ЗЎРАВОНЛИККА ДАРҲОЛ БАРҲАМ БЕРАМИЗ

Ҳамма одамлар ўз қадар-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва  виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак”

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 1-моддаси.

Конституциямизда барча фуқароларнинг бир-хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, ҳеч ким қийноққа  солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги, ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эгалиги, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши жамиятда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлигини ифода этиш билан бирга барча фуқароларга бурчлари сифатида Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканликлари белгилаб берилган. 

Ҳозирги кунда оиладаги зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги ҳимоясига оид миллий қонунчилик базаси шакллантирилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги ЎРҚ-561-сонли, “Хотин-Қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрь кунидаги ЎРҚ-562-сонли Қонунлари,  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 4-январь кунидаги 3-сонли, 2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари шулар жумласидандир.

Мазкур қонунчилик ва қонуности ҳужжатларида оиладаги зўравонлик, унинг тушунчаси, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва бошқа қоидалар баён этилган.

Мазкур қонун ҳужжатларидан “Хотин-Қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрь кунидаги ЎРҚ-562-сонли Қонуни алоҳида аҳамият касб этади.

Чунки, мазкур қонун ҳужжатига асосан, илгари бирор-бир қонунчилик ҳужжатларида акс эттирилмаган, тартиб-қоидалар, тушунчалар акс эттирилиб, соҳадаги қонун ҳужжатларининг бўшлиқлари тўлдирилди.

Яъни, оиладаги, ёки умуман зўравонликнинг асосий тушунчалари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, ички ишлар органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, меҳнат органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, таълимни давлат томонидан бошқариш органларининг ҳамда таълим муассасаларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органларининг ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда иштирок этиши, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотларнинг ҳамкорлиги, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга чек қўйишнинг умумий чора-тадбирлари, ҳимоя ордерининг мазмуни ва моҳияти, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказлар тўғрисидаги нормалар киритилди.

Шунингдек, Қонуннинг 30-модда биринчи қисмига кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ёрдам кўрсатган шахсларга маълум бўлиб қолган барча шахсга доир маълумотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик билан қўриқланади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг шахсига доир маълумотлари ишониб топширилган ҳамда касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан бу маълумотлар ўзига маълум бўлиб қолган, ушбу маълумотларни ошкор этишга йўл қўйган шахслар қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилади.

Оилада зўравонликка йўл қўйган шахсларнинг ҳам жавобгарлик масалалари қатъийлаштирилди.

Хусусан, Қонуннинг 32-моддасига мувофиқ, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 4-январь кунидаги 3-сонли қарори билан тасдиқланган Низомлар қоидаларида, яъни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ҳимоя ордери ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш, ҳимоя ордери бериш муддатини узайтириш, тазйиқ ва зўравонлик содир этган  ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг зўравонлик  хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши тартиби, ҳимоя ордерининг шакли,  ҳимоя ордери талабларини ижро этиш муддатларига амал қилиш ва ижроси устидан назорат юритишга оид тадбирларни ўтказиш, субъектларнинг ўзаро  муносабатлари, ордер нусхасини жабрланган хотин-қизга ҳамда зўравонлик содир этган шахсга бериш тартиблари белгиланган.

Санжар Аллабердиев

Сурхондарё вилоят судининг судьяси

СУДЛАРГА ДАЪВО АРИЗАСИ (ариза, шикоят) БИЛАН МУРОЖААТ ҚИЛИШДА ПОЧТА ҲАРАЖАТИ МИҚДОРИ ОШИРИЛДИ

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан судларга даъво ариза (ариза, шикоят) билан мурожаат қилишда почта ҳаражатини тўлаш билан боғлиқ мажбурий норма 2018 йил 21 октябрь кунидаги Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига одил судловни амалга ошириш самарадорлигини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ўз кучида йўқотган деб топиш ҳақида”ги Қонунига асосан амалга киритилган.

  Бундан ташқари, мазкур Қонунда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан 2018 йил 25 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати томонидан РС-59-18-сонли раёсат қарори қабул қилинган бўлиб, 2018 йил 1 ноябрь кунидан судларга даъво аризаси (ариза, шикоят) билан мурожаат қилинганда қуйидаги миқдорда почта харажатлари тўланиши белгиланган:

иқтисодий судларга:

– суд буйруги бериш тўгрисидаги ариза билан мурожаат қилинганда – энг кам иш ҳақининг беш фоизи миқдорида;

– бошқа барча ишлар бўйича ариза ва даъво аризаси билан мурожаат қилинганда, кўрилган ишлар бўйича чикарилган суд қарорлари устидан апелляция, кассация ёки назорат тартибида шикоят берилганда – энг кам иш ҳақининг саккиз фоизи миқдорида;

фуқаролик ишлари бўйича судларга:

– суд буйруғи бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилинганда – энг кам иш ҳақининг беш фоизи миқдорида;

– бошқа барча ишлар бўйича ариза ва даъво аризаси билан мурожаат қилинганда – энг кам иш ҳақининг етти фоизи миқдорида;

– кўрилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан апелляция, кассация ёки назорат тартибида шикоят берилганда – энг кам иш ҳақининг 3,5 фоизи миқдорида;

маъмурий судларга оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий ишлар юзасидан ариза (шикоят) билан мурожаат қилинганда, кўрилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан апелляция, кассация ёки назорат тартибида шикоят берилганда – энг кам иш ҳақининг саккиз фоизи миқдорида белгиланган эди.

