ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ 2017 ЙИЛ 3 ЯНВАРДАГИ «КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУНИНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ

Жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаб, шахснинг тергов ва суд ҳаракатлари жараёнидаги ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, суд ва тергов органларининг масъулиятини янада кучайтиришга, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва судга бўлган ишончини ошириш, бир сўз билан айтганда, мамлакатда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Жамиятда шундай иллатлар борки, у маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади. Давлатни ич-ичидан емирадиган ана шундай иллат – коррупция ва порахўрликдир. Айнан шу иллат сабабли кўплаб давлатларнинг инқирозга юз тутгани ҳам тарихдан маълум.

Коррупция сўзи – лотинча “пора бериб сотиб олиш” маъносини англатиб, мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланишни ифодаловчи сиёсий ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият тушунилади. Коррупция жиноят қонунчилигида ўзи мустақил жиноят таркиби бўлмай, балки бир қатор мансабга оид жиноятларни қамраб олувчи умумлашган тушунчадир.

Хусусан, унинг таркибига мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ҳокимият ҳаракатсизлиги, пора олиш, бериш ва бошқа бир қатор жиноятлар киради.

Таъкидлаш лозимки, коррупция, энг аввало, инсон ҳуқуқларини таъминлашга монелик қилиб, ижтимоий тенгсизликни келтириб чиқаради. Эркин бозор иқтисодиётининг ривожланишига, ҳаёт даражасининг пасайишига олиб келади. Шу билан бир қаторда коррупция фуқароларнинг давлат бошқаруви идораларига бўлган ишончи йўқолишига олиб келиб, уюшган жиноятчиликнинг авж олишига замин яратади ва инсонларнинг хавфсизлигига таҳдид солади.

Яъни ҳар қандай салбий ҳолат сингари коррупция ҳам жамият ривожига тўсқинлик қилмоқда. Шу боиси мамлакатимизда коррупцияга қарши  кексин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда. Жумладан, бунинг асоси сифатида Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз ваколатига киришиши билан Президент сифатида имзо чеккан энг биринчи ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилиниши зарурати, унинг мақсад ва вазифалари, берилган тушунчалар, коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ҳақида, шунинг билан биргаликда коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан бири ҳисобланиши,  коррупция деганда давлат амалдорлари томонидан шахсий маффатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида фуқаролардан пора олиш ва бошқа ҳаракатлар содир этилиши тушунилиши, фуқароларни коррупция ҳолатлари тўғрисида хабарлари бўлганида дарҳол мутассадди ташкилотларга хабар беришлари лозимлиги тушунтиришлар бериб ўтди.

Умуман олганда, сўнгги йилларда қилинган ишлар таҳлили аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилганини кўрсатиб турибди.

Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.

Албатта, бажарилган ишлар салмоқли. Аммо биз кечаги қилган ишимизнинг натижасига маҳлиё бўлиб қолсак, эртанги ишимизнинг якуни биз кутганчалик бўлмаслиги табиий.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ”ги Фармоннинг қабул қилиниши, коррупцияга қарши кураш бўйича идоралараро комиссиясининг  ташкил этилиши, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат Дастурининг тасдиқланиши мамлакатимизда коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чора–тадбирлар, вазифаларни амалга оширишни таъминлашга хизмат қилади.

Уктам Мамадиев

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

ҚОНУН БЎЙИЧА МЕРОСГА БЎЛГАН ҲУҚУҚ ТЎҒРИСИДАГИ ГУВОҲНОМА ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИЛИБ, ВОЯГА ЕТМАГАН МЕРОСХЎРЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ

Даъвогар А.В жавобгарлар Б.А ва В.А ларга нисбатан қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномаларни ва автотранспорт воситасининг олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат этган бўлиб, унда марҳум Г. билан оила қуриб 2021 йил 01 октябрь кунигача яъни унинг вафотига қадар яшаганлигини, ушбу ҳолат МФЙнинг далолатномаси билан ҳам тасдиқланишлигини, марҳум Г. билан ўрталарида икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини ҳамда уларга марҳум Г. нинг оталиги белгиланганлигини, нотариус томонидан қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ва қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага қўшимча гувоҳномани бериш вақтида унинг фарзандлари ворисликка чақирмаганлиги ва уларнинг мерос улуши ҳисобга олмаганлигини, ушбу меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномаларга асосан жавобгар Б. мерос мулк ҳисобланган юк автомашинасини жавобгар В. га нотариал тасдиқланган автотранспорт воситасини олди-сотди шартномасига асосан сотиб юборганлигини, шу сабабли қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ва қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага қўшимча гувоҳномани ҳамда автотранспорт воситасини олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Мазкур даъво аризаси бўйича қўзғатилган фуқаролик иши судда кўрилиб, даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантирилди.

Ишда тўпланган ҳужжатларга кўра, Б. ва Г.  1998 йилда қонуний никохдан ўтган ҳолда турмуш қуришган. Уларнинг биргаликдаги турмушларидан икки нафар фарзандлари бор.

Даъвогар А. нинг икки нафар фарзандлари бўлиб, уларга марҳум                   Г. нинг оталиги белгиланган. Бу ҳақда ФҲДЁ бўлими томонидан маълумотномалар тақдим этилган.

ФҲДЁ бўлими томонидан берилган ўлим гувоҳномасига кўра, Г. 2021 йилда вафот этган.

Ишдаги ҳужжатларга қараганда, марҳум Г. номига 2016 йилда берилган транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасига асосан тегишли бўлган ISUZU  русумли, 2016 йилда ишлаб чиқарилган автотранспорт воситаси рўйхатга олинган.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан 2021 йилда вафот этган марҳум Г.га тегишли мол-мулкларнинг меросхўри сифатида 2022 йилда Б. га қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилган.

