Коррупцияга қарши куришиш – барчамизнинг бурчимиз

Коррупция – барча жамоатчилик институтларини нормал фаолият юритиши ва механизмига путур етказади, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабхаларида туб ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларни бузилишига олиб келади, жамиятда давлат ҳокимиятига нисбатан ишончсизликни вужудга келтиради ва мамлакат хавфсизлигига хавф туғдиради.

Давлат органлари фаолиятининг лозим даражада шаффоф эмаслиги, коррупция сабабларини пухта ва тизимли равишда таҳлил этилмаслиги, коррупция масалаларида, криминоген ҳолат юзасидан соҳада профилактика ишларини олиб боришда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларини – фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги лозим даражада эмаслиги – коррупцияни янада ривожланишига кўмаклашади.

Коррупция мурракаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун бирёқлама чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди. Ушбу фаолият комплекс-мажмуавий тарзда амалга оширилишини талаб этади.

Коррупцияни олдини олиш бўйича чораларни амалга ошириш – соҳа субъектларининг ўзаро мувофиқ фаолиятига асосланган давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.

Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк даврдаёқ – коррупцияга қарши курашиш масаласига умумдавлат миқёсидаги вазифа сифатида қаралиб, унинг олдини олиш, соҳасидаги қонунчилик базасини яратиш бўйича изчиллик билан, мунтазам равишда – туб ислоҳотлар олиб борилмоқда ҳамда самарали ва мақсадга йўналтирилган чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, мамлакатимизда – коррупцияни самарали олдини олиш, давлат қурилиши ва бошқарувининг барча соҳаларида демократик ислоҳотларни ўтказиш, хавфсизлик ва барқарорликни сақлашга қаратилган ва Конституцияга асосланган – мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди.

Мазкур ҳуқуқий база – 18 та – Кодекс; 50 дан ортиқ – Қонун ва 100 дан ортиқ – қонуности ҳужжатларини ўз ичига қамраб олади.

Бюджет ташкилотларининг асоссиз, мақсадсиз харажатларини олдини олиш, ҳисоб-китоб интизомига сўзсиз амал қилиниши устидан назорат қилиш – асосий вазифалари ҳисобланган махсус молия органи – Молия вазирлиги ҳузурида Ғазначилик бошқармаси ташкил этилди.

Жиноят кодекси, Жиноят-прцессуал кодекси, “Судлар тўғрисида”, “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунларнинг қабул қилиниши – коррупцияга қарши курашиш борасидаги ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан – коррупция соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни самарали олдини олиш ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини амалий рўёбга чиқаришга имкон берувчи коррупциявий қилмишларни аниқлаш ҳамда уларни олдини олиш борасида фаолият олиб борилмоқда.

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судьяликка номзодлар захираси шакллантирилишининг демократик асослари, судья кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш ишларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, судьялар корпуси барқарорлиги ва самарадорлигини мустаҳкамлаш мақсадида – Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги Фармонига мувофиқ – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.

Бош прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тузилмасида – коррупцияга қарши кураш хамда ички хавфсизлик бўйича махсус бўлинмалар ташкил этилиб, хозирда улар самарали фаолият олиб бормоқдалар.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан коррупция соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни самарали олдини олиш ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини амалий рўёбга чиқаришга имкон берувчи коррупциявий қилмишларни аниқлаш ҳамда уларни олдини олиш борасида фаолият олиб борилмоқда.

Коррупцияга қарши курашда муҳим институционал механизм сифатида жиноий даромадларни легаллаштириш ва бошқа коррупциявий ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, уларни аниқлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни тизимли равишда амалга ошириш мақсадида – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ташкил этилди.

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида биринчилардан бўлиб жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашишга ва миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга қаратилган комплекс ҳуқуқий чора-тадбирлар назарда тутилган – “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилди.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Парламент назорати тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги ва “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонунлар коррупцияга қарши курашишда анча аҳамиятли ҳужжатлар ҳисобланади.

