Оила- авлодлар давомийлиги, қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни, қолаверса халқимиз маънавий меросининг авлоддан-авлодга ўтишини таъминловчи омилдир. Шунга кўра, оилани қўллаб-қувватлаш масаласи давлатимизнинг доимий диққат-эътиборида бўлиб келмоқда.
Оила қанчалик мустахкам бўлса, жамият хам шунчалик мустаҳкам бўлади ва ривожланади. Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 30 декабрь куни 820-сонли қарорига кўра Махалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлар марказларини ташкил этилиши хам давлатимизда оилага уни мустахкамлашга қаратилган эьтиборнинг юксаклигини белгилаб берган.
Оилани мустаҳкамлаш мақсадида мехнат қонунчилигида хам аёлларга бир қатор имтиёз ва кафолатлар берилган. Жумладан хомиладорлиги ёки фарзанди борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади.
Хомиладор аёлни ёки 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилишни рад этилган тақдирда, иш берувчи рад этишнинг сабабларини ёзма тарзда маълум қилиши шарт. Мазкур шаҳсларни ишга қабул қилишни рад этганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин, Тиббий хулосага мувофиқ хомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилади ёки улар аввалги иш жойларида ўртача ойлик иш ҳақлари сақланган ҳолда ёнгилроқ ёҳуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади. Хомиладор аёлга енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган иш бериш масаласи хал этилгунига қадар, у ана шу сабабдан ишга чиқмаган барча иш кунлари учун ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим. Шу билан бирга хомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади. Уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жихатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг хафтасига 35 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади. Иш вақтининг қисқартирилган муддати даврида ушбу аёллар мехнатига ҳақ хар кунги тўлиқ иш кунига тўланадиган иш хақи миқдорида маош олишлари таъминланади.
Ногирон боласини тарбиялаётган ота-онанинг бирига (васийга, хомийга) бола ўн олти ёшга тўлгунига қадар давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан бир кунлик иш ҳақи миқдорида хақ тўланган холда ойига қўшимча бир кун дам олиш куни берилиши қонун билан белгилаб қўйилган. Ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга хар йили ўн тўрт календар кундан кам бўлмаган муддат билан иш ҳақи сақланмаган холда таътил берилади.
Мехнат қонунчилигида мазкур имтиёз ва кафолатлар аёллар оиласига кўпроқ вақт ажратиши учун, бола тарбиясига эьтиборни кучайтириши учун ва шу орқали оилани мустаҳкамлашни мақсад қилиб олинган. Шунингдек давлатимиз томонидан оиладаги мухитни соғломлаштириш, оиладаги таъзиқ ва зўравонликни йўқ қилиш борасида чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилган, унинг асосий мақсади хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш сохасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Маълумки, давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев томонидан жорий 2022 йил 08 август куни «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонуни имзоланди.
Давлат фуқаролик хизмати деганда – давлат хизматининг бир тури, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат фуқаролик хизмати лавозимларидаги давлат органлари ваколатлари амалга оширилишини таъминлашга доир ҳақ тўланадиган касбий фаолияти тушунилади.
Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимлардаги давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилади.
У Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ҳамда бошқа маҳаллий давлат ҳокимият органлари депутатлари, юқори ва қуйи палаталар девонлари ходимлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, судьялар ва суд тизими ходимлари, Марказий банк бошқаруви аъзолари, прокуратура, ички ишлар, мудофаа ишлари, фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси ва ДХХ органларида хизмат қилаётганлар, шу жумладан, ҳарбий хизматчилар, қолаверса, давлат органларининг техник, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ходимларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди.
Мазкур Қонунга мувофиқ, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли орган этиб Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланмоқда. У ўз ваколатлари доирасида давлат идораларининг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради, давлат хизматига кадрларни танлов асосида танлашни ташкил қилади, давлат хизматчиларининг самарадорлигини баҳолаш учун индикаторлар (асосий кўрсаткичлар) тизимини жорий қилади ва уларнинг натижаларини таҳлил қилади, жамоатчилик фикрини ўрганади ва давлат органлари раҳбарларининг очиқ рейтингини шакллантиришда иштирок этади.
Шунингдек, агентлик давлат хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамда уларнинг ишлаши ва ижтимоий ҳимояси учун тегишли шарт-шароитлар яратишда ёрдам кўрсатади.
Қонун билан давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар ҳам ўрнатилган. Унга кўра, давлат фуқаролик хизматчиси қуйидагиларга ҳақли эмас:
ўзаро яқин қариндошликка ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар билан (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари) айнан битта давлат оранида бирга хизмат қилиши, агар уларнинг бирга хизмат қилиши улардан бирининг иккинчисига бевосита бўйсунишига ёки унинг назорати остида бўладиган давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллашга, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;
педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга, Ўзбекистон қонунларида ҳамда президент қарорларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно;
тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;
тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга, бундан АЖларнинг эркин муомалада бўлган акцияларига қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида эгалик қилиш ҳоллари мустасно;
ўзи хизмат қилаётган давлат органи назорати остидаги ёки у билан алоқалар ва манфаатларга эга бўлган ташкилотлардаги улушларни, пайларни ва акцияларни бевосита ёки вакиллар орқали олишга;
ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олишга;
чет давлат фуқаролигини олишга;
қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар ёки афзалликлардан ўз хизмат мавқеи билан боғлиқ ҳолда фойдаланишга;
Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ва уларга эга бўлишга, кўчмас мулкка ва бошқа мол-мулкка эгалик қилишга, бундан чет давлатда таълим олиш, стажировка ўташ ва тиббий хизматлардан фойдаланиш мақсадида очилган ҳисобварақлар, шунингдек давлат фуқаролик хизматига киришдан олдин олинган ва ошкор қилинган мол-мулк мустасно;
ўзининг ваколатларини сиёсий партияларнинг, бошқа жамоат бирлашмалари ва улар органларининг манфаатларини кўзлаб амалга оширишга.
Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс давлат хизматига қабул қилингандан кейин тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Қонунга асосан манфаатлар тўқнашуви давлат фуқаролик хизматчисининг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз хизмат ваколатларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёҳуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда фуқароларнинг, жамиятнинг ёки давлат органининг шахсий манфаатдорлиги ва ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келадиган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазиятдир.
Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, давлат фуқаролик хизматчиси ўзининг раҳбарига ёки юқори турувчи органига дарҳол ёзма шаклда хабар қилиши керак. Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган давлат органининг раҳбари ёки юқори турувчи орган ушбу тўқнашувни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши шарт.
Манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ва ҳал этиш тартиби қонун билан белгиланади.
Бундан ташқари, қонунда давлат фуқаролик хизматчиси белгиланган муддатларда ва тартибда даромадлари ҳамда мол-мулки тўғрисида декларация тақдим этиши шарт.
Ушбу Қонун расман эълон қилинган кундан яъни, 2022 йил 09 август кунидан уч ой ўтгач кучга кирган. Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, ушбу қонун давлат хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамда уларнинг ишлаши ва ижтимоий ҳимояси учун тегишли шарт-шароитлар яратишда хизмат кўрсатади.
К.Назаров
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси
Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, шу жумладан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларининг кафолати сифатида адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда Қонун устиворлигини таъминлаш, шунингдек қонунийликни мустахкамлаш борасидаги ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Одил судловни таъминловчи ҳуқуқий майдон – умуминсоний қадриятлар ва умумэътироф этилган ҳуқуқ андозаларига асосланган, шаклан ва моҳиятан янги қонунлар қабул қилинмоқда. Уларнинг асосига қонунийлик, демократизм, одиллик, инсонпарварлик, жиноий қилмиш учун жавобгарликнинг муқаррарлиги каби одилона принциплар қўйилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январда қабул қилинган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони алоҳида аҳамият касб этади.
Мазкур Фармонга асосан қуйидагилар жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
биринчидан, аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмуни ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш, фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш ‒ демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш;
иккинчидан, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш;
учинчидан, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш; тўртинчидан, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш ва бошқалар.
Башарти, ҳукмлар элнинг моли ва жонига жорий экан, бунда тўғрилик ва адолат қози ва қуззотнинг шиори бўлиши даркор. Амалиётда қўлланилаётган бу каби ўзгаришлар юридик соҳа ходимлари олдига ҳам улкан вазифаларни кўндаланг қилиб қўя бошлади. Касб малакаларини ошириш, маҳорат сирларини тинмай ўқиб, ўзлаштириш талабини қўймоқда. Биринчи навбатда улардан тўғрилик ва одиллик, сўнг билим ва тажриба сўралади. Инсон тақдирига масъул бўлган касбу кор эгаларига доимо шундай талаб қўйилган.
Ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан бири, уни барпо этишнинг мажбурий шарти – юристлар, аҳоли, мансабдор шахслар ҳуқуқий маданиятининг юксак бўлишидир. Юристларнинг ҳуқуқий тайёргарлиги, шубҳасиз, қонунга итоаткор фуқароларникидан юқори бўлиши, ўз кўлами ва чуқурлигига кўра фарқланиб туриши, билимлар, ҳуқуқ принциплари ва нормаларининг тартиблилик хусусияти, ҳуқуқий кўрсатмаларни қўллай олиш маҳорати билан ажралиб туриши керак. Бу Ўзбекистон Конституцияси, умуман конституциявий қонун ҳужжатлари нормаларини амалиётда қўллай олиш қобилиятига ҳам тааллуқли. Юристлар учун қонунга, Конституцияга ижобий муносабатда бўлиш – ишга касбий муносабатда бўлишнинг асосидир.
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ўз танлаган тараққиёт йўлидан олға силжимоқда. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналиши қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга бағишланган бўлиб, унда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган. Дарҳақиқат, истиқлол йилларида мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилди.
Шу ўринда таъкидлаш лозим, истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида ташланган катта қадамлардан бири, бу – ҳуқуқий-демократик жамият қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган мамлакатимизда ҳокимиятлар бўлиниши ва мустақил суд ҳокимиятининг вужудга келиши бўлди. Бу бош Қомусимизнинг 106-моддасида “Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади”деган ҳуқуқий нормада ўз аксини топди.
Мамлакатимизда нафақат қонунчилик соҳасида, балки қонунларни амалиётда қўллаш, жазо тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш соҳасида ҳам жиддий ўзгаришлар амалга оширилди. Ўтган шу тарихан қисқа вақт мобайнида амалга оширилган ишларнинг салмоғи беқиёс. Ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамияти шаклланишида суд ислоҳотлари алоҳида ўрин тутади. У давлатимиздаги уч забардаст ҳокимиятнинг бири сифатида, фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари дахлсизлиги, қонун олдида барчанинг баробарлиги, мамлакат манфаати ва эл фаравонлиги йўлида қабул қилинаётган қонунлар ва ижронинг Конституцияга мувофиқлигини таъминлаш – бир сўз билан айтганда жамиятда қонун ва адолат тамойилларини барқарор тутиш кафолатидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида, янги Ўзбекистон юксак марраларга эришиш учун 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида кейинги ишларни 5 та асосий вазифалар бўйича ташкил этилиши, булар биринчидан таълим соҳасини ислоҳ қилиш; иккинчидан суд тизимини мустақиллигини таъминлаш; учинчидан тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида давлат бошқарувини ислоҳ қилиб, иқтисодиётда давлат иштироки кескин камайтириш, тўртинчидан соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш; бешинчидан аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашдан иборат вазифлар эканлигини таъкидлаб ўтди.