Ушбу мерос гувоҳномасига кўра Б. автотранспорт воситасига мерос ҳуқуқини олган. 

Марҳум Г. номига Янгиҳаёт тумани, Янги турмуш МФЙ да жойлашган уй-жой рўйхатга олинган.    

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан 2021 йилда вафот этган марҳум Г.га тегишли мол-мулкларнинг меросхўри сифатида 2022 йилда Б.га илгари берилган меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага қўшимча равишда гувоҳнома бериш ҳақидаги аризасига асосан қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага қўшимча меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома  берилган.

Ушбу мерос гувоҳномасига кўра Б. Янгиҳаёт тумани, Янги турмуш МФЙ да жойлашган уй-жойга мерос ҳуқуқини олган.

Қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномаларни расмийлаштиришда туман ФҲДЁ бўлими томонидан берилган маълумотнома ҳамда МФЙ томонидан берилган Форма-04 шаклидаги маълумотномаси асос қилиб олинган.

Мазкур маълумотномаларда марҳум Г.нинг оила аъзолари сифатида Б. ва икки нафар фарзанди кўрсатилган бўлиб, бошқа меросхўр йўқ эканлиги қайд этилган, даъвогар А. нинг фарзандларининг исм фамилияси кўрсатиб ўтилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1118-моддаси
1-қисмига кўра, мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Шунингдек, ушбу Кодекснинг 1135-моддасига кўра, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.

Нотариус томонидан қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳамда қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага қўшимча меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беришда биринчи навбатдаги меросхўрлар ҳисобланган даъвогар А.нинг икки нафар фарзандларининг улушини ажратмасдан хатоликка йўл қўйган ва бунинг оқибатида вояга етмаганларнинг биринчи навбатдаги меросхўр сифатидаги ҳуқуқи ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 12-моддасида “Давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин” деб белгиланган.Суд қонун ҳужжатлари нормалари ва ишдаги аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, даъвогар А.нинг икки нафар вояга етмаган фарзандларининг ҳам марҳум Г.нинг мерос мулкларда улушлари борлигини ҳисобга олиб даъво талабларини қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Бахтиёр Мустафаев

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси

ЯНГИ МЕҲНАТ ҚОНУНЧИЛИГИДА ЎН САККИЗ ЁШГА ТЎЛМАГАН ХОДИМЛАРНИНГ МЕҲНАТ ҚИЛИШ ҲУҚУҚЛАРИНИНГ ТАРТИБГА СОЛИНИШИ

Мамалакатимиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Бу борада ёшларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларини химоя қилиш борасида Янги Меҳнат кодексида бир қатор нормалар киритилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 411-моддасига кўра, ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланадиган энг кам иш ўринлари ҳисобидан захирадаги иш ўринларига маҳаллий меҳнат органларининг йўлланмаси билан ишга жойлашиш кафолатланган.

Шунингдек, ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг меҳнатини меҳнат шароити зарарли ва (ёки) хавфли бўлган ишларда, ер ости ишларида, шунингдек бажарилиши уларнинг ҳаётига ва соғлиғига, хавфсизлигига ва маънавий жиҳатдан камол топишига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда (тунги кафе ва клубларда, спиртли ичимликларни, тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни, токсик препаратларни ишлаб чиқариш, ташиш ҳамда сотиш ва бошқалар) қўллаш тақиқланган.

Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларнинг улар учун белгиланган йўл қўйиладиган энг кўп нормалардан ортиқ бўлган оғирликдаги юкларни кўтариши ва ташиши тақиқланган.

Ўн саккиз ёш тўлмаган ходимларнинг соғлини асраш мақсадида улар фақатгина  дастлабки мажбурий тиббий кўрикдан ўтганидан кейин ишга қабул қилинади ва кейинчалик улар ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар ҳар йили мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши лозим.

Иш вақтининг давомийлиги ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган, ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига йигирма тўрт соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади.

Меҳнат қонунчилигида ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларни хизмат сафарига юбориш, тунги ишларга, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиш тақиқланиши белгилаб қўйилган.

Иш берувчининг ташаббуси билан  ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилишга, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя этишдан ташқари, маҳаллий меҳнат органининг розилиги билан йўл қўйилади.

Ота-онадан бири (ота-она ўрнини босувчи шахс), шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органлар ҳамда вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар, агар ишни давом эттириш ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг ҳаётига ва соғлиғига, хавфсизлигига ҳамда маънавий жиҳатдан камол топишига таҳдид солаётган бўлса ёки уларга бошқача тарзда зиён етказиши мумкин бўлса, бундай шахслар билан меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли ҳисобланадилар.

Бахтиёр Мустафаев

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси

МУСТАҲКАМ ОИЛА – ЖАМИЯТ ТАЯНЧИ

Оила-инсон тафаккурининг олий маҳсули. Зотан, бу мўъжаз маскан умримизга мазмун, ҳаётимизга файз берибгина қолмай, жамият равнақи, юрт тараққиётида муҳим ўрин тутади. Айни чоғда оиладаги тотувлик ва аҳиллик кишининг онгу шуурида ҳаётга муҳаббат, касбга садоқат, атрофдагиларга нисбатан ҳурмат ва эътибор сингари юксак инсоний фазилатларни ҳам шакллантиради.

