ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАР ЎЗАРО БОҒЛИҚЛИГИНИНГ КОНСТИТУЦИЯДАГИ АКСИ

Ҳар бир демократик давлатнинг конституция ва қонунларида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида баҳоланади.

Шуни унитмаслик керакки, ҳуқуқ бор жойда мажбуриятлар ҳам келиб чиқади.

Бу қоида янги Конституциямизда алоҳида бир норма сифатида ўз аксини топди.

Жумладан, янги Конституциямизнинг 20-моддасига “Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқдир” мазмундаги норма киритилди.

Бу норманинг асосий мазмуни шундан иборатки, фуқаролар ва давлат бир-бири билан муносабатга киришганда турли ҳуқуқ ва мажбуриятларни олади. Масалан, фуқароларга атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбурияти бўлса, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини рўёбга чиқариш чораларини кўриши керак.

Шунингдек, мазкур моддада инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари фақат суд томонидан чекланиши ҳамда барча давлат органларининг фаолияти мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликларинидан келиб чиқиши белгиланди.

Бундан ташқари, ушбу моддада аввал ҳеч қайси нормада аксини топмаган “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади” норма белгиланди.

Қонуннинг асосий мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилишдан иборатдир. Яъни, қонунлар кимгадир ортиқча мажбурият ёки харажат юклаши мумкин эмас. Аксинча, қонунлар воситасида жамият ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинади, инсонлар ҳаёти барқарорлаштирилади ва бир маромда кетиши таъминланади.

Мутаносиблик принципи ҳам шу мақсадни кўзлайди. Давлат ва инсон ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар турли тушунмовчиликларга, инсон ва фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига олиб келади. Конституциянинг ушбу моддасида номувофиқликлар давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилиши назарда тутилган.

Буни эса мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг тўла таъминланганлигининг яна бир ёрқин мисоли сифатида кўрсатишимиз мумкин.

Мақсадимиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш. Зеро, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланганлиги давлатнинг конституция ва қонунлари мустаҳкам ва барқарорлигидан далолат демакдир.

Меҳриддин Холбеков

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ОИЛА МУСТАҲКАМ, ТИНЧ БЎЛСА – ЖАМИЯТ БАРҚАРОР ТОПАДИ

Оила азал-азалдан муқаддас қўрғон саналган. Инсон оилада дунёга келади, улғайиб камол топади. Энг аввало оила мустаҳкам, тинч бўлса жамият барқарор бўлади. Униб ўсаётган фарзандлар ҳар томонлама баркамол бўлишига имкон яратилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасига асосан, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир.

Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судига даъвогар Азиз Солихов (исм, шарифлар ўзгартирилган) даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда жавобгар Назира Кариевна билан 2021 йил 05 январь куни туман ФХДЁ бўлимида қайд этилган никоҳларидан ажратишни сўраган.

Аниқланишича, тарафлар 2021 йил 5 январь куни қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуришган.

Тарафларнинг биргаликдаги турмушларидан бир нафар
2022 йилда туғилган Алишер исмли ўғил фарзандлари бор.

Даъвогарнинг даъво аризасига кўра жавобгар билан 2023 йил апрель ойидан бошлаб эр-хотинлик муносабатлари тугаган, бироқ жавобгар келин бўлиб тушган уйида яшаб келмоқда.

Суд тарафларнинг бир нафар фарзандлари борлиги, ўрталаридаги келишмовчиликлар вақтинча эканлиги, жавобгар ҳозирда келин бўлиб тушган хонадонида яшаб келаётганлиги, жавобгарни никоҳдан ажрашишга рози эмаслиги, оиласини сақлаб қолмоқчи эканлиги ҳамда оилани сақлаб қолиш имконияти бор эканлигини инобатга олиб, суд ушбу ҳолат бўйича Олий суд Пленумининг раҳбарий кўрсатмаларига асосланган ҳолда даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириш учун етарли асос йўқ деган хулосага келиб, даъвогарнинг даъво аризаси рад этилди.