Демак, Ўзбекистоннинг 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси Президентнинг нуқтида белгилаб ўтилган шу бешта устувор вазифаларнинг ижросини таъминлашга қаратилади.
Биз ушбу мақоламизда Президент нуқтида белгиланган иккинчи вазифа яъни суд тизимини мустақиллигини таъминлаш борасида белгиланган вазифаларга тўхталиб ўтаб, судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш борасидаги халқаро ҳужжатлар ҳақида тушунча берамиз.
Давлатимиз раҳбари юқоридаги айтиб ўтилган нутқида суд тизимини мустақиллигини таъминлаш борасида қуйидагиларни билдирди: “Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим. Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак. Судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланади, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилади. Қанчалик қийин бўлмасин, суд тизимидаги ислоҳотларимизни албатта давом эттирамиз.”
Президентимиз юксак минбардан туриб, ўз нутқида суд тизимини ислоҳ қилиш заруратига эътибор қаратиши, бу борада амалга ошириши лозим бўлган ислоҳотларнинг мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим эканлигидан далолат берди.
Шу билан бирга Президентимиз бу борадаги ислоҳатларни амалга ошириш осон эмаслиги, бажарилиши лозим бўлган вазифаларни амалга ошириш учун етарли куч сарфланишини таъкинлаб ўтди.
Аввало, суд ҳокимияти нима эканлигига аниқлик киритишимиз керак.
Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти фақат судлар томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас.
Ушбу қонуннинг 9-моддасига кўра, судьялар мустақилдир, фақат қонунга бўйсунади. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьяларга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди.
Шу ўринда халқаро ҳуқуқда судьялар фаолиятига оид қандай ҳужжатлар борлиги барча учун қизиқарли эканлиги табиий.
Биз судьялар фаолиятига оид учта муҳим халқаро ҳужжат ҳақида сўз юритамиз.
Одил судловга оид халқаро стандартлар халқаро ҳуқуқда “Миранда қоидаси”, “Бангалор принциплари”, “Судьялар мавқеи тўғрисида Европа Хартияси”, “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро билл”, “Милан қоидалари”, “Ювенал юстиция”, “Каракас декларацияси”, “Пекин қоидалари”, “Ар-Риёд принциплари”, “Банкок декларацияси”, “Вена декларацияси”, “Инсонийлик мезонлари” деб ўзига хос тарзда номланиб, уларнинг барчаси инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг асосини ташкил этади ва судлар фаолиятида муҳим ўрин тутади.
Гап инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган судлар фаолияти билан бевосита боғлиқ халқаро шартномалар ҳақида бораркан, бу борада қуйидаги 3 та муҳим халқаро ҳужжатни алоҳида қайд этиб ўтиш лозим.
Биринчи халқаро ҳужжат БМТнинг асосий шартномаларидан бири “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пакт ва унга 2 та қўшимча протоколдир.
Иккинчи халқаро ҳужжат “Суд органларининг мустақиллигига оид асосий принциплар тўғрисида”ги Резолюция ҳисобланади.
Учинчи халқаро ҳужжат “Судьяларнинг хулқ-атворига оид” Бангалор принципларидир.
Хўш, нима учун айнан учта халқаро ҳужжат, ушбу халқаро шартномаларнинг судлар фаолиятида устувор ўрни, ўзига хос жиҳати ва аҳамияти нимада?
Аввало шуни айтиш керакки, 167 та давлат аъзо “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пакт БМТ томонидан ҳозирги кунга қадар қабул қилинган 9 та асосий шартномалардан биридир. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур халқаро ҳужжатлар ҳақида сўз юритганда, ҳеч қачон “шартнома” деб эмас, ҳамма вақт “асосий шартнома” деб гапиришимиз зарур. Чунки, халқаро ҳуқуқда инсон ҳуқуқлари бўйича юзлаб шартномалар қабул қилинган, лекин асосий шартнома 9 та. Ушбу асосий шартномалар, шу жумладан юқоридаги халқаро Пакт ҳозирги замон халқаро ҳуқуқ тизимининг бош ҳуқуқий манбаи бўлиб, бирорта ҳам бошқа халқаро ҳужжат зид келиши мумкин эмас ва уларга мувофиқ равишда қабул қилиниши лозим. Шу билан бирга, аъзо давлатлар ўз ҳудудида бошқа шартномалар эмас, балки айнан ана шу асосий шартномаларнинг бажарилиши бўйича БМТга даврий ҳисоботларни тақдим этиб боради.
Бундан ташқари, мазкур халқаро ҳужжат ҳозирги замон инсон ҳуқуқлари тарихида ўзининг аҳамияти ва муҳимлиги билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясидаги нормалар ижросини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида давлатларнинг сўзсиз ҳисобдорлиги ва жавобгарлигини белгилаб берган ягона бош шартномадир.
Шу маънода, давлат ичида Конституция қандай устувор юридик кучга эга бўлса, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пакт ҳам халқаро ҳужжатлар иерархиясида шундай олий юридик мақомга эга бўлган фундаментал халқаро шартнома ҳисобланади.
Ушбу Пактда судлар фаолиятига оид муҳим, жумладан инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари устуворлиги, шахс дахлсизлиги, барча фуқароларнинг қонун ва суд олдида тенглиги, ҳар бир шахснинг ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги, айбсизлик презумпцияси каби умумэътироф этилган минимал стандарт қоидалари мустаҳкамланган.