Аммо сўнгги йилларда турли сабабларга кўра, оила ажримларининг ошиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Мисол учун республика бўйича ўтган 2021 йил давомида 277,4 минг никоҳ қайд этилган бўлса, 28,7 минг оила ажрашган. Бу янги тузилган ҳар 10 оиладан биттасида ажрим рўй берди деганидир.

Судга ажрим учун ариза топшираётган эр-хотин танлаган қарори ҳам ўзига, ҳам жамиятга, айниқса, унинг сафига энди қўшилган кичик ёшдаги фарзандининг тақдирига салбий таъсир қилишини англайди. Аммо англаш бошқа, натижа эса амалда бошқача тус олмоқда.

Оилавий ажримлар масаласи бугун ё кечанинг гапи эмас. Бу борада ёзилмаган гап, уни босиб чиқармаган газета, мавзу янграмаган кўрсатув қолмади, ҳисоб. Мутасаддилардан сўрасангиз, “лойиҳалар амалга ошириляпти, яраштириш комиссиялари ишлаяпти”дан нарига ўтишмайди. Лекин мурғак қалбнинг тирик етим бўлиши замонавий жамиятда одатий ҳолга айланиб бормоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ажрашиш арафасида турган, ажрим қайд этилган оилаларнинг муаммолари бир-бирига ўхшамайди. Аммо ҳар бири ўз ечимига эга, ажримга қадар оилани сақлаб қолишнинг имконияти анча юқори бўлган.

Ажрашишларнинг аксарият қисмига урф-одатлар, қайнонанинг келинга солиқ солиши, куёвнинг эса келин томондан мулк таъма қилиши, келинларнинг ота уйига “гап ташиши”, телефон ва ижтимоий тармоқлар, ёшларнинг на фикрлаш, на пул топиш борасида мустақил эмаслиги, йигитларнинг ўз сўзини ўтказишга ҳаракат қилиши, қизларнинг эса “хўп”дан йироқлиги, диний билимдан бехабарлик, ўзаро ҳурмат тушунчасининг йўқолиши, бесабрлик, айбини тан олмаслик каби ҳолатлар сабаб бўлмоқда.

Ачинарлиси, никоҳ бекор қилинар экан унинг қийинчиликлари асосан аёлнинг зиммасига тушади. Чунки аксар ҳолларда у яшаб турган уйидан болалари билан чиқиб кетиши ҳамда  ўзи ва болаларнинг таъминотини ўйлашга мажбур бўлади. Маълумотларга кўра, ажрашган аёлларнинг бешдан тўрт қисми бугун қайта турмуш қурмасдан ёлғиз ҳаёт кечиряпти. Бунинг оқибатида ҳозирги кунда Республика бўйича 220 минг нафар вояга етмаган болалар тўлиқ бўлмаган оилада ота меҳрига зор бўлиб улғаймоқда…

Шунча норасида болани тирик етимга айлантирган сабаб нима? 

Бунга ёш оилалар вакилларининг никоҳга бўлган масъулиятсизлиги, фарзанд тақдирига бўлган лоқайдлик бир сабаб бўлса, ёш оилаларга маслаҳат бериб, уларга бош бўлиш ўрнига ғурур ва кибрга берилган, боласининг айбларини хаспўшлайдиган ота-оналардаги шошқалоқлик яна бир сабаб бўлмоқда. Аслида оила ҳақидаги қадриятлар ёшлар онгига болаликданоқ сингдирилиши керак эмасми…?!

Инсон оилани ўзига жуфт танлаш билан бошлайди. Муносиб умр йўлдоши танлаш инсон ҳаётидаги энг муҳим ҳаёт мамот масалаларидан бири ҳисобланади. Насл насабнинг қандай давом этиши, фарзандларнинг тарбияси, одоб ахлоқи, соғлик саломатлиги ҳатто, яқин қариндошлар билан борди келдининг сақланиб қолиши ҳам бўлажак умр йўлдошига боғлиқ. Оила мустаҳкам бўлиши учун оилада эр ва хотин шариатимиз кўрсатмаларига мос ҳолда ўз мажбуриятларни тўлиқ адо қилишлари шарт.

Никоҳланувчиларнинг аввало, иш билан банд бўлишга интилиши, иккинчидан, оиласини моддий таъминлаш мақсадида ишлаш учун узоққа кетишга оид истаклари кейинчалик бошқа омиллар таъсирида оиланинг бузилишига олиб келган, дейиш мумкин. Эр-хотинни иш билан таъминлаш, оила бюджетини қўшимча даромад эвазига мустаҳкамлаш сингари муаммоларни бартараф этиш у қадар мушкул эмас, яъни ечимини топиш мумкин бўлган масаладир.

Хулоса қилиб айтганда, оилани асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ажрашиш арафасидаги оилаларни яраштириш энг эзгу амаллардан ҳисобланади. Шундай экан, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, эр-хотинни ўзаро муросага келтириш борасида нафақат судлар, балки кенг жамоатчилик ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатиши жамиятимиз ривожига муносиб улуш қўшиши шубҳасиздир.

Зухриддин Мавлонов

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ИШ БЕРУВЧИ ТОМОНИДАН БАНДЛИК ВА ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШ СОҲАСИДА ТАҚДИМ ЭТИЛАДИГАН КАФОЛАТЛАР

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 97-моддасида иш берувчининг бандлик ва ишга жойлаштириш соҳасидаги мажбуриятлари белгилаб қўйилган.