Президентимиз 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлига қилган Мурожаатномасида “Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди” деб таъкидлаб ўтган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўрисида”ги Фармони қабул қилиниб, мазкур Фармонга асосан Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш мақсадида Коррупцияга қарши кураш Агентлиги ташкил қилинди.

Шунингдек, юртбошимиз томонидан 2021 йил 6 июль куни коррупцияга қарши курашиш бўйича яна бир мухим ҳужжат, яъни “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзоланди. Ушбу ҳужжатга асосан мамлакатимизда қоррупцияга қарши курашиш бўйича ҳамда ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида қатор вазифалар белгиланди. Бу саъй-ҳаракатларнинг бари келажак истиқбол йўлидаги жонкуярликлардир. Шу маънода, “Сен менга тегма, мен сенга тегмай”, “Нима бўлса бўлар, менга нима? Ўзим тинч бўлсам бўлди-да”, деган фикр билан яшамасак, инсоннинг энг катта душмани – лоқайдлик, бефарқликка берилмасак, бир мақсад йўлида бирлашиб, давлатимиз тақдирига бефарқ қарамасак, бу – ҳар қандай кўринишдаги коррупциянинг барҳам топишига хизмат қилади.

Т.Бекпулатов

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари

бўйича судлов ҳайъатининг судьяси

ТАЗЙИҚ ВА ЗЎРАВОНЛИКДАН ЖАБРЛАНУВЧИГА
ДАВЛАТ ҲИМОЯСИ МАВЖУД

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда кўплаб қонун ҳамда қонуности ҳужжатлари қабул қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунга мисол бўла олади. Ушбу қарорда, ҳимоя ордерини бериш тартиби, ҳимоя ордерининг ижросини таъминлаш тартиби, амал қилиш муддатини узайтириш тартиби, амал қилиш муддатини тугатиш тартиби, ҳимоя ордери бериш фаолияти устидан мониторинг олиб бориш тартиблари келтирилган.

Ҳимоя ордери бу — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат.

Ушбу ордерни бериш учун,  тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати,  жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар, давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар, тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши, ҳолатларда ҳимоя ордерини бериш учун асос ҳисобланади.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ва ташкилотлар жабрланган хотин-қизлар бўйича маълумотга эга бўлгач белгиланган шаклдаги хабарномани дарҳол ички ишлар органларига тақдим этади. Хабарнома қонун ҳужжатларига мувофиқ ички ишлар органлари навбатчилик қисмидаги дафтарда қайд этилади. Тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида ҳабар берган шахслар ва тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўриқланади. Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмида белгиланган тартибда қайд этилган мурожаатлар ва хабарлар дарҳол профилактика инспекторига тақдим этилади.

Шунингдек, профилактика инспектори ички ишлар органлари навбатчилик қисмлари томонидан тақдим этилган мурожаатлар ва хабарларни 24 соат мобайнида ўрганиб чиқади ҳамда ўрганиш давомида, жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахслар ҳамда бошқа шахслар билан ҳолат юзасидан суҳбат ўтказади. жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахснинг турмуш тарзи, тазйиқ ва зўравонлик содир этилишининг келиб чиқиши сабаблари ва шарт-шароитларини ўрганади, жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини амалга оширади.

Профилактика инспектори мурожаат ва хабарларни ўрганиш якуни бўйича, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланган тақдирда — ҳимоя ордерини расмийлаштиради. Ҳимоя ордери ўттиз кун муддатгача берилади ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Зўравонлик содир этган шахсларга ҳимоя ордери берилганлиги тўғрисида жабрланувчининг розилиги билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, шунингдек, бошқа тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотларни хабардор қилади, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланмаган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли чораларни белгилайди ҳамда бу ҳақда фуқаролар йиғини раиси, котиби, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис иштирокида далолатнома расмийлаштиради, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят белгилари аниқланган тақдирда  ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир вақтда иш материалларини жиноий жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборади. Ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчиларнинг ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги аризаси уларнинг қонуний вакили ёки васийлик ва ҳомийлик органининг вакили иштирокида кўриб чиқилади. Шахс ҳимоя ордерини олишни ва уни имзолашни рад этганда, профилактика инспектори холислар иштирокида далолатнома тузади ҳамда уни ушбу хатти-ҳаракатни давом эттирган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши тўғрисида расмий огоҳлантиради ва бу ҳақда жабрланувчини хабардор қилади.