Жумладан, Пактнинг 14-моддасида барча шахсларнинг судлар олдида тенглиги, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар қандай киши қонунга мувофиқ айби исботланмагунча айбсиз деб саналиш ҳуқуқига эга эканлиги, вояга етмаганларга нисбатан суд жараёни уларнинг ёши ва уларни қайта тарбияланишига ёрдамлашиш хоҳиши инобатга олинган ҳолда олиб борилиши кераклиги, бир жиноят учун икки марта жазога тортилиши мумкинлиги эмаслиги ҳақида нормалар белгиланган.
“Суд органларининг мустақиллигига оид асосий принциплар тўғрисида”ги Резолюция ҳам халқаро ҳуқуқда судлар фаолияти бўйича қабул қилинган махсус халқаро ҳужжатлардан биридир. Айтиш жоизки, суд ҳокимияти мустақиллиги ва холислигини таъминлаш билан боғлиқ нормалар кўплаб халқаро ҳужжатларда у ёки бу тарзда белгиланган. Аммо, ушбу Резолюция бугунги кунда суд ва судьяларнинг мустақиллиги қандай таъминланиши керак деган саволга атрофлича жавоб берган ягона халқаро ҳужжат ҳисобланиб, халқаро ҳуқуқ қонунчилигида ҳозирча бундан бошқа халқаро шартнома йўқ.
Ушбу шартномага Ўзбекистон 1997 йил 30 августда қўшилиб, суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва холислигини таъминлашга қаратилган Резолюциядаги асосий нормалар Конституция ва “Судлар тўғрисида”ги Қонунда ўз ифодаси топган.
Хусусан, Резолюциянинг 1-бўлимида қайд этилишича, суд органларининг мустақиллиги давлатлар томонидан кафолатланади ва Конституция ёки қонунларда мустаҳкамланади. Барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар суд органларининг мустақиллигини ҳурмат қилиши ва унга риоя қилиши шарт.
Резолюцияда суд органлари фаолиятининг мустақиллиги, судьяларнинг алмаштирилмаслиги, судьянинг дахлсизлиги, фавқулодда судлар тузиш тақиқланиши ҳамда судлов жараёнида томонларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги каби принциплар белгиланган.
“Судьяларнинг хулқ-атворига оид” Бангалор принциплари жаҳон суд-ҳуқуқ соҳасида ХХI асрда қабул қилинган энг асосий, судьянинг судья сифатида ҳуқуқ ва мажбуриятларини, умумэътироф этилган касб-этикаси қоидаларини, профессионал фаолиятда ишда ва ишдан ташқари вақтда нималарга амал қилишига оид минимал стандарт қоидаларини белгилаб берган ягона халқаро ҳужжатдир.
Бангалор принципларида судьялар фаолияти ва хулқ-атворига оид қуйидаги 6 та муҳим қоида белгиланган. Булар мустақиллик, объективлик, ҳалоллик, касб-этикаси қоидаларига риоя этиш, суд мажлисининг барча иштирокчиларига нисбатан тенг муомалада бўлиш, компетентлик ва интилувчанликдир.
Бангалор принципларига мувофиқ судья учун одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолият бошқа мажбуриятларга нисбатан устувор бўлиб, ўз вазифаларини юқори профессионал даражада одилона, тезкор ва виждонан бажариши шарт.
Умуман айтганда, мазкур халқаро ҳужжатлар жаҳон мамлакатлари суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ривожига катта ҳисса қўшиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга ошириб келинаётган изчил, тизимли ва кенг кўламдаги ислоҳотлардан пировард мақсад – бу суд ҳокимиятининг мустақиллигини амалда таъминлашдир. Жамиятда суд ҳокимиятининг мустақиллиги амалда таъминланмас экан, адолатли одил судловни амалга оширишда тўсиқлар пайдо бўлади ва бу судларнинг адолатли қарорлар қабул қилинишига ўз таъсирини ўтказади.
Мустақиллик эълон қилинган дастлабки даврдан Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хусусан, шахс ҳуқуқининг ажралмас таркибий қисми саналган болалар ҳуқуқини таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Тарихан қисқа даврда мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш соҳасида улкан муваффақиятларга эришилмоқда ва бу дунё ҳамжамияти томонидан муносиб баҳоланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасига мувофиқ мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқи фақат шу мулкнинг эгасига тааллуқли. Шунинг учун мулкий ҳуқуқни амалга оширишга ҳар қандай ноқонуний аралашиш ушбу ҳуқуқни жиддий бузиш деб ҳисобланади.
Мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида 2016 йил 27 декабрда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кучга кирди.
Айтиш керакки, янги қонун асосида бир қатор қонунларга, шунингдек, Жиноят кодексига муҳим ўзгартишлар киритилди. Ушбу тузатишлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга, жазо тайинлашда адолат принципини таъминлашга, шунингдек, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга кўмаклашади.
Бу ҳақда сўз борганда, мустақиллик йилларида юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим.
Қабул қилинган қонун билан фирибгарлик жиноятлари учун жазонинг содир қилинган жиноятга мутаносиблигини таъминлашга, бундай қилмишларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлиги оширилди. Жумладан, фирибгарлик жиноятини содир қилганлик учун максимал жазо муддати кучайтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддасига мувофиқ, Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш уч йилгача, анча миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса уч йилдан беш йилгача, кўп миқдорда, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса беш йилдан саккиз йилгача, жуда кўп миқдорда, ўта хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мазкур жиноят тури бўйича жазо чораларининг оширилиши юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, жазонинг адолатлилиги тамойилини таъминлаш, шунингдек, жиноятчиликка қарши кураш чораларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Афсуски, сўнгги йилларда ўзгалар мулкини фирибгарлик билан талон-торож қилиш кўпайиб бормоқда.
Фирибгарлик, яъни ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ҳақ тўламай эгаллашдир.