Хусусан, иш берувчининг зиммасида бандлик ва ишга жойлаштириш соҳасида қуйидаги мажбуриятлар бўлади:

– Меҳнат Кодекснинг 166-моддасига мувофиқ ходимларни ишдан бўшатиш тўғрисида ахборот тақдим этиш;

– Меҳнат Кодекснинг 119-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишга йўл қўймаслик;

– Меҳнат Кодекснинг 99-моддасига мувофиқ иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобига шахсларни ишга жойлаштириш;

– Меҳнат Кодекснинг 165-моддасига мувофиқ ходимларни меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш;

– Меҳнат Кодекснинг 144-моддасига мувофиқ ходимнинг иш ўрнини бошқа ишга ўтказиш тартибида сақлаш чораларини кўриш;

– меҳнат шартномаси Меҳнат Кодекснинг 100-моддаси биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларига мувофиқ алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда ўртача ойлик иш ҳақини ишга жойлаштириш даврида сақлаб қолиш;

– таклиф этилган шахсларга Меҳнат Кодекснинг 101-моддасига мувофиқ кафолатлар бериш;

– ўзи билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат Кодекснинг 102-моддасига мувофиқ алоҳида асосларга кўра бекор қилинган ходимларни қайта ишга қабул қилиш;

– жамоа келишувларига ва жамоа шартномасига мувофиқ қўшимча кафолатлар бериш.

Иш берувчининг зиммасида бандлик ва ишга жойлаштириш соҳасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Шунингдек, мазкур кодекснинг 98-моддасида   ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш чоғидаги кафолатлари кўрсатилган.

Оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ бўлган ташкилот ходимларининг сони ёки штати ўзгарганлиги сабабли ёки ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилганлиги муносабати билан ўзи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши назарда тутилаётган ходимлар сонининг кўрсаткичларидан иборатдир.

Ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари жумласига қуйидагилар киради:

а) ходимларининг сони йигирма нафар ва ундан ортиқ бўлган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги ташкилотни (унинг алоҳида бўлинмасини) тугатиш;

б) ходимлар сонининг (штатининг) қуйидаги миқдорда:

ўттиз календарь кун ичида эллик нафар ва ундан ортиқ ходимнинг;

олтмиш календарь кун ичида икки юз нафар ва ундан ортиқ ходимнинг;

тўқсон календарь кун ичида беш юз нафар ва ундан ортиқ ходимнинг қисқариши.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорларни ушбу кечиктириш келтириб чиқарган йўқотишларни иш берувчига бир вақтнинг ўзида қисман ёки тўлиқ компенсация қилиш орқали олти ой муддатгача тўхтатиб туриши мумкин.

Иш берувчи ходимларни келгусида оммавий равишда ишдан бўшатиш тўғрисидаги ахборотни Меҳнат Кодекснинг 166-моддасида назарда тутилган тартибда ва муддатларда меҳнат органининг ҳамда ҳудудий ёки тармоқ касаба уюшмалари бирлашмаларининг эътиборига етказиши шарт. Меҳнат органлари мазкур ахборотни олгач, ишдан бўшатилаётган ходимларни қонунчиликда назарда тутилган тартибда ишга жойлаштириш чораларини кўриши шарт.

Дилором Алмуратова

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

ГУМОН ҚИЛИНУВЧИ, АЙБЛАНУВЧИ, СУДЛАНУВЧИНИ ҲИМОЯЛАНИШ ҲУҚУҚИ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ВА
АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ ПРИНЦИПИ

Демократик давлатда инсон манфаати, қадр-қиммати, ҳаёти ҳар нарсадан юқори туради. Бундай давлат ўзини ўзи бошқариш, кўп партиялилик, оммавий ахборот воситаларининг еркин бўлиши, фикрлар хилма-хиллигига шароит яратади. Демократиянинг ажралмас қисмидан бири қонунларни ҳурмат қилиш, бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишдир. Демократия тартиботлари ҳуқуқий давлатда мукаммал ривожланиб боради. Мамалакатимизда ҳам инсон манфаатлари устинлиги инобатга олиниб, ҳимоя ҳуқуқи ва айбсизлик презумпцияси қонунда мустаҳкамлаб қўйилган. Жиноят-процессуал Кодексининг 24-моддасидан гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчини ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминлаш принципи ўрин олган. Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд уларнинг ҳуқуқлари таъминлашлари, уларга айбловдан ҳимояланиш учун барча қонуний усул ва воситалардан фойдаланиш имкониятини яратиб беришлари лозим. Бу принцип айбланувчининг (гумон қилинувчи, судланувчи) ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланишини кафолатлаб қолмай, одил судлов вазифаларини муваффақиятли амалга ошириш, яъни дастлабки тергов ва cуд муҳокамасини холисона олиб бориш, иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга бевосита боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида айбланувчи (гумон қилинувчи, судланувчи) нинг ҳимоя ҳуқуқига берилаётган катта эътиборнинг сабаби шундаки, айбланувчи жиноят процессида марказий ўринда турувчи шахс сифатида намоён бўлади. Унинг атрофида терговчи, прокурор, суд ва процесснинг бошқа иштирокчилари ўз процессуал ҳаракатларини ташкил этадилар. Жиноят ишини юритишда асосан айбланувчининг содир этилган жиноий қилмишдаги ҳаракатлари текширилади, шу ишга тааллуқли барча ҳолатлар аниқланади. Жиноят ишининг тергови ва суддаги муҳокамаси натижасида айбланувчининг тақдири, унинг шаъни, қадр-қиммати, қолаверса қариндош ва яқинларининг тақдири ҳал бўлади.

Айбланувчига ҳимоя ҳуқуқининг берилиши, биринчидан, жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш, уни асоссиз жиноий таъқибдан муҳофаза қилиш масалалари билан, иккинчидан эса, шахсни жавобгарликка тортишда дастлабки тергов ва суднинг фаолияти қонун ҳамда адолат мезонларига тўғри ва мос эканлигига ишонч ҳосил қилиш билан боғлиқдир.