Шунингдек, мазкур низоли оила билан ишлаш, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан мазкур зиддиятли бўлган оилада соғлом муҳитни яратиш, оилани сақлаб қолши ҳамда оилани мустаҳкамлаш чора-тадбирлари ишлаб чиқиш учун хусусий ажрим чиқарилиб ижро қилиш мақсадида туман ҳокимлиги Оила ва хотин-қизлар бўлимига юборилди.

Зеро, оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан мамлакат барқарордир.

Рухиддин Пирназаров

Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди судьяси

МЕҲНАТ ҚИЛИШ ҲУҚУҚИ – КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲИМОЯДА

Мана ўттиз йилдирки, кўп миллатли Ўзбекистон ўзининг Асосий Қонуни – Конституцияси ҳимоясида яшаб келмоқда. Чунки, унинг барча моддаларида инсон ва фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаётини яхшилаш, хавфсизлигини таъминлаш йўлида ҳар биримизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳуқуқларимиз аниқ мустаҳкамлаб қўйилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Гарчи, меҳнат қилиш ҳуқуқи Асосий қонун ва бошқа қонун ости ҳужжатлар билан ҳимояланган бўлса-да, бироқ ҳозирга қадар иш берувчилар томонидан ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига салбий таъсир кўрсатувчи ҳужжатлар чиқарилмоқда.

Жумладан, судга фуқаро Ахмад Аброров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ушбу аризасида у туман давлат солиқ инспекциясида Солиқ қарзини ундиришни ташкил қилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келганлиги, унинг меҳнат фаолиятида аниқланган хато ва камчиликлар юзасидан интизомий жазо қўллаш муддати ўтган бўлса-да, у ғайриқонуний равишда эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлигини баён қилиб, суддан мазкур Солиқ бошқарма бошлиғининг тегишли буйруғини ғайриқонуний деб топиб, уни аввалги ишига тиклашни сўраган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, фуқаро Ахмад Аброров вилоят Солиқ бошқармаси тизимида кўп йиллардан буён ишлаб келиб, жумладан туман давлат солиқ инспекциясининг Юридик шахсларга хизмат кўрсатиш шўъбаси давлат солиқ инспектори лавозимида, Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторида ишларни ташкил қилиш бўлими давлат солиқ катта инспектори лавозимида, Юридик шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими Ресурс солиқлари ҳисобини юритиш ва назорат шўъбаси давлат солиқ катта инспектори лавозимида, Солиқ қарзини ундиришни ташкил қилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.

Солиқ бошқармаси томонидан ходимнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ўтказилган хизмат текшируви хулосасидан кўринишича, Солиқ қарзини ундиришни ташкил қилиш бўлими бошлиғи Ахмад Аброров ўз вазифасидан фойдаланиб, ARMNI дастури орқали “Baraka” хусусий корхонаси раҳбарини Бегмат Бозоровдан Ж.Жумаев номига ўзгартирилганлиги, натижада эса “Baraka” хусусий корхонасининг 2023 йил 10 февраль ҳолатида ҳосил бўлган 58.723.186 сўм солиқ қарздорлиги бюджетга ундирилмасдан қолганлиги боис фуқаро Ахмад Аброров билан тузилган мазкур меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандини қўллаган ҳолда бекор қилиш таклиф қилинган.

Суд томонидан “Baraka” хусусий корхонаси раҳбари дастлаб Қумқўрғон туман Давлат хизматлари марказида ўзгартирилганлиги ва шу асосда солиқ органинг ARMNI дастурида ҳам корхона раҳбари ўзгартирилганлиги, ушбу корхона раҳбари ўзгартирилганлиги корхонанинг 58.723.186 сўм солиқ қарздорлиги бюджетга ундирилмасдан қолишига ҳамда банкротликка тушиб қолишига сабаб бўлмаганлиги, фуқаро Ахмад Аброровнинг хатти-ҳаракатларида ARMNI дастурига қасддан нотўғри ёки сохта маълумотлар киритилмаганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 182-моддаси талабига кўра, фуқаро Ахмад Аброровнинг 2021 йил 21 декабрь кунидаги хатти-ҳаракати учун ушбу хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб 16 ой ўтгач ғайриқонуний равишда  интизомий жазо қўлланилганлиги аниқланди.