Фирибгарлик жабрланувчини адашишга ундаш орқали содир этилади. Бунинг натижасида жабрланувчи мулк ёки мулкка бўлган ҳуқуқини ихтиёрий ва онгли равишда жиноятчига топшириб қўяди. Алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш фирибгарликнинг шакллари бўлиб, ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқни тўлақонли қўлга киритишдан олдинги оралиқ мақсадни назарда тутади.
Фирибгарлик жиноятини содир этувчи шахслар одатдаалдаш йўли билан яъни, айбдор томонидан, била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулк эгаси ёки бошқа шахсга маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ҳаракатлар қилади.
Одатда бу жиноят қурбонлари жуда тез ишонувчан, кундалик турмушда юзага келадиган муаммоларни ҳам ўзгаларнинг ёрдами билан онсон ҳал қилишни истайдиган ва етарли даражад ҳуқуқий билимларга эга бўлмаган шахслардир.
Фуқароларимиз фирибгарларларнинг ёлғон ваъдаларига учиб, ушбу жиноятнинг жабрланувчиси бўлиб қолмаслиги учун,аваламбор ҳаётида ва кундалик турмушда юзага келадиган муаммоларни ечимини ўзгаларни ёрдамисиз топишга ҳаракат қилиш, агарда ўзининг ёрдамини ёки хизматини таклиф қилаётган шахсни ҳаракатлари қонунийлигига шубҳа пайдо бўлса, бу ҳолатда бу каби таклифларни дарҳол рад этиш, ҳаётида дуч келадиган ҳар қандай муаммо ва саволларга қонуний ечим топиш учун давлат органлари (жумладан виртуал порталлар ва ҳалқ қабулхоналари) га мурожаат қилиш лозим бўлади.
Агарда фуқароларнинг фирибгарлик оқибатида ҳуқуқ ва манфаатларингизга путур етган бўлиб, ушбу жиноятдан зарар кўрган бўлса, авваламбор ушбу воқеа содир бўлган жойдаги туман (шаҳар) ички ишлар бўлими ёки прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиш лозим бўлади.
Фирибгарлик ёки бошқа бир жиноят оқибатида жабр кўрганларнинг ҳуқуқ манфаатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар шу жумладан, судлар томонидан қонуний ҳимоя қилинади.
Тўкис ҳаёт кечириш тинимсиз меҳнат ва сабр-тоқат талаб қилади. Агар бирор кимса сизга осон бойиш, мўмай даромад топишни таклиф қилса, билингки, сиз фирибгарга дуч келдингиз. Жиноят турлари ичида энг кўп учрайдигани фирибгарликдир. Фирибгарликнинг тарихи узун. Аслида, алдов, таъмагирлик, туҳмат, фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкига эгалик қилиш кишилик жамияти билан бир пайтда пайдо бўлган. Айни чоғда эса фирибгарликнинг юздан ортиқ тури мавжуд.
Қонун ҳамма учун баробар ва унга ҳамма амал қилиши шарт. Қонунларга беэътибор бўлмаган инсон ҳеч қачон бундай фирибгарлик жинояти жабрланувчиси бўлиб қолмайди.
Ҳақиқатга тик қарайдиган бўлсак, фирибгар айримларимизнинг қўшнимиз ёки дўстимиз бўлиши ҳам мумкин. Бироқ шўролар тузумидан қолган лоқайдлик, сен менга тегма, мен сенга тегмайман, қабилидаги кайфият ҳамон бизни тарк этмагани сабаб фирибгар, жиноятчи ва нияти бузуқ ғаламисларга орамизда бемалол ҳаракат қилиш имконини туғдириб бермоқдамиз. Бепарволик қилмасдан ўз вақтида ана шундай шахсларнинг қора қилмишларига чек қўйилишига ўз ҳиссамизни қўшаолсак, аввало, бир бечорани талофотдан қутқариб қоламиз, қолаверса, жамият ривожига ҳисса қўшган бўламиз. Хулоса қилиб айтганда инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат ва эъзозга лойиқ, инсон қадриятларни топташга уринган ҳар қандай шахсга қонун олдида жавобгарлик муқаррардир.
Н.Хасанова
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судья ёрдамчиси
Ҳар қандай демократик ислоҳотларнинг изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши, давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида қонунийлик принципининг жорий қилиниши қонунда содир этган шахсларга қандай жазо қўлланиши кераклиги ҳақида аниқ таъриф бўлишини талаб этади. Бундай шахсга нисбатан давлат мажбурловининг ҳар қандай чораси эмас, балки амалдаги жиноят қонунида кўзда тутилган жазо қўлланилиши лозим бўлади.
Жиноят қонуни нормаларини татбиқ этиш назарияси ва амалиётда ижтимоий хавфли қилмиш учун жазолар рўйхати (жазо тизими) га катта аҳамият берилади. Шу боис жиноят кодексининг умумий қисмида шахс кафолатларини таъминловчи жазо тизимда назарда тутилган, чунки жиноят қонунида кўзда тутилган муайян жазоларгина жиноятчиликка қарши курашда танланиши ҳамда жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 43-моддасида жиноят қонунида назарда тутилган жазолар муайян тартибда жойлаштирилган бўлиб, жазо тизимини ташкил қилади. Жиноят кодексида назарда тутилган жазо турлари уларнинг оғирлик даражасига қараб муайян тартибда жойлаштирилган қаътий рўйхати жазо тизими деб айтилади.
Улар қуйидагилар: 1) жарима; 2) муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш; 3) мажбурий жамоат ишлари 4) аҳлоқ тузатиш ишлари; 5) хизмат бўйича чеклаш; 6) озодликни чеклаш; 7) интизомий қисмга жўнатиш; 8) озодликдан маҳрум қилиш; 9) умрбод озодликдан махрум қилиш.