Бугунги кунда 2022 йил 28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг РС-71-22-сонли раёсат қарорига асосан судларга тўланиши лозим бўлган почта ҳаражати миқдорларига ўзгартириш киритилган.

Жумладан, иқтисодий судларга:

– суд буйруғи бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилинганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш фоизи миқдорида;

– бошқа барча ишлар бўйича ариза, даъво аризаси билан мурожаат қилинганда, суд ҳужжатлари янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза билан кўрилганда ҳамда кўрилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан апелляция, кассация шикояти берилганда ёки ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритиш тўғрисида аризага асосан иш кассация тартибида такроран кўрилганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн фоизи миқдорида;

фуқаролик ишлари бўйича судларга:

– суд буйруғи бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилинганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш фоизи миқдорида;

– бошқа барча ишлар бўйича ариза ва даъво аризаси билан мурожаат қилинганда, суд ҳужжатлари янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза билан кўрилганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн фоизи миқдорида;                  

– кўрилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан апелляция, кассация шикояти берилганда ёки ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритиш тўғрисида аризага асосан иш кассация тартибида такроран кўрилганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш фоизи миқдорида;

маъмурий судларга:

– оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий ишлар юзасидан ариза (шикоят) билан мурожаат қилинганда, суд ҳужжатлари янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза билан кўрилганда, кўрилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан апелляция, кассация шикояти берилганда ёки ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритиш тўғрисида аризага асосан иш кассация тартибида такроран кўрилганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн фоизи миқдорида тўланиши белгиланган.

2022 йил 1 июнь кунидан амалга киритилган базавий ҳисоблаш миқдори (кейинг жамлаларда БҲМ деб номаланади) 300.000 сўмни ташкил этади, бу ҳолатда:

БҲМнинг беш фоизи – 15.000 сўмни;

БҲМнинг ўн фоизи – 30.000 сўмни ташкил этади.

Демак, қонун нормасига фуқаролар ва юридик шахслар томонидан судларга даъво ариза (ариза, шикоят) билан мурожаат қилишда почта ҳаражатларини тўлаш мажбурий бўлиб, ушбу ҳолатда фуқаролар ва юридик шахслар даъво ариза (ариза, шикоят) билан судга мурожаат қилишларида почта ҳаражатлари тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатларини илова қилишлари зарур ҳисобланади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, ушбу қонун нормаси талабига риоя қилинмасдан тақдим қилинган даъво ариза, ариза ва шикоятлар амалда Ўзбекистон Республикаси кодексларига биноан судлар томонидан иш юритувга олинмасдан қайтарилишига сабаб бўлади.

Рамазон Назаров

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МЕҲНАТ КОДЕКСИДА ИШ БЕРУВЧИ ТОМОНИДАН БАНДЛИК ВА ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШ СОҲАСИДА ТАҚДИМ ЭТИЛАДИГАН КАФОЛАТЛАР

Маълумки, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 28 октябрда имзоланди ва 2023 йил 30 апрелдан амалга кириши белгиланди.

Хусусан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексини 94-102-моддалари ишга жойлаштиришни тартибга солади.

Ҳар ким иш берувчига бевосита мурожаат қилиш ёки меҳнат органларининг бепул кўмаги орқали, шунингдек хусусий бандлик агентликларининг хизматлари воситасида иш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эгадир.

Шунингдек, ишга жойлаштириш бўйича давлат кафолатлари бўйича кодексга янги норма кўрсатилган бўлиб, давлат:

бандлик турини, шу жумладан турли меҳнат режимидаги ишни танлаш эркинлигини;

ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишдан, қонунга хилоф равишда бошқа ишга ўтказишдан, ходимни ишдан четлаштиришдан ва меҳнат шартномасини бекор қилишдан ҳимояланишни;

мақбул келадиган иш танлашга ва ишга жойлашишга бепул кўмаклашишни;

касб эгаллашда ва ишга эга бўлишда, меҳнат қилиш ва бандлик шароитларида, меҳнатга ҳақ тўлашда, хизмат поғоналари бўйича кўтарилишда ҳар кимга имкониятлар тенглиги яратилишини;

иш қидираётган шахсларни ва ишсизларни касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ҳамда уларнинг малакасини оширишга кўмаклашишни;

меҳнат органларининг таклифига кўра ишлаш учун бошқа жойга ихтиёрий равишда кўчиб кетиш муносабати билан қилинган харажатлар компенсация қилинишини;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этиш имкониятини кафолатлайди.

Ишга жойлаштириш бўйича кафолатларни тақдим этиш тартиби аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонунчиликда белгиланади.

Кодекс норма талабларига кўра, давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди.

Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари жумласига қуйидагилар киради:

ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахс), шунингдек кўп болали оилалардаги ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар);

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларини, касб-ҳунар мактабларини, касб-ҳунар коллежларини ҳамда техникумларини тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар;

«Меҳрибонлик» уйларининг битирувчилари, шунингдек олий таълим ташкилотларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Ички ишлар вазирлигининг, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Миллий гвардиясининг, Давлат хавфсизлик хизматининг қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;

ногиронлиги бўлган шахслар;

пенсияолди ёшидаги шахслар (қонунда белгиланган пенсия ёшига қадар икки йил олдин);

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар ёки суднинг қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар;

одам савдосидан жабрланганлар.

Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари жумласига қонунчиликка мувофиқ бошқа шахслар ҳам киритилиши мумкин.