Судда аниқланган барча ҳолатларга кўра, суднинг тегишли қарори асосида даъвогарнинг даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилиб, фуқаро Ахмад Аброров туман давлат солиқ инспекциясига Солиқ қарзини ундиришни ташкил қилиш бўлими бошлиғи лавозимига ишлаб тикланди.

Хулоса қилиб айтганда, Бош қомусимизда ҳамда меҳнат қонунчилигида белгиланган барча нормалар ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш ва адолатли меҳнат шароитларида ишлашга тўла ҳақлилиги таъминлаб келмоқда.

Зухриддин Мавлонов

Сурхондарё вилоят суди судьяси

УЙ-ЖОЙДАН УЛУШ АЖРАТИШ ҲАҚИДАГИ ДАЪВО СУДДА КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23-моддаси
1-қисмида, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланиши белгиланган.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 28-моддаси 1-қисми талабига кўра, “Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг деб ҳисобланади” дейилган.

Даъвогар Махмуд Маликов даъво ариза билан судга мурожаат килиб, даъво аризасида жавобгар Муниса Ярашева билан 1977 йилда қонуний никоҳдан ўтган ҳолда турмуш қурганлиги, ўрталарида 3 нафар фарзандлари борлиги, оилавий келишмовчиликлар сабабли 1994 йилдан буён бирга яшамаслиги, қонуний никоҳдан ажрашганлиги, бирга яшаган даврида Узун тумани Янгирўзғор қишлоғида жойлашган уй-жойни биргаликда олганлигини, уй-жой Муниса Ярашева номига расмийлаштирилганлиги, ҳозирда уй-жойдан улушини ўзаро келишган ҳолда олишнинг имкони бўлмаётган сабабли мазкур уй-жойдан улушини ажратиб беришни сўраган.

Ушбу даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро суди 2023 йилда кўриб чиқилиб, даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантиришдан рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилган.

Аниқланишича, тарафлар ўзаро қонуний никоҳга кириш вақтида ёки ундан кейин ҳам никоҳ шартномаси тузишмаган.

Гарчанд, суд мажлисидаги тушунтиришида низоли уй тарафларнинг никоҳлари давомида орттирилган умумий мулк ҳисобланишлиги ҳақида важ келтирилсада, суд даъвогарнингдаъво талабида кўрсатилган Узун тумани Янгирўзғор қишлоғида жойлашган уй тарафларнинг умумий мулки ҳисобланганлигини эътироф этган ҳолда, даъвогар Махмуд Маликов жавобгар Муниса Ярашева билан суднинг 2016 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан қонуний никоҳдан ажралган сўнг, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 27-моддаси 9-қисми талабига мувофиқ  уч йил давомида мол-мулк бўйича низолашмаганлиги, суд қарорлари билан даъвогарга мол-мулк низоси бўйича умумий тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги, бироқ, даъвогар томонидан қонун билан белгиланган муддат узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборилганлигини  инобатга олиб, унинг келтирган важлар билан келишмаслиги аниқланган.

Туманлараро судида ишдаги ҳужжатларни тўлиқ ўрганиб ҳамда муҳокама қилиб, даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантиришдан рад этилган ва даъвогар томонидан суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция тартибида шикоят келтирган.

Судлов ҳайъати томонидан апелляция шикояти асосида фуқаролик иши кўриб чиқилиб, аниқланган иш ҳолатлар ва амалдаги қонун талабларига кўра, апеляция шикоятидаги важлар биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлолмаслиги боис, суднинг ҳал қилув қарорини  ўзгаришсиз, берилган апелляция шикоятни қаноатлантирмасдан қолдирилган.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, қонунчилигимизда эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг деб ҳисобланиши белгиланган.