Жазо тизими жиноят ҳуқуқининг умумий принципларига асосланади, бу принциплар: қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик, айб учун жавобгарлик, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 43-моддасида берилган жазо тизими расмий бўлиб, ўрни, номланишини эркин равишда ўзгартирилиши мумкин эмас. Мазкур моддадаги жазо тизимида ҳар бир жазонинг номи тартиб рақами, муайян тартибда жойлаштирилган ўрни бор. Уларнинг жойлашган ўрни, номини ўзгартириш фақат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қабул қилган тегишли қонуни билангина амалга оширилади.
Амалдаги Жиноят кодексининг негизида ёзилган бир қатор дарсликларда жазо тизими илмий-назарий жиҳатдан турлича тарзда қуйидагича тартибда таҳлил қилиб берилган. Масалан:
1. Фақат асосий жазо сифатида тайинланадиган жазолар;
2. Асосий ёки қўшимча жазо сифатида тайинланадиган жазолар;
3. Фақат қўшимча жазо сифатида тайинланадиган жазоларга бўлиб кўрсатишган.
Асосий жазолар – содир этилган жиноят учун асосий жазо тариқасида мустақил тайинланиши мумкин бўлган жазолардир. Шу турдаги жазолар ҳеч қачон бошқа қўшимча жазолар сифатида тайинланаши мумкин эмасдир. Жиноят кодексида бир нечта асосий жазолар назарда тутилган, бироқ суд уларнинг фақат биттасинигина тайинлаши мумкин. Асосий жазоларни биз юқорида бирма-бир санаб ўтган эдик, шунинг учун такроран номларини келтириб ўтиш лозим топмадик.
Бизга юқоридаги фикрлардан маълум бўлдики, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси асосий жазо сифатида ҳам қўшимча жазо тариқасида ҳам тайинланиши мумкин бўлган ягона жазодир.
Қўшимча жазолар – бу турдаги жазолар жазонинг мақсадига эришишни таъминлаш учун асосий жазога қўшиб тайинланадиган жазолардир. Мазкур жазолар ҳеч қачон мустақил равишда тайинланиши мумкин эмас. Бу жазоларга ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш ва 2001 йил 29 августда жиноий жазоларни либераллаштирилиш муносабати билан Жиноят кодексидан олиб ташланган мол-мулкни мусодара қилиш жазоси киради. Қўшимча жазолар шуниси билан характерлики, бу жазолар асосий жазо сифатида тайинланаётган жазоларни тўлдиради ва уларга қўшиб берилади. Бу эса содир қилинган жиноятга одилона жазо тайинлаш имкониятини беради. Хулоса, ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш жоиздирки, ҳар-бир жамият ва давлатда юз берган ижтимоий сиёсий ўзгаришлар натижасида жазо тизими, уларнинг жойлашиш тартиби, ўз аҳамиятини йўқотганларини бу тизимдан чиқариб ташлаш ёки янги жазо турининг киритилишига таъсир қилади. Айнан шу жараён вақтида юқорида мисол тариқасида келтириб ўтилган хорижий мамлакатларининг Жиноят кодексидаги айнан жазо тизими институтида оттирган бой тажрибаларидан ҳам нафақат ҳозирда, балки келажакда ҳам фойдаланиш фойдадан холи эмас. Зеро, ҳеч бир демократик давлат бошқа мамлакатларнинг бу борадаги бой тажрибаларидан фойдаланмасдан ўз-ўзича жиноят қонунини такомиллаштириб бориши мушкулдир, деган фикрдамиз.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири бўлиб, унинг ҳуқуқий асослари, ташкилий тузилмаси ва амалга ошириш стратегияси белгиланди.
Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига қўшилиши ислоҳотларнинг дастлабки муҳим қадами бўлиб, уни амалга оширишнинг миллий механизми сифатида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун, Президентнинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қонун ва қарорлар ўз навбатида мазкур салбий иллатга қарши курашишнинг самарали омили бўлиб, муҳим аҳамият касб этади.
Демократик қадриятлар қарор топиб бораётган бир вақтда давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этилиши ҳокимиятнинг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади. Коррупциянинг маълум бир мамлакатда ривожланиши эса ўша давлатнинг таназзулига олиб келади.
Коррупция бу – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади. Оддий халқ орасида коррупция деганда кўпинча давлат амалдорларининг шахсий бойлик орттириш ҳамда давлат, жумладан халқ манфаатлари ва ресурсларига зиён етказиш мақсадидаги порахўрлиги тушунилади. Гап хусусий соҳа тўғрисида кетаётган бўлса, унда одатда йирик кўламдаги порахўрлик ёки хусусий корхона мулкини талон-торож қилиш назарда тутилади.
Аслини олганда коррупция тушунчаси анчайин кенг бўлиб, қуйи табақадан тортиб токи юқори табақа вакилларигача бўлган аҳолининг деярли барча ижтимоий қатламлари, нафақат давлат, балки хусусий соҳаларни ҳам қамраб олади.
Мазкур тушунчага айнан нима киради?
Хусусан, Ўзбекистон қўшилган Коррупцияга қарши БМТ конвенциясида келтирилган таърифга кўра, коррупция давлат амалдорларига шахсан ёки бошқа шахслар орқали лавозим мажбуриятлари доирасида қандайдир ҳаракат ёки ҳаракатсизликни амалга ошириши учун мансабдор ва бошқа шахс учун ғайриқонуний бўлган имтиёз ваъда бериш, таклиф қилиш ёки тақдим қилиш ҳисобланади.