Маълумки, жиноят иши юзасидан айбланувчининг (судланувчининг) айбдор ёхуд айбсизлиги масаласи, фақат суднинг қонуний тартибда кучга кирган ҳукмида ифода этилади. Дастлабки терговда айбланувчининг айбини исботловчи далил ва маълумотларни тўплаш имкони бўлмаса, прокурор жиноят ишини тугатади, аксинча, далиллар айбланувчининг айблилигини тасдиқласа, ишни суд муҳокамасига юборади. Судланувчи суд муҳокамасида айбловнинг асоссиз ёки етарли эмаслиги сабабли оқланиши. агар унинг айби исбот этилиб, айбдор деб топилса, унга нисбатан қонуний жазо чоралари қўлланиши мумкин. Бунга қадар айбланувчи (судланувчи) жиноят процессининг энг дастлабки босқичларидан, то суд ҳукми чиқарилиб, у қонуний кучга киргунча айбдор деб ҳисобланмайди. Демак айбланувчини айбдор деб ҳисоблаш учун унинг айби суд муҳокамасида тасдиқланган ва шу ҳақда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўлиши зарур.

Терговчи, айбланувчининг жиноятда айбли эканлигига ишонч ҳосил қилгач, айблов хулосасини тузади. Прокурор бу хулоса билан келишса, уни тасдиқлайди ва бу билан айбланувчининг жиноий қилмишда айбли эканлигини эътироф этади. Суд муҳокамасида айбловчи судланувчининг айбдор эканлиги тўғрисида қатъий фикрда бўлганлиги учун ўз фаолиятини судланувчининг айбдорлиги ҳамда айблов  хулосасининг тўғри эканлигини исбот этишга йўналтиради. Мантиқан олганда, давлат айбловчисида шундай фикр мавжуд бўлмаганида, биринчидан, у терговда айблов хулосасини тасдиқламас, иккинчидан, судда бу хулосанинг тўғрилиги ҳақида ҳимоя тарафи билан ҳуқуқий тортишувга киришмас эди.

Айбланувчининг процессуал-ҳуқуқий ҳолати айбдорнинг процессуал ҳолатидан қатъиян фарқ қилади. Жиноят процессида ушбу қоидага амал қилмаслик нафақат тортишувка асосланган суд муҳокамасига, балки умуман одил судлов  манфаатларига жиддий путур етказади.

Хулоса қилиб айтганда, жиноят процессидаги ҳар бир принцип ўз ўрнига, ўз мазмунига эга, улар бир бири билан узвий алоқадор ва жиноят судлов ишларини юритишда уларнинг барчасига қонунда мустаҳкамланган тартибда қатъий амал қилиниши шарт.

Фарход Мирзақулов

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ҲУҚУҚИЙ ДЕМОКРАТИК ДАВЛАТ, ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланган демократик давлат барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилиб, кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу ўринда, Демократия ўзи нима?-деган саволга жавоб бериб кетсак.

Демоктария-бу аввало, халқ ҳокимиятчилигидир. У давлат тузумининг асосий тамойилларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Демократия ҳокимиятнинг фақат халқа тегишли эканлиги, давлат халқ иродасини, ифодасини ва унинг манфаатларига хизмат қилиш лозимлиги, давлатнинг олиб бораётган сиёсати фақат инсон ва жамиятнинг фаровонлигини таъминлашга қаратилгандир. Демократия ҳокимият фақат Конституция ва қонунларда кўзда тутилган тартибда ва улар асосида тузилган идоралар орқалигина амалга оширилишини билдиради. Давлат идоралари фақат қонунда кўрсатилган ваколатлари доирасидагина фаолият кўрсатади.

Кейинги вақтларда, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармони билан тасдиқланган «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан ишлаб чиқилган еттита устувор йўналишдан иборат 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида,  инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш борасида асосий мақсад ва  вазифалари белгилаб берилди.

Хусусан, Вазирлик ва идоралар раҳбарларига ташкилий-ҳуқуқий масалаларни ўзлари мустақил ҳал этиши учун зарур шароитларни яратиш, қабул қилинаётган қарорларнинг улар томонидан самарали ижро этилишини таъминлаш, давлат бошқаруви органларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш ҳамда уларнинг стратегик йўналишларини режалаштиришга қаратилган янги тизим яратиш, вазирлик ва идораларда иш юритиш ва маъмурий бошқарув жараёнлари сифатини ошириш борасида, ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш мақсад қилинган эди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2022 йил 21 февралдаги “Янги ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПФ-269-сон Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон талабига кўра, Янги Ўзбекистон шароитида замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, қарор қабул қилиш ва масалани кўриб чиқиш жараёнларини соддалаштириш орқали давлат органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш ҳамда улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш, шунингдек, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури ижросини таъминлаш мақсадида, 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаши тизими жорий этилиши, Ҳукумат аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органи раҳбари, тегишли соҳада ягона давлат сиёсатини олиб бориш ва уни ривожлантириш бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун масъул ва жавобгар ҳисобланиши, тизимдаги кадрлар сиёсатининг Вазирлар Маҳкамаси аппаратидан мустақил равишда давлат хизмати тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ юритилишини таъминлашлиги белгиланди.

Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича котибиятлар, департаментлар ва улар ҳузуридаги бўлимлар, шунингдек, Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлими тугатилиши белгиланди.