Дилором Алмуратова

Сурхондарё вилоят суди судьяси

БИР ГУРУҲ ШАХСЛАРГА ИНСОНПАРВАРЛИК ТАМОЙИЛИ ҚЎЛЛАНИЛДИ

Суд-ҳуқуқ соҳасида конституциявий талаблар асосида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатлари тўла таъминланмоқда.

Зеро, ушбу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсонни рози қилиш, уларнинг эзгу орзуларини рўёбга чиқариш, пировардида инсонпарварлик тамойилларига асосланган демократик жамиятни барпо этишдан иборатдир.

Жорий йилнинг 27 июль куни Музработ тумани 10-сонли мусиқа ва санъат мактаби биносида ўтказилган сайёр суд мажлисида жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси И.Шаймановнинг раислигида туман ички ишлар бўлими Пробация гуруҳида жазо ўтаб турган уч нафар маҳкумларни ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан, олти нафар маҳкум муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш, бир нафар маҳкумга нисбатан озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлагани, суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармагани учун бошқа жазо турига алмаштириш юзасидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.

Суд, иш ҳужжатларини атрофлича ўрганиб чиқиб, инсонпарварлик тамойилига таяниб, Музработ туман Ички ишлар бўлими Пробация гуруҳи ҳисобида туриб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, ўрнатилган тартиб қоидаларига риоя қилган, ўзининг ҳулқини ижобий томонга ўзгартирган, жазони ўташ даврида интизомий жазога тортилмаган, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб етиб, тузалиш йўлига ўтганлиги,  бундан ўзларига тегишли хулоса чиқарганлиги инобатга олиниб, инсонпарварлик тамойили асосида жами тўққиз нафар маҳкумларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан ўталмай қолган жазо муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Шунингдек,  сайёр суд мажлисида озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган бир нафар маҳкумга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 481-моддаси 6-қисмига асосан тайинланган озодликни чеклаш жазоси озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштирилди.

Сайёр суд мажлисида раислик қилувчи томонидан маҳкумларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жазони ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозимлиги, жазони ўташ тартибини бузганлик учун сақлаш режимини ашаддий бузувчи маҳкумларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган интизомий чора оқибатлари, шунингдек жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниб, жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинланиш оқибатлари ҳақида тушунтиришлар берилди.

Суд-ҳуқуқ тизимида амалга ошириладиган барча ишлар замирида қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришиш каби эзгу ғоялар ётади. Айнан инсон ва адолатли суд ўртасидаги ўзаро муносабатларда қонунийликни ва адолатни таъминлайдиган ҳаракатлар замирида халқимизнинг осойишта ҳамда рози бўлиб яшаш ҳуқуқи турибди.

Бу билан суд, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб етган ва ахлоқан тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга имкон берилганлиги ҳалқимизнинг кечиримлилик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларининг руёбга чиқарилиши билан бир қаторда жазодан озод этилган шахсларнинг жамиятда ўз ўрнини топишда, оила аъзолари, фарзандлари, шунингдек жазодан озод қилинган шахсларнинг оилаларда тинчлик-хотиржамликни таъминлаш билан бирга, эл-юрт тарақиёти учун муносиб хисса қўшишларига яна бир имкон яратди.

Жамиятимизда шахсни тарбиялаш орқали соғлом муҳит яратиш вазифаси, нафақат судларнинг, балки кенг жамоатчилик, қолаверса, ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини унутмаслик лозим.

Икром  Шайманов

Жиноят ишлари бўйича  Музработ туман суди раиси

ИШ БЕРУВЧИНИНГ БУЙРУҒИ СУД ТОМОНИДАН ҒАЙРИҚОНУНИЙ ДЕБ ТОПИЛДИ

Маълумки, 2023 йилнинг 30 апрелга қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 93-моддаси 1-қисмига кўра, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади.

Мазкур кодекснинг 96-моддаси 1-қисмига кўра, доимий бошқа ишга ўтказиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Бошқа доимий ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномасига киритилган ўзгаришлар асос бўлади.