Коррупция лотинча “corruptio” – “емирилиш” деган маънони англатади. Этимологик жиҳатдан “коррупция” атамаси “бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатадиган “corruptio” сўзидан келиб чиққан. Юридик энциклопедия муаллифларининг таъкидлашича “коррупция-мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолиятдир”.
Коррупция ҳаракатларига: амалдор, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, суд, солиқ, божхона, таълим, тиббиёт ёки маъмурий муассасалар, шунингдек, ҳар қандай хусусий корхонанинг мансабдор шахсига пора бериш, маҳаллий ёки чет эл амалдори ва халқаро ташкилот амалдорини пора бериш орқали сотиб олиш, давлат мансабдор шахси томонидан мулкни талон-торож қилиш, ғайриқонуний ўзлаштириш ёки ундан ташқари бошқа мақсадда фойдаланиш, шахс томонидан шахсий бойлик орттириш ёки учинчи шахснинг бойиши мақсадида ўз обрўси ёки хизмат мавқеидан фойдаланиш, коррупция ҳаракатларидан даромад олиш, ошна-оғайнигарчилик ёки уруғ-аймоқчилик мисол бўла олади.
Ушбу иллатнинг илдизлари бир неча минг йилларга бориб тақалади. Дастлаб инсонлар бирор-бир мавқега эга бўлиш учун қабила бошлиғи ёки оқсоқолга совға-саломлар ҳадя қилишган. Қимматлироқ совға бу одамни бошқалардан ажратиб турган ва унинг илтимоси ёки талаби сўзсиз қондирилган. Қадим замонлардаёқ коррупцияга қарши қаттиқ жазолар белгиланганлигига қарамасдан, бу ҳамиша ҳам кўнгилдагидек натижа бермаган. Коррупциянинг дастлабки кўринишлари қадимги Шумер давлатида ҳам мавжуд бўлган бўлиб, ушбу иллатга қарши курашиш учун илк қонунлар ишлаб чиқилган. Қадимги диний китобларимиздан “Инжил”да, хусусан мусулмон оламининг муқаддас бўлган “Қуръон” китобида ҳам коррупциянинг илк кўриниши ҳақида сўз юритилиб, унда бировнинг ҳаққига ёки молига хиёнат қилиш қаттиқ қораланган.
Мамлакатимизда ҳам бу иллатга қарши кескин курашиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, 2017 йил 4 январда кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни бу жараёнда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, “Давлат харидлари тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Прокуратура тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар ҳам бевосита жамиятимизда коррупцияга чек қўйиш, таъмагирлик, таниш-билишчилик каби иллатларга барҳам беришни назарда тутади.
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, унинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш каби масалалар аниқ белгилаб қўйилган.
Шунингдек, мазкур қонунда коррупция, яъни порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда қонунни суиистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, истеъдодли кадрларни ўсишига тўсиқ бўлиш, инсон ҳуқуқларини бузиш ҳамда таъмагирлик қилиш каби жирканч ҳолатларга йўл қўйганлик учун қатъий жазо муқаррарлигини аниқ-равшан кўриш мумкин.
Давлатимиз томонидан коррупцияга қарши курашиш ва ушбу иллатни так томири билан қуритиш мақсади буйича олиб борилган ислоҳотлардан яна бир муҳим ва аҳамиятли кўриниши сифатида Ўзбекистон Республикаси Президетинининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига биноан бутунлай янги тузилма, яъни Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилганлиги десак муболаға бўлмайди.
Агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Агентлик ўз фаолиятини қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси палаталари олдида ҳисобдордир.
Агентлик зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган бўлиб, коррупция юқори бўлган соҳаларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат қилиш масалалари, давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий қилиш ҳамда декларациядаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш вазифалари шулар жумласига киради. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугунги глобаллашув даврида давлат ва жамиятнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишига тўсиқ бўлиб келаётган коррупция деб аталмиш салбий иллатнинг мавжудлиги барчамиз учун фавқулодда ҳолат деб баҳоланмоғи керак ҳамда ушбу жирканч иллатга қарши курашишни нафақат ҳар бир давлат хизматчиси балки, барча катта ва кичик ёшдаги фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятининг туб негизига сингдирилиши биз учун коррупциянинг уруғини қуритиш учун олға ташланган муҳим ва асосий қадам бўлади.
Н.Тўраева
По гражданским делам Қумқўрғон туманлараро суди судьяси
Орамизда шундай инсонлар борки, улар ўзганинг ҳақига ҳиёнат қилишдан тап тортмайди. Жорий йилнинг 4 август куни жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди томонидан ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишда айбланган шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
Хусусан, М.Р. (исм шарифлар ўзгартирилган) ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишни мақсад қилиб, 2022 йил 21 июнь соат 08:00 ларда Ангор туман “Марказ” маҳалласи ҳудудига келиб, туманнинг “Наврўз” маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Р бошқарувидаги Матиз русумли автомашинага йўловчи сифатида миниб, шу жараёнда ўзи минган автомашинанинг орқа ўриндиғи пол қисмида турган, фуқаро Х.Рга тегишли 1.290.000 сўм миқдордаги пулларни яширин равишда олиб, талон-торож қилган.
Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида жиноят “иссиқ изидан” фош этилганлиги сабабли, ушбу шахс ўғирланган пулларни сарфлашга улгурмаган.
Суд, фуқаро М.Рнинг айбига тўлиқ иқрорлиги ва пушаймонлигини, етказилган зарарни қоплаганлигини, жабрланувчи билан ярашганлигини, муқаддам судланмаганлигини эътиборга олиб, М.Рнинг айблилиги тўғрисидаги масалани ҳал қилмасдан, жиноят ишини ярашув асосида тугатишни лозим топди. Шу ўринда, фуқаролардан ўзларининг шахсий буюмлари ва моддий қимматликларини автомашина салонида қаровсиз қолдирмасликларини сўраймиз. Чунки бундай эътиборсизлик ғараз ниятда бўлган шахслар учун қулай вазиятни келтириб чиқаришини унутмайлик.