Ишга жойлаштириш соҳасидаги қўшимча кафолатлар қўшимча иш ўринларини, ихтисослаштирилган ташкилотларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар меҳнат қилиши учун ташкилотларни ташкил этиш, махсус қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш, ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган тоифадаги фуқароларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш йўли билан, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа чоралар орқали таъминланади.

Иш берувчи ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган, меҳнат органлари ва бошқа органлар томонидан юборилган шахсларни қонунчиликда белгиланган тартибда ишга қабул қилади.

Қонунчиликда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш соҳасидаги бошқа қўшимча кафолатлар ҳам назарда тутилиши мумкин.

Мазкур кодекснинг 11-бобида иш берувчи томонидан бандлик ва ишга жойлаштириш соҳасида тақдим этиладиган кафолатлар белгиланган.

Унга кўра,иш берувчининг зиммасида бандлик ва ишга жойлаштириш соҳасида қуйидаги мажбуриятлар бўлади:

ушбу Кодекснинг 166-моддасига мувофиқ ходимларни ишдан бўшатиш тўғрисида ахборот тақдим этиш;

ушбу Кодекснинг 119-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишга йўл қўймаслик;

ушбу Кодекснинг 99-моддасига мувофиқ иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобига шахсларни ишга жойлаштириш;

ушбу Кодекснинг 165-моддасига мувофиқ ходимларни меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш;

ушбу Кодекснинг 144-моддасига мувофиқ ходимнинг иш ўрнини бошқа ишга ўтказиш тартибида сақлаш чораларини кўриш;

меҳнат шартномаси ушбу Кодекснинг 100-моддаси биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларига мувофиқ алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда ўртача ойлик иш ҳақини ишга жойлаштириш даврида сақлаб қолиш;

таклиф этилган шахсларга ушбу Кодекснинг 101-моддасига мувофиқ кафолатлар бериш;

ўзи билан тузилган меҳнат шартномаси ушбу Кодекснинг 102-моддасига мувофиқ алоҳида асосларга кўра бекор қилинган ходимларни қайта ишга қабул қилиш;

жамоа келишувларига ва жамоа шартномасига мувофиқ қўшимча кафолатлар бериш.

Иш берувчининг зиммасида бандлик ва ишга жойлаштириш соҳасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш чоғидаги кафолатлар

Оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ бўлган ташкилот ходимларининг сони ёки штати ўзгарганлиги сабабли ёки ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилганлиги муносабати билан ўзи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши назарда тутилаётган ходимлар сонининг кўрсаткичларидан иборатдир.

Ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари жумласига қуйидагилар киради:

а) ходимларининг сони йигирма нафар ва ундан ортиқ бўлган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги ташкилотни (унинг алоҳида бўлинмасини) тугатиш;

б) ходимлар сонининг (штатининг) қуйидаги миқдорда:

ўттиз календарь кун ичида эллик нафар ва ундан ортиқ ходимнинг;

олтмиш календарь кун ичида икки юз нафар ва ундан ортиқ ходимнинг;

тўқсон календарь кун ичида беш юз нафар ва ундан ортиқ ходимнинг қисқариши.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорларни ушбу кечиктириш келтириб чиқарган йўқотишларни иш берувчига бир вақтнинг ўзида қисман ёки тўлиқ компенсация қилиш орқали олти ой муддатгача тўхтатиб туриши мумкин.

Иш берувчи ходимларни келгусида оммавий равишда ишдан бўшатиш тўғрисидаги ахборотни ушбу Кодекснинг 166-моддасида назарда тутилган тартибда ва муддатларда меҳнат органининг ҳамда ҳудудий ёки тармоқ касаба уюшмалари бирлашмаларининг эътиборига етказиши шарт. Меҳнат органлари мазкур ахборотни олгач, ишдан бўшатилаётган ходимларни қонунчиликда назарда тутилган тартибда ишга жойлаштириш чораларини кўриши шарт ҳисобланади.

Сохиб Рахимов

Сурхондарё вилоят суди  судьяси

СУДДА ВАКИЛЛИК ИШТИРОКИ

Бизга маълумки, вакиллик деганда – бир шахснинг бошқа шахс номидан юридик ҳаракатларни амалга оширишини тушунамиз.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 7-бобида судда вакиллик, қонуний вакиллик ва ихтиёрий вакиллик ҳақида батафсил тушунтириш берилган.

Судда вакил орқали иштирок этиш “Фуқаролар ўз ишларини судда шахсан ёки ўз вакиллари орқали юритиши мумкин. Фуқароларнинг судда маълум бир кўрилаётган ишлар юзасидан шахсан иштирок этиши уни иш бўйича вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Ташкилотлар ишларни ўз раҳбарлари ёки вакиллари орқали юритиши белгиланган. Демак энди биз суддаги қонуний вакиллик ва ихтиёрий вакиллик тушунчаларини тушуниб олсак.

Қонуний вакиллик – муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари (ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар) ҳимоя қилади. Белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилган фуқаро иштирок этиши лозим бўлган иш бўйича унинг вакили сифатида мазкур фуқаронинг мол-мулкини қўриқлаш ва бошқариш учун тайинланган шахс қатнашади. Вафот этган ёки белгиланган тартибда вафот этган деб эълон қилинган шахснинг меросхўри иштирок этиши керак бўлган иш бўйича, агар меросни ҳали ҳеч ким қабул қилиб олмаган бўлса, васий, ҳомий, ёхуд мерос мол-мулкни сақлаш ва бошқариш учун тайинланган сақловчи шахс меросхўрнинг вакили сифатида қатнашади. Қонуний вакил судда иш олиб боришни ўзи вакил сифатида танлаган бошқа шахсга топшириш ҳуқуқига эга. Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаган шахснинг, муомалага лаёқатсиз ёки бедарак йўқолган деб топилган шахснинг қонуний вакили вакиллик қилинаётган шахснинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига тааллуқли ишлар кўриб чиқилаётганда унинг манфаатларини кўзлаб барча процессуал ҳаракатларни амалга оширади. Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахснинг, муомала лаёқати чекланган деб топилган шахснинг қонуний вакили ишлар кўриб чиқилаётганда шу шахснинг манфаатларини кўзлаб барча процессуал ҳаракатларни чекланган ҳуқуқлар доирасида амалга оширади.

Шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллик – ишонч билдирувчи ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича судда иш юритишни шартнома бўйича (ихтиёрий) вакилликка биноан вакилга топширади.

Қуйидагилар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакил бўлиши мумкин:

1) адвокатлар;

2) насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ёки ён шажара бўйича қариндошлар, шунингдек эр (хотин) ёхуд унинг қариндошлари;

3) юридик шахсларнинг ходимлари — шу юридик шахсларнинг ишлари бўйича;

4) нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари — шу ташкилотлар аъзоларининг ишлари бўйича;

5) қонунга биноан бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари;

6) биргаликда иштирок этувчилардан бири бошқа биргаликдаги иштирокчиларнинг топшириғи бўйича;

7) ишни кўриб чиқаётган суд томонидан ишда жисмоний шахсларнинг вакиллари сифатида иштирок этишига йўл қўйилган шахслар.

Судда иш юритиш бўйича вакил сифатида профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин.

Вакилнинг ваколатларини расмийлаштириш – вакилнинг ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада кўрсатилган бўлиши керак.

Фуқаролар томонидан бериладиган ишончномалар нотариуслар ёки нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахслар томонидан тасдиқланади.

Давлат бошқаруви органларининг, мансабдор шахсларнинг вакиллари тегишли орган раҳбарининг ёки мансабдор шахснинг имзоси билан бериладиган ишончнома бўйича ҳаракат қилади.

Ташкилот номидан бериладиган ишончнома ташкилот раҳбари томонидан имзоланиб, имзо ташкилотнинг муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади.

Ташкилотларнинг раҳбарлари судга ўз хизмат лавозимларини ёки ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этади.

Адвокатнинг ваколатлари амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланади.

Судда иш юритиш ваколатлари вакилга барча процессуал ҳаракатларни ваколат берувчи номидан амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Шартнома бўйича вакиллик қилувчининг арз қилинган талаблардан тўлиқ ёки қисман воз кечиш, уларнинг асосини ёки предметини ўзгартириш, миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, даъвогарнинг талабларини тан олиш, келишув битими, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув ёки медиатив келишув тузиш, ваколатларни бошқа шахсга ўтказиш (бошқа шахсга ишониб топшириш), суд ҳужжати устидан шикоят қилиш, аризаларни имзолаш, ижро варақасини ундирувга тақдим этиш, ундирилган мол-мулкни ёки пулларни олиш ваколати ҳар бир алоҳида ҳолда ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган бўлиши керак.

Фуқаролик процессуал кодексида судда вакиллик қилиши мумкин бўлмаган шахслар рўйхати келтирилган бўлиб, Булар:

– вояга етмаган шахслар, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно;

– васийлик ва ҳомийлик белгиланган шахслар;

– судьялар, прокурорлар, суриштирувчилар, терговчилар, суд девони ходимлари, бундан улар қонуний вакил (ота-оналар, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар) сифатида, шунингдек тегишли суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органларининг вакили сифатида қатнашган ҳоллар мустасно;

– манфаатлари ваколат берувчининг манфаатларига зид бўлган шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатаётган ёки илгари ёрдам кўрсатган шахслар;

– шу низо билан боғлиқ медиация тартиб-таомилини амалга оширишда медиатор сифатида иштирок этганлар, бундан қонунчиликда назарда тутилган ва медиаторнинг иштироки юзасидан ўзаро розилик бўлган ҳоллар мустасно;

– судья, прокурор, суд мажлиси котиби, эксперт, мутахассис, таржимон билан қариндошлик муносабатларида бўлган шахслар, судда вакил бўлиб иштирок этолмайдилар.

Шуни назарда тутиш керакки, қонуний вакиллик белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган, бедарак йўқолган деб топилган ёки ўлган деб эълон қилинган шахслар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига дахлдор фуқаролик ишларини судда кўришда мажбурийдир.

Мурод Юлдашев

Сурхондарё вилоят суди девонхона мудири

ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ЧЕТ ЭЛЛИК ШАХСЛАР ИШТИРОКИДА ИШЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ

Бизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 31-бобига асосан Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судларининг  чет эллик шахслар иштирокидаги ишлар бўйича ваколатлари белгилаб берилган.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари иқтисодиёт соҳасида чет эл ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокида юзага келадиган низолар бўйича ишларни қуйидаги ҳолларда кўриб чиқади, агар:

– жавобгар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган ёки яшаётган бўлса ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жавобгарнинг мол-мулки бўлса;

– чет эллик шахснинг филиали ёки ваколатхонаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган бўлса;

– низо Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бажарилиши лозим бўлган ёки бажарилган шартномадан келиб чиққан бўлса;

– талаб чет эллик шахс томонидан ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир бўлган бошқа ҳолат билан мол-мулкка зарар етказилиши туфайли юзага келган ёхуд зарар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юзага келган бўлса;