Даъвогар Шохида Ахмедова (исм ва фамилияси ўзгартирилган) жавобгар Республика “Тез тиббий ёрдам маркази” вилоят филиалига нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, иш берувчининг 2023 йил 25 январдаги тегишли буйруғини бекор қилишни ва Бойсун тумани тез тиббий ёрдам кўрсатиш катта ҳамшираси вазифасига ишга тиклашни, иш ҳақлари ва маънавий зарар ундиришни сўраган.

По гражданским делам Термиз туманлараро судининг 2023 йил 2 июндаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилган.

Аниқланишича, даъвогар Шохида Ахмедова анча йиллардан буён тиббиёт соҳасида ишлаб келиб, 2022 йил ноябрь ойидан бошлаб Бойсун тумани ТТЁБга катта катта ҳамшира вазифасига ишга қабул қилинган.

Иш берувчининг 2023 йил 25 январдаги тегишли буйруғига асосан Шохида Ахмедова 2023 йил 21 январдан бошлаб катта ҳамшира вазифасидан озод этилиб, ўз хоҳишига асосан навбатчи ҳамшира вазифасига ишга ўтказилган. Ушбу буйруққа Ш.Ахмедованинг аризаси асос қилиб олинган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар Шохида Ахмедова томонидан ёзилган аризада айнан қайси вазифага ишга ўтказилиши аниқ баён этилмасдан, мавҳум ҳолда кўрсатилган.

Ўз навбатида, иш берувчи томонидан Шохида Ахмедованинг аризасига асосан дастлаб меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритмасдан, вазифасининг ўзгартилганлиги ҳақида тилхат олмасдан, бир вазифадан бошқа вазифага ўтказиб хатоликка йўл қўйган.

Судлар иш берувчининг қистови натижасида Шохида Ахмедова бошқа ишга ўтказиш ҳақида ариза ёзишга мажбур бўлганлиги, катта хамшира ва навбатчи хамшира вазифаларидаги иш ҳақлари кескин фарқ қилиши, унинг узоқ вақт давомида ушбу муассасада фаолият юритиб келганлиги ва оилавий шароити оғир бўлиб, кам иш ҳақи тўланадиган вазифага ўз хоҳиши билан ўтмаганлиги, Шохида Ахмедованинг асосий иш жойидан кетиш истаги бўлмаганлиги ҳолатларини инобатга олиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида тўхтамга келган.

Биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар вакили томонидан келтирилган апелляция шикояти вилоят суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, суднинг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти эса қаноатлантирилмасдан  қолдирилган.

Бинобарин, Бош қомусимизнинг 54-моддасига асосан “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир.

Шундай экан, суд Шохида Ахмедованинг мурожаатини ижобий ҳал этиш билан бир вақтда унинг бузилган ҳуқуқларини ҳам тиклади.

Шерзод Элиев

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА СУДЛОВГА ТЕГИШЛИЛИК

Судловга тегишлилик деганда ҳудудийлик тушунилади. Масалан, иқтисодий судларда жавобгарнинг манзили бўйича ёки икки ёки ундан юридик шахслар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ низони кўриб чиқувчи ҳудуд тушунилади.

Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 5-бобида батафсил маълумот берилган. Унга кўра Юридик шахсларга нисбатан даъволар улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.

Юридик шахсларга нисбатан уларнинг алоҳида бўлинмалари фаолиятидан келиб чиқадиган даъволар алоҳида бўлинмалар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.

Фуқароларга нисбатан даъволар улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.

Яна бир жиҳати борки, унга кўра даъвогарнинг танлови билан судни ҳудуд бўйича ўзи танлаши мумкин. Иқтисодий процессуал кодексининг 34-моддасига мувофиқ, турли ерларда жойлашган бир неча жавобгарга нисбатан даъволар даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгарлардан бири давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.