Б.Валиев
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди судья ёрдамчиси
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда коррупция қарши курашиш соҳасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Дарҳақиқат, Сурхондарё вилоят жиноят ишлари бўйича судлари томонидан коррупцияга оид жиноят ишлари мазмунан кўриб чиқилиб, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи таъминланиши билан бир қаторда, ушбу тоифадаги жиноятларнинг олдини олиш ва келиб чиқиш сабабларини бартараф қилиш юзасидан тарғибот ишлари корхона, муассаса ва ташкилотларда шунингдек, аҳоли орасида кенг қамровда олиб борилмоқда.
Шунингдек, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 2022 йилнинг 6 ойи давомида коррупция билан боғлиқ кўрилган жиноят ишлари юзасидан умумлаштириш ўтказилган.
Жорий йилнинг 6 ойи давомида Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан жами 148 нафар шахсга нисбатан 99 та коррупция билан боғлиқ жиноят ишлари кўрилган.
Шундан, 93 та жиноят иши бўйича 142 нафар шахсларга нисбатан ҳукм чиқарилган бўлиб, 132 нафар шахсга жазо тайинланган.
2022 йилнинг 6 ойида коррупция билан боғлиқ кўрилган жиноят ишлари бўйича жиноятларнинг турлари ЖК моддалари кесимида таҳлил қилинганида;
-ЖКнинг 167-моддаси билан 58 та жиноят иши 100 нафар шахсларга нисбатан;
-ЖКнинг 168-моддаси билан 7 та жиноят иши 7 нафар шахсларга нисбатан;
-ЖКнинг 205-моддаси билан 3 та жиноят иши 3 нафар шахсларга нисбатан;
-ЖКнинг 206-моддаси билан 1 та жиноят иши 2 нафар шахсларга нисбатан;
-ЖКнинг 210-моддаси билан 7 та жиноят иши 7 нафар шахсларга нисбатан;
-ЖКнинг 211-моддаси билан 23 та жиноят иши 29 нафар шахсларга нисбатан кўрилганлиги аниқланди.
2022 йилнинг 6 ойида коррупция билан боғлиқ кўрилган жиноят ишлари бўйича судланган шахслар тоифаси ўрганилганида, 30 ёшгача бўлганлар 42 нафарни, 60 ёш ва ундан юқори бўлганлар 5 нафарни, аёллар 21 нафарни ташкил қилади.
2022 йилнинг 6 ойи давомида коррупция билан боғлиқ кўрилган жиноят ишлари бўйича судланган шахслар тоифаси ўрганилганда,
-3 нафар ҳокимлик ходимлари,
-1 нафар солиқ хизмати ходимлари,
-3 нафар почта хизмати ходимлари,
-14 нафар халқ таълими вазирлиги қуйи тизим ходимлари,
Коррупция ва миллий тараққиёт масаласи — юрт тақдири, мамлакат келажаги учун ҳар қачонгидан муҳим ва долзарб аҳамият касб этади. Мухтасар айтганда, коррупция – тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш тегишли органларнинггина эмас, барчанинг иши бўлиши зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этган бўламиз.
Ж.Худойбердиев
Сурхондарё вилоят судинингжиноят ишлари бўйича судьяси
Ўзбекистон Республикасининг “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонуни 2022 йил 29 сентябрь куни муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланди.
Янги таҳрирдаги «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонун «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган мақсадлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда электрон шартномаларни тузишнинг аниқ тартиби белгиланмоқда.
Электрон тижоратдаги электрон ҳужжатлар қоғозда расмийлаштирилган ва ўз қўли билан имзоланган ҳужжатларга тенглаштирилади.
Электрон тижоратда сотувчилар қуйидагилардан иборат:
-электрон савдо майдончасида товарларни (ишларни ва хизматларни) чакана ва (ёки) улгуржи сотиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;
-электрон савдо майдончасида товарларни (ишларни, хизматларни) чакана сотиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ўзини ўзи банд қилган шахслар.
Соҳада тўловлар қуйидаги усулларда амалга оширилади:
-нақд пул маблағлари билан – нақд пул маблағлари тўлов воситаси тарзида виртуал терминаллар (E-POS) орқали қабул қилинганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларни ҳамда сотувчи ва сотилган товар тўғрисидаги ахборотни ўзида акс эттирадиган ҳужжатларни харидорга тақдим этиш орқали;
-пул маблағларини банк ҳисобварағидан ўтказиш орқали–пул маблағларини банк ҳисобварағидан ўтказиш воситасида, шу жумладан шахсий кабинет орқали ёки тўлов ташкилотининг тизими орқали ўтказиш;
Савдо майдончаларининг операторлари, тўлов хизматларини етказиб берувчилар ва товарларни етказиб бериш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар ўз ахборот тизимларига ёки банк ҳисобрақамларига “эскроу” хизматини жорий этиши мумкин.
Товарлар учун харидор томонидан тўловни амалга ошириш чоғида “эксроу” хизматини кўрсатувчи тўланган пул маблағларини харидор товарлар олинганлигининг тасдиғи олингунига қадар сақлаш ҳуқуқига эга.
Агар товар етказиб берилмаса ёки тавсифга мос келмаса, “эксроу” хизматини кўрсатувчи пул маблағларини харидорга қайтаради ёки, агар товар хоридор томонидан қабул қилинган бўлса, пул маблағлари сотувчининг ҳисобварағига ўтказилади. Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга кириши белгиланган.
С.Бўтаев
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг раиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Сурхандарьинский областной суд