Фармон билан, Вазирлар Маҳкамаси тизимини, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Табиат ресурслари вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар каби вазирликлар ташкил этишлиги белгилаб қўйилган.

Ушбу ислоҳотлар Ўзбекистон Республикасида Ҳукумат аъзоларининг Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаш механизмларини белгилаш, уларнинг Вазирлар Маҳкамасида қарорлар қабул қилиш жараёнидаги мақомини ошириш; ҳудудлар, инфратузилма, иқтисодиёт, молия, пул-кредит, шунингдек, ижтимоий соҳанинг ривожланишини таъминлашда Ҳукуматнинг масъулиятини тубдан ошириш; Ҳукумат аъзоларининг бошқарув, кадр, молия ва бошқа йўналишлардаги мустақиллигини ошириш ва масъулиятини кучайтириш; республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, шу жумладан ҳудудий бўлинмалар кесимидаги ҳар бирининг мақоми, уларни ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ тартиби ҳамда бир-биридан фарқловчи мезонларни белгилашга хизмат қилади.

Сохиб Рахимов

Сурхондарё вилоят суди  судьяси

ҚОНУНИЙ КУЧГА КИРГАН СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ ЯНГИ ОЧИЛГАН ҲОЛАТЛАР БЎЙИЧА ҚАЙТА КЎРИШ

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 328-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисида ариза фақат ишда иштирок этувчи шахслар томонидан берилиши мумкин. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқий ворислари, шунингдек, суд жаримаси солинган шахслар ҳам шундай ҳуқуққа эгадир. Ишда иштирок этувчи прокурор ишда иштирок этувчи шахс ҳисобланганлиги боис, у ҳам ўзи иштирок этган иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахслар, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахлдор суд ҳужжатлари қабул қилинган тақдирда, шу асосда қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза беришга ҳақли эмас, бундай ҳолатда улар фақат суд ҳужжатлари устидан апелляция, кассация тартибида шикоят бериши мумкин.

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза ушбу суд ҳужжатини қабул қилган иқтисодий судга, агар суд ҳужжати апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан ўзгартирилган ёки бекор қилинган ҳамда янги суд ҳужжати қабул қилинган бўлса, ариза иқтисодий суднинг суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган инстанциясига берилади. 

Иқтисодий процессуал кодекси 328-моддасининг биринчи-учинчи қисмлари, шунингдек 329-моддаси талабларига риоя этилган ҳолда берилган қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза ишни кўриш жойи ва вақти кўрсатилган ажрим чиқариш йўли билан иш юритишга қабул қилинади. ИПК 328-моддасининг биринчи қисмида белгиланган ариза беришнинг бир ойлик муддати процессуал муддат бўлиб, агар ариза қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, ушбу муддат тикланиши мумкин.

Суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризани қабул қилишда, аризада янги очилган ҳолатларнинг мавжудлигини тасдиқловчи асослар мавжуд бўлиши лозим. Аризага зарурий бўлган далиллар, хусусан, кўрсатилган ҳолатлар санасини аниқлаш имконини берувчи ҳужжатлар илова қилиниши керак. Бундай ҳолатларнинг аниқланганлик куни бўлиб, шу ҳолатларнинг аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлган кун ҳисобланади. Агар янги очилган ҳолатлар ҳукм, суднинг ҳал қилув қарори, бошқа органнинг қарори билан боғлиқ бўлса, унда янги очилган ҳолат суд ҳужжатларини қабул қилиш учун асос бўлган ҳолатга мазмунан қарама-қарши ҳужжатларнинг қонуний кучга кирган куни ёки ҳукм, ҳал қилув қарори ва қарорнинг қонуний кучга кирганлиги аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлган кун шу ҳолат аниқланган кун ҳисобланади.

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани иқтисодий суд у келиб тушган кундан бошлаб бир ойлик муддатда суд мажлисида кўриб чиқади. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза юзасидан биринчи суд мажлиси аризани иш юритишга қабул қилиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай ўтказилиши лозим.

Аризачи ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда тартибда хабардор қилинади.

Суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза билан мурожаат этган шахс аризасидан воз кечиши мумкин.

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган ажрим устидан умумий тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан кассация шикояти (протест) берилиши мумкин. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган кассация инстанцияси судининг ажрими устидан такроран кассация инстанцияси судида кўриб чиқиш ҳақида протест келтириш тўғрисида ариза берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 333-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, ҳужжати янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилинган тақдирда, илгари ўзи қабул қилган суд ҳужжатини бекор қилган суднинг ўзи ишни белгиланган умумий тартибда кўради. Бундай ҳолатда ишни кўришда  биринчи, апелляция, кассация инстанциялари судида иш юритишни тартибга соладиган қоидалари қўлланилади.

Иш апелляция ёки кассация инстанциялари юритувида бўлган вақтда янги очилган ҳолат бўйича ишни қайта кўриб чиқиш ҳақида ариза келиб тушса, бу инстанциялар аризаларни кўриб чиқишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш натижалари олингунга қадар тўхтатиб турадилар ва ишни суд ҳужжатини қайта кўриш ҳақида ариза тушган иқтисодий судга юборадилар.

Амалдаги қонунчиликка биноан суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш ҳақидаги ариза, шунингдек аризани қайтариш ёки қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ажримлар устидан бериладиган шикоятларга давлат божи тўланмайди, почта харажатлари ҳамда суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлари бундан мустасно.

Шукрулло Ғозиев

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси

СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТАДҚИҚОТЛАРИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗИЛАДИ?

Маълумки, суд экспертизаси экспертиза ташкилотида тадқиқотлар терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судья (суд)нинг қарори (ажрими) асосида ўтказилади.