Давлат рўйхатидан ўтган жойи номаълум бўлган жавобгарга нисбатан даъволар унинг мол-мулки жойлашган ердаги ёки унинг маълум бўлган охирги жойлашган еридаги судга тақдим этилиши мумкин. Шу билан бирга, кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги даъволар, кўчмас мулк ҳақидаги низолар, шу жумладан кўчмас мулкни бошқа шахснинг ғайриқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги ёхуд мулкдорнинг ёки мол-мулкнинг бошқа қонуний эгасининг ҳуқуқлари эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бузилишини бартараф этиш ҳақидаги ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги бошқа даъволар кўчмас мулк жойлашган ердаги судга тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган ва бошқа давлат ҳудудида турган жавобгарга нисбатан даъволар даъвогар жойлашган ерда ёки жавобгарнинг мол-мулки жойлашган ерда тақдим этилиши мумкин.

Ижро этиш жойи кўрсатилган шартномадан келиб чиқадиган даъволар мажбурият ижро этиладиган жой бўйича тақдим этилиши мумкин.

Йирик инвестор бўлмаган инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъволар жавобгар жойлашган ердаги туман (шаҳар), туманлараро иқтисодий судга ёки Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига тақдим этилиши мумкин.

Ташувчига нисбатан йўловчилар, багаж ва юкларни ташиш шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар, шу жумладан, агар жавобгарлардан бири ташувчи бўлса, транспорт ташкилотининг органи жойлашган ердаги судга тақдим этилади.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ҳакамлик суди жойлашган ердаги иқтисодий судга берилади.

Ҳакамлик судида кўрилаётган даъвони таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги, шунингдек ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ҳакамлик суди жойлашган ердаги ёки қарздор давлат рўйхатидан ўтган жойдаги ёхуд агар қарздор давлат рўйхатидан ўтган жой номаълум бўлса, унинг мол-мулки турган жойдаги иқтисодий судга берилади.

Арбитрни тайинлаш, арбитрни рад этишни қаноатлантириш, арбитр ваколатларининг амал қилишини тугатиш хусусида қарор қабул қилиш, арбитраж судининг юрисдикцияси масаласи юзасидан қарорлар қабул қилиш, далилларни олишга кўмаклашиш, шунингдек арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза арбитраж жойлашган ердаги иқтисодий судга берилади.

Таъминлаш чораларини тан олиш ва ижрога қаратиш, арбитраж судида кўрилаётган даъвони таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги ариза арбитраж жойлашган ердаги ёки қарздор давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги ёхуд, агар қарздор давлат рўйхатидан ўтказилган жой номаълум бўлса, унинг мол-мулки турган жойдаги иқтисодий судга берилади.

Қарши даъволар дастлабки даъво кўрилаётган жойдаги судга тақдим этилади.

Нурали Эргашов

Сурхондарё вилоят суди девонхона катта консультанти

ЎЗ ЯШАШ ХОНАДОНИНИ ФОХИШАХОНАГА АЙЛАНТИРГАН АЁЛ

Ангор туманида яшовчи Сунбула Тулаева (исм-фамилялар ўзгартирилган) текин даромад олиш мақсадида ўз хонадонида фоҳишахона ташкил этиб, жорий йилнинг январь ойида ушбу туманда яшовчи Гулбой исмли эркак ҳамда Салима исмли аёлни ўзининг яшаш хонадонига киритиб, уларга жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб, бунинг эвазига Гулбойдан 200.000 сўм миқдорда пул сўрайди. Йигит эса шу заҳотиёқ айтилган пулни беради ва улар шу ерда ўз ниятларини амалга ошириб бўлгандан сўнг, Сунбула Тулаева хонадонига ички ишлар органи ходимлари кириб келишиб, тезкор тадбир ўтказилаётганини маълум қилишади.

Ўтказилган тезкор тадбирда С.Тулаевадан 200.000 сўм пуллар холислар иштирокида ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб, дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилади.

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судида ўтказилган суд мажлисида судланувчи Сунбула Тулаева айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан оила аъзоларининг хабари йўқлигини, содир этган жиноятидан пушаймонлигини билдириб, суддан қонуний енгиллик беришни сўради.

Суд судлавувчига нисбатан қилган жиноят ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, унинг аёллигини инобатга олиб ва оилавий шароитидан келиб чиқиб, қилган жиноят учун тегишли жазо чорасини тайинлади.