– низо Ўзбекистон Республикаси ҳудудида асоссиз бойлик орттиришдан юзага келган бўлса;

– ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги иш бўйича даъвогар Ўзбекистон Республикасида турган бўлса;

– низо Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқарилган қимматли қоғозларнинг муомаласи билан боғлиқ муносабатлардан юзага келган бўлса;

– юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги иш бўйича аризачи ушбу фактнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мавжудлигини кўрсатаётган бўлса;

– низо Ўзбекистон Республикаси ҳудудида номлар ва бошқа объектларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғида хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ муносабатлардан юзага келган бўлса;

– агар тарафлардан ҳеч бўлмаганда бири чет эллик шахс бўлган тақдирда ва улар  Ўзбекистон Республикаси иқтисодий суди уларнинг иқтисодиёт соҳасида амалга оширган фаолияти билан боғлиқ ҳолда юзага келган ёки юзага келиши мумкин бўлган низони кўриш бўйича ваколатга эга деб белгиланган битимни тузса ва, башарти, бундай битим чет давлат судининг мутлақ ваколатларини ўзгартирмаса;

Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари иқтисодиёт соҳасида чет эллик шахслар иштирокида юзага келган низолар бўйича ишларни ва низоли ҳуқуқий муносабатнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди билан алоқаси мавжуд бўлган бошқа ҳоллардаги ишларни кўради.

Демак, қайси тоифадаги ишлар иқтисодий судларнинг мутлақ ваколатига киради?

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судларининг мутлақ ваколатларига чет эллик шахслар иштирокидаги қуйидаги низолар бўйича ишлар киради:

– Ўзбекистон Республикасининг давлат мулки бўлган мол-мулкка нисбатан низолар бўйича, шу жумладан мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва давлат мулкини хусусийлаштириш ҳамда жамоат эҳтиёжлари учун мулкни олиб қўйиш билан боғлиқ низолар бўйича ишлар;

– предмети кўчмас мол-мулк бўлган низолар бўйича, агар бундай мол-мулк Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган бўлса, ёки бундай мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги низолар бўйича ишлар.

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида чет эллик шахслар иштирокидаги бошқа ишлар ҳам иқтисодий судларнинг мутлақ ваколатларига киритилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судида чет давлатга нисбатан даъво тақдим этишга, уни учинчи шахс сифатида ишда иштирок этишга жалб қилишга, чет давлатга қарашли бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган мол-мулкни хатлаш ҳамда унга нисбатан даъвони таъминлаш бўйича бошқа чораларни қўллашга, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш тартибида ундирувни шу мол-мулкка қаратишга, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ёки халқаро шартномаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, фақат тегишли давлатнинг ваколатли органлари розилиги билан йўл қўйилади.

Халқаро ташкилотларнинг суд иммунитети Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва халқаро шартномалари билан белгиланади.

Суд иммунитетидан воз кечиш чет давлатнинг қонунида ёки халқаро ташкилотнинг қоидаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилиши керак. Бу ҳолда Ўзбекистон Республикаси иқтисодий суди ишни амалдаги Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал Кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқади.

Нурали Эргашев

Сурхондарё вилоят суди девонхона катта консультанти

ТУРАР-ЖОЙ ИЖАРА ШАРТНОМАСИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Турар-жойга эга бўлиш ҳар бир фуқаронинг муҳим ҳуқуқларидан бири бўлиб ҳисобланади. Чунки, бундай ҳуқуқ орқали фуқаролар ижтимоий ва мулкий муносабатларини амалга оширишда алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу ҳуқуқни амалга ошириш билан фуқаролар ўзига тегишли уй-жойга ўз хоҳишича ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш имкониятига эга бўлади.

Бугунги кунда юртимизда аҳоли сонининг кун-сайин ўсиб бориши турар-жойга бўлган эҳтиёжнинг ҳам ортишига сабаб бўлаётир. Мамлакатимиздаги ҳар бир ёш оила ўзига яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишни ҳоҳлайди.

Бироқ, айрим фуқароларнинг ҳуқуқий билим савияси етарли бўлмаганлиги боис, улар ушбу имкониятлардан фойдалана олмаяптилар ҳамда уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида давлат ёки фуқароларга тегишли бўлган бўлган турар-жойларни ижарага олишга мажбур бўлишмоқда.

Бу эса, ўз-ўзидан маълумки, турар-жойни ижарага бериш ва ижарага олиш билан боғлиқ бўлган шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни юзага келтиради.

Кундалик ҳаётимизда турар-жойни ижарага бериш ва ижарага олиш шартномалари деярли оғзаки равишда амалга оширилади. Бундай шартномаларнинг ҳисоби ҳеч қаерда юритилмайди. Табиийки, улардан давлат божи ва даромад солиғи ҳам тўланмайди.

Натижада мазкур тоифадаги муносабатлардан тарафлар ўртасида низо келиб чиқмоқда ва иш судгача етиб бормоқда. Суд амалиётида эса бундай тоифадаги низоларни ҳал этиш, тарафларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда улар ўртасидаги низоли муносабатларни қонуний ва адолатли ҳал этишда бир қатор қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Масалан, даъвогар А.Г. судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда 2019 йил 1 майдаги ижара шартномасига асосан жавобгар “Ўзагросуғурта” АЖ Термиз туман бўлинмасига уйини ижарага берганлигини, ижара ҳақи сифатида ҳар ойда 1.500.000 сўм белгиланганлигини, бироқ жавобгар ижара ҳақини тўламасдан уйдан чиқиб кетганлигини, бундан ташқари уйни таъмирлаб берганлиги учун 4.500.000 сўм қўшимча харажат қилганлигини, ижара шартномаси бекор қилинмаганлигини, шу сабабли жами 7.500.000 сўмни банк фоизи билан ундириб беришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра, даъво қисман қаноатлантирилиб, даъвогарнинг фойдасига 3.000.000 сўм ижара ҳақи ундириш белгиланган.