Адвокат сўровига кўра тадқиқотлар иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритилаётганда ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида ёки суд муҳокамаси жараёнида давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан шартнома асосида ишонч билдирувчи шахс розилиги билан амалга оширилади.

Давлат суд-экспертиза муассасаси, нодавлат суд-экспертиза ташкилоти, илмий фаолият билан шуғулланувчи муассаса (ташкилот)лар томонидан қонунчиликка кўра рухсат этилган суд экспертизаси турлари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ шартнома асосида тадқиқотлар ўтказилиб, мутахассис фикри берилиши мумкин.

Экспертиза ташкилотига қарор (ажрим), сўров, мурожаатлар ҳамда уларнинг натижаси бўйича экспертиза хулосаси ёки мутахассис фикри ёзма ёхуд электрон шаклда тақдим этилади.

Тадқиқотлар суд эксперти томонидан ўтказилади.

Экспертизани тайинлашга ваколатли орган (шахс) билан келишмасдан бошқа шахсларни тадқиқотларни ўтказиш учун жалб қилишга йўл қўйилмайди.

Тадқиқотларни ўтказишда суд экспертининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги қонунчиликда белгиланади.

Қуйидаги ҳолатларда суд экспертига иш материаллари юзасидан тадқиқотлар ўтказиш тақиқланади:

-иш материаллари бўйича манфаатдор томонлар билан қариндош бўлганда;

-иш материаллари бўйича манфаатдор томонлар билан давлат суд-экспертиза муассасаси ҳамда нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг раҳбарлари, таркибий бўлинма бошлиқлари ва уларнинг яқин қариндошлари бўлганда, бундан тадқиқотлар ўтказувчи ягона ташкилот бўлган ҳолатлар мустасно;

-иш материаллари бўйича манфаатдор томонлардан бири нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг мулкдори, муассиси, кузатув кенгаши, ижро органи аъзоси, кредитори, суғурталовчиси ҳамда уларнинг яқин қариндошлари бўлганда;

-устав фонди (устав капитали)да нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг ёки суд экспертининг улуши бўлган юридик шахснинг хулосадан манфаатдорлиги бўлганда;

-тирик шахсга нисбатан суд экспертизасини ўтказишда мазкур шахсга унинг тайинланишидан олдин тиббий ёрдам кўрсатилганда. Мазкур чеклов суд-тиббий ёки суд психиатрик экспертизалар шахсни бевосита кўрикдан ўтказмасдан амалга оширилган ҳолларда ҳам амал қилади;

-суд экспертининг холислигига ва беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлганда.

Суд эксперти юқорида қайд этилган ҳолатларда бевосита раҳбарини хабардор қилади. Раҳбар экспертиза ташкилотида ушбу мутахассислик бўйича бошқа суд эксперти бўлганда, тадқиқотларни унга топширади. Бошқа суд эксперти бўлмаган ҳолда экспертизани тайинлаган ваколатли орган (шахс)га, адвокатга ёки тадқиқотлар ўтказиш учун мурожаат қилган жисмоний ёхуд юридик шахсга иш ҳужжатларини уч иш кунида ижросиз қайтариб юбориши лозим.

Экспертизани тайинлашга ваколатли орган (шахс)нинг қарори (ажрими) асосида тадқиқотларни ўтказиш муддатлари суд экспертизаларининг ҳажми ва мураккаблигига, шунингдек, суд экспертининг иш ҳажмига кўра 30 кун доирасида белгиланади.

Тадқиқотларни ўтказишни 30 кун мобайнида бажариш мумкин бўлмаган тақдирда, экспертиза ташкилоти раҳбари муддат ўтишидан 3 иш куни олдин асосланган ҳолда экспертиза тайинлаган ваколатли орган (шахс)га ёзма ёки электрон равишда хабар қилади ҳамда улар билан келишган ҳолда қўшимча муддатни белгилайди.

Давлат суд-экспертиза муассасалари ҳамда илмий фаолият билан шуғулланувчи муассаса (ташкилот)лар иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий судларга тааллуқли ишлар бўйича суд экспертизаларини ўтказганлиги учун тўлов ундиришга ҳақлидир. Суд экспертизаларини ўтказиш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш иш бўйича томонларга юкланади ва суд экспертизасини ўтказиш бошлангунга қадар тўланади. Тўлов миқдори ва мазкур маблағларни сарфлаш тартиби қонунчилик ҳужжатларига асосан белгиланади.

Бехруз Авазов

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

СУДЛАРДА АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИНГ РИВОЖЛАНИШ ЖАРАЁНИ

Ахборот – коммуникация технологиялари ХХI асрнинг бошланиши билан барча соҳаларда инсонларга хизмат қилиб келмоқда. Хусусан, мобил алоқа воситаларининг яратилиши ва унинг оммалашуви туфайли ҳар бир инсон ҳаёти жараёнида туб бурилишлар содир бўлди. Инсонлар компьютер технологиялари ёрдамида электрон хизматлардан фойдаланишлари ёки ўзаро маълумот алмашиш имкониятига эга бўлишди.

Ахборот – коммуникация технологиялари Республикамиз суд тизимига ҳам жадал кириб келмоқда. Мустақиллик даврида суд тизими бир неча босқичларда ривожланиб турли шакл ва тартиблар орқали ривожланиб келди.

Ахборот технологияларининг суд тизимига кириб келиш жараёнини 2012 йил 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири
Ш. Мирзиёев томонидан томонидан 346-сонли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори имзоланиши билан боғлаш мумкин. Ушбу қарорда “судлар фаолиятида компьютерлаштириш даражасини ва компьютер техникасидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш” қаратилган чоралар белгиланганлиги сабабли тизимда ахборот тизимларини ривожланишга олиб келди.