Хулоса қилиб айтганда, адашганларга йўл кўрсатиб, уларга меҳр қўлини чўзиш халқимизга хос фазилатдир. Бироқ, шуни унутмаслик керакки, жиноят жазосиз қолмайди.

Суюн Бўтаев

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси

АЖРАШМАЙ ТУРИБ ЭР – ХОТИН МОЛ-МУЛКИНИ БЎЛИШИ МУМКИНМИ?

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 27-моддасига кўра, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам, шунингдек кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда амалга оширилиши мумкинлиги белгиланган.

Шу ўринда юқоридаги “Ажрашмай туриб эр-хотин мол-мулкини бўлиши мумкинми?” деган савол туғилади.

Демак, эр-хотин никоҳ даврида ҳам низо юзага келган ҳолларда мол-мулкни суд орқали бўлиб олишлари мумкин. Бунинг учун улар тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси билан мурожаат қилишлари лозим.

Умумий мол-мулкни бўлишда суд эр ва хотиннинг ҳар бирига мулкнинг қайси қисми берилиши лозимлигини аниқлайди. Эр (хотин)га унга қарашли улушдан ошиқ қийматга эга бўлган мол-мулк бериладиган ҳолларда, хотин (эр)га тегишли пул ёки ўзга компенсация белгиланиши мумкин.

Дилором Алмуратова

Сурхондарё вилоят суди судьяси

СЕКВЕСТР  ШАРТНОМАСИ – БУ НИМА?

Секвестр – бу молиялашувнинг ўзгарувчан қоидаларидан бири ҳисобланади. Секвестр, шартнома бўйича ашёга эгалик қилиш хусусида ораларида низо чиққан икки ёки бир шахс низоли ашёни учинчи шахсга берадилар. Бунда, учинчи шахс низо ҳал бўлгач, ашёни суд қарори билан ёки низолашаётган ҳамма шахсларнинг келишувига мувофиқ кимга тегишли бўлса, ўша шахсга қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Низоли ашё суднинг қарорига кўра, секвестр тартибда сақлаш учун топширилиши мумкин. Бунда, суд томонидан тайинланган шахс ҳам, шунингдек баҳслашаётган тарафларнинг ўзаро келишувига мувофиқ белгиланадиган шахс ҳам суд секвестр бўйича омонат сақловчи бўлиши мумкин. Ҳар иккала ҳолда ҳам, агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, омонат сақловчининг розилиги талаб қилинади.

Секвестр тартибида сақлашга кўчар мулклар ҳам, шунингдек кўчмас мулклар ҳам топширилиши мумкин. Бунда, молиялашувчи ва молиялашувчи бўлган томонлар ўртасида келишилган тартибга кўра мувофиқлаштирилиши керак.

Секвестрнинг амалий қўлланилиши жуда кўп йўналишларда учрайди. Масалан, шартнома шартларига биноан, хизмат кўрсатувчи бир компания ўз мижозларининг тўловларини секвестр режими остида сақлай олади.

Секвестр омонат сақлаш шартномасининг бир тури ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 900-моддасига кўра, секвестр тўғрисидаги шартнома бўйича ашёга эгалик қилиш хусусида ораларида низо чиққан икки ёки бир неча шахс низоли ашёни учинчи шахсга берадилар. Учинчи шахс низо ҳал бўлгач, ашёни суд қарори билан ёки низолашаётган ҳамма шахсларнинг келишувига мувофиқ кимга тегишли бўлса, ўша шахсга қайтариб бериш мажбуриятини олади (шартнома секвестри).

Низоли ашё суднинг қарорига кўра секвестр тартибида сақлаш учун топширилиши мумкин (суд секвестри).

Суд томонидан тайинланган шахс ҳам, шунингдек баҳслашаётган тарафларнинг ўзаро келишувига мувофиқ белгиланадиган шахс ҳам суд секвестри бўйича омонат сақловчи бўлиши мумкин. Ҳар иккала ҳолда ҳам, агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, омонат сақловчининг розилиги талаб қилинади.

Бехруз Авазов

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

Перейти к содержимому