Аниқланишича, тарафлар ўртасида 2019 йил 1 май куни тузилган ижара шартномасига кўра, жавобгар томонидан даъвогарга тегишли бўлган хонадонни бир йил муддатга ҳар ойда 1.500.000 сўм ижара ҳақи бериш шарти билан ижарага олган. Шартнома туман ДСИда рўйхатдан ўтказилган.

Тарафлар ўртасида тузилган ижара шартномасининг шартларига кўра, шартномани бекор қилиш ҳақида тарафлардан ҳар бири бошқа тарафни бир ой олдин ёзма равишда огоҳлантиради.

Ижарага олувчи 2019 йилнинг июль ойида ижара олинган хонадондан чиқиб кетган бўлсада, ёзма равишда ижарага берувчини огоҳлантирмаган ва ижара шартномасини бекор қилиш чораларини кўрмаган, бу эса суд томонидан даъвони қисман қаноатлантиришга асос бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 544-моддасига кўра, ижарага олувчи мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақни ўз вақтида тўлаб туриши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 600-моддасига кўра, уй-жойни ижарага бериш шартномасига биноан бир тараф – уй-жойнинг мулкдори ёки у ваколат берган шахс (ижарага берувчи) – бошқа тараф (ижарага олувчи)га уй-жойда яшаш учун уни ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланишга топшириш мажбуриятини олиши, уй-жой юридик шахсларга ижара шартномаси ёки бошқа шартнома асосида эгалик қилиш ва (ёки) фойдаланиш учун топширилиши мумкинлиги, юридик шахс уй-жойдан фақат фуқароларнинг яшаши учун фойдаланиши мумкинлиги белгиланган.

Ушбу кодекснинг 612-моддасида уй-жойни ижарага бериш шартномаси беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилиши, агар шартномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у беш йилга тузилган ҳисобланиши, шунингдек кодекснинг 615-моддасида уй-жойни ижарага бериш шартномаси тарафларнинг келишуви билан бекор қилиниши, уй-жойни ижарага олувчи ўзи билан бирга доимий яшайдиган бошқа фуқароларнинг розилиги билан ижарага берувчини уч ой аввал ёзма равишда огоҳлантириб, исталган вақтда ижара шартномасини бекор қилишга ҳақли эканлиги қайд этилган.

Хулоса қилиб айтганда, турар-жой ижараси шартномаси муносабатлари тарафларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этишлиги сабабли, мазкур тоифадаги ҳуқуқий муносабатларга киришишда амалдаги қонун талабларига тўлиқ риоя этилиши тарафлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган турли мулкий низоларнинг олдини олган бўлади.

Чорибек Аролов

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

НИКОҲ ТУЗИШ, ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИШ ЖОЙЛАРИДАГИ ШАХСЛАР БИЛАН НИКОҲНИ ҚАЙД ЭТИШ ТАРТИБИ

Никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади.

Узрли сабаблар бўлганда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга этмаганнинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши- эмансипация) ФҲДЁ органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин.

Алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар) никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкин.

Никоҳни қайд этиш муддатини узайтириш никоҳ тузувчиларнинг биргаликдаги аризаларига биноан кўриб чиқилади. Айрим ҳолларда этарли асослар бўлган тақдирда, шунингдек ФҲДЁ органининг ташаббуси билан ушбу муддат уч ойгача узайтирилиши мумкин.

Жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган шахслар билан никоҳни қайд этиш шу муассаса жойлашган ҳудуддаги ФҲДЁ органлари томонидан амалга оширилади.

Маҳкум билан никоҳга киришни хоҳловчи шахс, никоҳга кириш ҳақидаги аризанинг ўзига тааллуқли қисмини тўлдириб ўзи доимий яшаётган ёки жазони ижро этиш муассасаси жойлашган ҳудуддаги ФҲДЁ органига топширади.

ФҲДЁ органи аризада келтирилган маълумотларни ариза берувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати билан солиштириб, маълумотларнинг тўғрилигини ва аризачининг имзосини тасдиқлайди ва унга аризани қайтаради.

Шундан сўнг маҳкум билан никоҳга киришни хоҳловчи шахс бу аризани маҳкумга бериши учун жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятига топширади.

Жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти аризани тегишли жойини тўлдириш учун маҳкумга тақдим этади. Маҳкум билан никоҳни қайд этиш ФҲДЁ органи билан келишилган ҳолда жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти томонидан ажратилган бинода никоҳга кирувчи шахсларнинг иштирокида амалга оширилади.

Дилором Алмуратова

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

ФУҚАРОЛИК ҲУҚУҚИНИНГ ПРЕДМЕТИ СИФАТИДА МУЛКИЙ МУНОСАБАТЛАР

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига кўра, фуқаролик қонун ҳужжатлари фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг ҳуқуқий ҳолатини, мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг, интеллектуал фаолият натижаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиш асосларини ҳамда уларни амалга ошириш тартибини белгилайди, шартнома мажбуриятлари ва ўзга мажбуриятларни, шунингдек бошқа мулкий ҳамда у билан боғлиқ шахсий номулкий муносабатларни тартибга солади.