Қарор ижросини юзасидан суд тизимида 14 та видеоконференцалоқа тизимлари ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди. Бу тизимлар суд ишларининг кўрилишини енгиллаштириб, инсонларнинг узоқ масофага бориш каби муаммоларига ечим бўлишди. Шунингдек, суд тизими ходимлари етарлича офис техникалари билан таъминланиб, локал ҳисобланиш тармоқларига уланиш орқали маълумот алмашиш жараёни яратилди.

Суд тизими рақамлаштириш жараёни кейинги йилларда ҳам давом эттирилиб, 2017 ва 2020 йилларда ҳам Президент қарорлари қабул қилинган бўлиб, ушбу қарорларда белгиланган вазифаларнинг самарали ижро этилиши сабабли суд тизимининг ривожлантиришнинг бир неча босқичлари тезкор босиб ўтилди.

Ушбу қарорларни ҳурматли юртбошимиз Ш.Мирзиёев томонидан қабул қилиниши ва қўллаб-қўллаб қувватланиши тарихий жараёндир. Хусусан, давлат етакчисининг бош вазирлик фаолияти даврида суд тизимининг рақамлаштириш бўйича қабул қилинган қарорлари кейинги йилларда ҳам давом эттирилиши тизимнинг ривожланиш жараёнини тезлаштириб юборди.

Халқаро миқёсда белгиланган талабларга кўра давлат тизимининг у ёки бу соҳасини рақамлаштириш жараёни 5 босқичдан иборат бўлади. Ўзбекистонда 2014, 2017 ва 2020 йилларда қабул қилинган суд тизимини рақамлаштириш тўғрисидаги қарорлар юқоридаги айтиб ўтилган ривожланиш босқичларини дастлабки 3 босқичига мос келади.

Юқоридаги қарорларга кўра суд тизимида рақамлаштириш бўйича қилинган ишлар қуйидагилардан иборат:

1. Суд тизими ходимларини етарли миқдорда офис техниклари билан таъминланди;

2. Суд биноларига оптик алоқа линиялари олиб борилиб, судлар ўртасида корпоратив тармоқ ташкил этилди;

3. Суд ходимларининг малакасини ва компьютер саводхонлигини ошириш, уларни ахборот технологияларига ҳамда ахборот хавфсизлигига, тизимлар ва ресурсларни ҳимоя қилишга ўқитиш жараёни ташкил этилди;

4. Юқори малакали ахборот технологиялари йўналишлари бўйича ходимлар ишга қабул қилинди;

5. Электрон суд жараёнини, шу жумладан суд жараёнларини видео-, аудио қайд этишни тизими яратилди;

6. Судларининг қарорларини мажбурий тартибда эълон қилишнинг таъминланишини ҳисобга олган ҳолда судларнинг веб-ресурсларини модернизацияланди.

2023 йилда 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11 Фармонида суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси белгиланган бўлиб, унга кўра 2023 — 2026 йилларда суд тизимини ривожлантириш стратегияси орқали тизим кейинги босқичга кўтариш белгиланган.

Ушбу даврда белгиланган вазифаларга кўра ахборот-коммуникация мониторинги тизими- Вазиятлар маркази ташкил этилиши ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилан:

-республика бўйича барча судларда ишларни кўриш билан боғлиқ вазиятни онлайн таҳлил қилиш, судларда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ишларни кўришда процессуал тартиб ва муддатларга риоя этилишини мониторинг қилиб бориш;

-ишларни вилоят, туман (шаҳар), маҳалла кесимида тоифаларга ажратган ҳолда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни таҳлил қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, низоларни бартараф этишга қаратилган маълумотларни тайёрлаш;

-суд мажлислари ўз вақтида ўтказилишини, сервер ускуналари ва дастурларнинг ишлаш ҳолатини доимий назорат қилиш.

Бундай вазиятли марказ суд ишларини вақтида кўрилишини ва мурожаатларга сифатли жавоб берилишини таъминлайди. Сервер қурилмаларини ишлаш ҳолатини назорат қилиб бориш эса ишдан чиқиш ҳолатлари ва ахборот тизимидаги узилишларни олдини олишга хизмат қилади.

Суд тизимида ахборот – коммуникация технологияларини ривожлантириш қаратилган бир неча вазифалар белгиланган:

1. судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш;

2. сунъий интеллект технологияларини жорий этиш;

3. идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш;

4. суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш.

Фармон доирасида 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимининг ахборот сиёсати концепциясини ишлаб чиқиш белгиланган. Концепция Олий суд, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши ва Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси учун умумий бўлиши тизимнинг самарали ва бир тартиб асосида ишлашини таъминлайди. Бундай концепциялар бошқа чет эл давлатларда ҳам мавжуд. Концепцияга қўйилган талаблар тизимда маълумотлар сизиб чиқиши, ўзгартирилиши ва рухсат этилмаган киришларни олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, стратегиянинг 3.7 бандида “Судларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш”га қаратилган вазифалар мавжуд. Унга кўра суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш ишларини янада жадаллаштириш қаратилган чоралар белгиланган бўлиб, судларнинг моддий техник базасини яхшилаш, суд ҳужжатлари лойиҳаларини автоматик тайёрлаш ва суд амалиётини таҳлил қилиш йўналишида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали эришиш назарда тутилган.

Аброр Каттакулов

Сурхондарё вилоят суди бош консультанти

Перейти к содержимому