ва ушбу Кодекснинг 146-моддасида назарда тутилган тартибда жаримага тортилади.

Алиментлар ундириш тўғрисидаги ишларни кўриш вақтида суд зарур бўлган тақдирда, ишни мазмунан ҳал қилгунига қадар тарафларнинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, эр (хотин) ўз хотинини (эрини) боқишга қанча миқдорда вақтинча маблағ бериб туриши кераклиги, болаларни боқиш ва тарбиялашга эр-хотиндан қайси бири ва қанча миқдорда вақтинча маблағ бериб туриши кераклиги, шунингдек болалардан қайси бири ота-оналарини боқишга қанча миқдорда вақтинча маблағ бериб туриши кераклиги тўғрисида ажрим чиқаришга ҳақли.

Суднинг ажрими дарҳол ижро этилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, суд буйруғи низосиз талаблар бўйича суд муҳокамаси ўтказмасдан берилган суд ҳужжат бўлиб, суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга. Суд буйруғи бўйича ундирув буйруқ берилганидан кейин ўн кунлик муддат ўтгандан кейин ва суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Бордию, суд томонидан чиқарилган суд буйруғи иккинчи тарафнинг эътирозномаси асосида бекор қилинган тақдирда низо даъво ишини юритиш тартибида кўриб чиқилади.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

Перейти к содержимому