Фуқаролар, юридик шахслар ва давлат фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларнинг иштирокчилари бўладилар.

Агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, фуқаролик қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган қоидалар чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда чет эллик юридик шахслар иштирокидаги муносабатларга қўлланилади.

Шахсий номулкий муносабатлар ва мулкий муносабатлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий муносабатлар, агар қонунларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки бу муносабатларнинг моҳиятидан ўзгача ҳол англашилмаса, фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган белгиларга жавоб берадиган оилавий муносабатларга, меҳнат муносабатларига ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш муносабатларига нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари бу муносабатлар махсус қонунлар билан тартибга солинмайдиган ҳолларда қўлланилади.

Бир тарафнинг иккинчи тарафга маъмурий бўйсунишига асосланган мулкий муносабатларга, шу жумладан солиқ, молиявий ва бошқа маъмурий муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари қўлланилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 182-моддасида мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари қуйидагилардан иборат: меҳнат фаолияти; мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш; давлат мол-мулкини хусусийлаштириш; мерос қилиб олиш; эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат; қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар деб белгиланган.

Шунингдек, мулк ҳуқуқи янги мол-мулкни яратиш ҳамда мулкдор ихтиёридаги мол-мулкни кўпайтириш натижасида вужудга келиши мумкин.

Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулкдан хўжалик усулида ва ўзгача усулда фойдаланиш натижалари, шу жумладан маҳсулот, ҳосил ва бошқа даромадлар мулкдорга тегишли бўлади.

Битим бўйича мол-мулкни олиш бу-мол-мулк олиш-сотиш, айирбошлаш, ҳадя қилиш шартномалари, ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа битимлар асосида мулк қилиб олиниши мумкин.

Башарти, қонунларда бошқача кўрсатилмаган бўлса, мол-мулк янги мулкдорга ўтганида, универсал ҳуқуқий ворислик тартибида собиқ мулкдорнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳам унга ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 185-моддасида шартнома асосида мол-мулк олувчида мулк ҳуқуқи, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашё топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Агар мол-мулкни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартнома давлат рўйхатидан ўтказилиши ёки нотариал тасдиқланиши керак бўлса, мол-мулкни олувчида мулк ҳуқуқи шартнома рўйхатдан ўтказилган ёки тасдиқланган пайтдан бошлаб, шартномани ҳам нотариал тасдиқлаш, ҳам давлат рўйхатидан ўтказиш зарур бўлганида эса — рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади деб қайд этилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 187-моддасида м[СПиТ:

1.Мулк ҳуқуқи. Ашёвий ҳуқуқлар / Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат]

улкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади (эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат).

Кўчмас ва бошқа мол-мулкка давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган мулк ҳуқуқи ушбу мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли олган шахсда ана шундай рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли мулк ҳуқуқини олганга қадар мол-мулкка ўзиники каби эгалик қилиб турган шахс ўз эгалигини мол-мулкнинг эгалари бўлмаган, шунингдек қонунда ёки шартномада назарда тутилган бошқа асосларга кўра эгалик қилиш ҳуқуқи бўлмаган учинчи шахслардан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Эгалик қилиш муддатини важ қилиб келтирадиган шахс ўзи ҳуқуқий вориси бўлган шахснинг бу мол-мулкка эгалик қилиб келган барча вақтини ўзининг эгалик қилиш вақтига қўшиши мумкин.

Бунда фуқаро ўзига ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тегишли мулкни ўн беш йил вақт давомида ўзгага топшириб кетиши, ўзга фуқаро 

Шахс ихтиёрида бўлиб, Фуқаролик кодексининг 228, 229, 230 ва 232-моддаларига мувофиқ унинг эгалигидан талаб қилиб олиниши мумкин бўлган ашёларга доир эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат тегишли талаблар бўйича даъво муддати тамом бўлганидан кейин ўта бошлайди.

Шу каби, эр-хотин биргаликдаги турмуши давомида ортирилган мулкларини бўлиш, шунингдек келин ўзига тегишли мол-мулкларини олишда келиб чиқадиган низолар Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси билан тартибга солинади.

Уктам Мамадиев

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ВОЯГА ЕТМАГАН ШАХСЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИК ХУСУСИЯТЛАРИ

Жиноий жавобгарликка тортиш учун шахсни вояга етмаган шахс деб топиш амалдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси қоидаларига мувофиқ, жиноят содир этгунга қадар ўн тўрт ёшга тўлган шахс, лекин ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахс тушинилади.

Шахснинг муайян бир ёшга (14,15,16,17 ёшдан 18 ёшгача) тўлганлиги муҳим аҳамиятга эга эмас, бироқ судлар томонидан жазони индивидуаллаштиришда ҳисобга олиниши керак. Ёши кичик айбланувчиларга енгилроқ, ёши катталарига эса оғирроқ жазо қўлланилиши лозим. Ҳар қандай ҳолда ҳам суд вояга етмаган шахсга жазо тайинлашда белгиланган жазо туридан бирини танлаши керак. Вояга етмаган шахс деганда, жиноят содир этгунга қадар  ўн олти ёшга тўлган, аммо ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ХV-бобида вояга етмаган шахсларга нисбатан жазо ва унинг тайинлаш асослари бериб ўтилган. Унга кўра, ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга қуйидаги асосий жазолар қўлланилиши мумкин:

а) жарима;

а1) мажбурий жамоат ишлари;

б) ахлоқ тузатиш ишлари;

в1) озодликни чеклаш;

г) озодликдан маҳрум қилиш.

Бироқ, ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўшимча жазолар тайинланиши мумкин эмас.

Жазо турларига тўхталадиган бўлсак. Аввало, вояга етмаган шахсларга нисбатан қўлланиладиган жарима жазоси базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан йигирма бараваригача миқдорда тайинланади. Бироқ маҳкум жарима тўлашдан олти ой муддат мобайнида бўйин товласа, суд тўланмаган жарима миқдорини базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдоридаги жаримани мажбурий жамоат ишларининг икки соатига тенглаштирган ҳолда ҳисоблаб, мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазо билан алмаштиради ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдоридаги жаримани ахлоқ тузатиш ишларининг бир ойига тенглаштирган ҳолда ҳисоблаб, ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазо билан алмаштиради.

Шунингдек, вояга етмаган шахс жарима тўлашдан олти ой муддат мобайнида бўйин товласа, суд тўланмаган жарима миқдорини базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдоридаги жаримани мажбурий жамоат ишларининг икки соатига тенглаштирган ҳолда ҳисоблаб, мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазо билан алмаштиради ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдоридаги жаримани ахлоқ тузатиш ишларининг бир ойига тенглаштирган ҳолда ҳисоблаб, ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазо билан алмаштириши мумкин.

Бундан ташқари, суд томонидан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси фақат меҳнатга лаёқатли вояга етмаганларга нисбатан ўз иш жойида ўташ, айбдор ҳеч қаерда ишламаса, ушбу жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган ўзи яшайдиган ҳудуддаги бошқа жойларда ўташ тариқасида бир ойдан бир йилгача муддатга тайинланиши мумкинлиги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг
83-моддасида таъкидлаб ўтилган.

Бироқ, суд томонидан вояга етмаган шахсларга нисбатан озодликни чеклаш ҳамда озодликдан махрум қилиш жазосини тайинлашда қуйидаги ҳолатларга алохида эътибор қаратади. Хусусан, озодликни чеклаш вояга етмаган маҳкумларга нисбатан асосий жазо чораси сифатида олти ойдан икки йилгача муддатга тайинланиши мумкин. Ушбу жазо тури қўшимча жазо тури сифатида қўлланилиши мумкин эмас. Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси олти ойдан ўн йилгача муддатга тайинланиб, ушбу жазо тури жиноят содир этиш пайтида ўн тўрт ёшдан ўн олти ёшгача бўлган шахсларга нисбатан:

б) оғир жиноят учун — олти йилгача;

в) ўта оғир жиноят учун — ўн йилгача муддатга тайинланади.

Озодликдан маҳрум қилиш жиноят содир этиш пайтида ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга нисбатан:

б) оғир жиноят учун — етти йилгача;

в) ўта оғир жиноят учун — ўн йилгача муддатга тайинланади.

Вояга етмай туриб ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган, эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этган ёхуд қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланмайди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, судлар томонидан вояга етмаганларга жазо тайинлашда жазо тайинлашнинг умумий асосларига амал қилади, хусусан, вояга етмаганнинг ривожланганлик даражаси, турмуш шароити ва тарбиясини, соғлиғини, содир этган жиноятининг сабабларини, катта ёшдагиларнинг ва бошқа ҳолатларнинг унинг шахсига таъсирини ҳисобга олади.

Ботир Нормуродов

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ТАДБИРКОРЛАР ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯСИНИНГ ТАКОМИЛЛАШУВИ

Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий механизмларини такомиллаштириш, кичик бизнес фаолияти самарадорлигини ошириш, кичик бизнес учун қулай муҳитни яратиш, тартибга солишнинг пул-кредит механизмларидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлaрини ярaтиш вa aҳoлини фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Бугун ўз бизнесини йўлга қўйиб, ўзи, оиласи, маҳалла, эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган, иқтисодиётимиз тараққиётига хизмат қилаётган тадбиркорлар, хусусий корхоналар сафи тобора кенгаймоқда. Юртимиз аҳолиси ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
21 апрель кунидаги “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5087-сон қарори ҳамда 2021 йил 7 сентябрь кунидаги “Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ПФ-6307-сон Фармони асосида бизнес юритиш шарт-шароитларни янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришга оид ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш ҳамда солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан бир қатор чор-тадбирлар белгиланди.

Қайд этилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қабул қилинган мазкур ҳужжатлар хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай
шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради.

Шунингдек, қабул қилинган мазкур ҳужжатлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмасликни энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлайди.

Хулоса ўрнида айтганда, ривожланиш стратегиямизнинг реал натижаларида, барча соҳада қўлга киритаётган залворли ютуқларимиз моҳияти ва аҳамиятида “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон манфаати учун” тамойилининг устуворлигини кўрамиз. Ишбилармонлик салоҳиятини ривожлантириб, шу орқали жамият ва давлат равнақига ҳисса қўшаётган тадбиркорларимиз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясининг такомиллашуви замирида ҳам ана шу олижаноб мақсад мужассам. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича давлат сиёсатига қарши қаратилган ҳаракат ҳисобланади ва бу борада мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш биринчи даражали аҳамиятга эга бўлиши лозим. Мана шу ҳақиқатни ҳар бир назорат органи ходимининг онгу шуурига чуқур сингдиришга қаратилган ишларимизни янада кучайтириш айни муддаодир.

Ёқубжон Боборажабов

Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро суди архив мудири

Перейти к содержимому