Асрор Саъдуллоев

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъатининг судья катта ёрдамчиси

СУД – ҲУҚУҚ  ИСЛОҲОТЛАРИ

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳатлар изчил давом эттирилмоқда.  Сўнги йилларда  суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил масалалар юзасидан бир қанча қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

  Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам   пойдеворир. Адолат ва қонун устиворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак бу борада ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп. Бу албатта, “Бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини тайинлашда бош мезон ҳисобланади.

Хабарингиз бор илгари вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар эди. Энликда бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилиб, одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинди.

Бундан ташқари, яна бир муҳим масала фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги учта судлар битта суд сифатида бирлаштирилганлиги аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратилди.

Шунингдек, суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилди. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишини аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.

Яна бир муҳим янгилик – инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди.

Энди инвесторлар, ўз ҳохишига кўра низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри олий судга мурожаат қилиши мумкин. Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, “онлайн” тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилди. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб онлайн тартибда кузатиб боришлари мумкин. Яна шуни айтиш жоизки, келгусида жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасида ишлар давом эттирилиб, халқаро стандартлардан келиб чиқиб, манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилиши кўзда тутилган.

Тахир Бекпулатов

Сурхондарё вилоят суди жиноят

ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

ТИББИЁТЧИНИНГ ФИРИБГАРЛИГИ АЁН БЎЛДИ

Ҳозир ким кўп, иш сўровчи кўп. Шунга яраша ҳожатбарорлар ҳам етарлича топилади. Рахима деган қиз ҳам иш қидириб, суриштириб юриб Бобурга учрашиб қолди. У ҳам йўқ демай, майли суриштираман, чиқиб қолса хабар бераман, деб қўл телефон номерини олиб қолди.

Бобурга анчагина пул керак бўлиб боши қотиб юрганда, бирданига уч, тўрт ой илгари иш қидириб юрган Рахима деган қиз эсига тушиб қолди. Ён дафтаридаги ёзиб олиб қолган телефон номерига чиқди. Йўқ у ҳам кўп куттирмади. Ало деб телефонини олди. Бир келгинда, иш чиқиб қолди. Иш керакмасми бир зумда етиб келди.

Мана шу болалар поликлиникасидан тозаликбонлик иш чиқиб қолди. Катталар билан гаплашиб ишга қўйдираман, эвазига тўрт юз доллар берасан, -деди. Яхши мен уйдагилар билан гаплашай, акажон албатта менга иш керакда, бекорчилик жонга тегди, деб уйига кетди.

Орадан икки, уч кун ўтгач у Бобурга телефон қилиб, ака унча чиқмаяпти, ҳозирча икки миллион бор, нима қилай. Борини олиб келаверчи, қолганини ишга киргач берасан, деб уни чақиради.

Қушдай учиб келган Рахимани Бобур табассум билан ўз хонасида кутиб олади. Ҳалиги олиб келган  иккитани олиб энди сумкасига солмоқчи бўлган ҳам эдики, бегона кишилар эшигини очиб ичкарига кириб келишди. Ўзларини таништириб, шу ерни ўзида ҳужжат қилишди. Бобур Халилов бира тўла бойимоқчи эди, унинг ишига депортамент ходимлари панд берди. Энди у тегишли жазосини олиб сабоқ чиқаради. Унинг бу фирибгарлиги бир зумда тиббиётчилар орасида тарқаб миш-мишга айланди.

Комил Назаров

Сурхондарё вилоят суди жиноят

ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Янгиланаётган Ўзбекистонда гендер тенгликнинг ҳуқуқий асослари

Мамлакатимизда жамиятнинг пойдевори сифатида оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, оила манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий асосларини кучайтириш, унинг хавфсизлигини ва уйғунлигини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Кўрилган чоралар хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига шак-шубҳасиз риоя қилиш, маънавий-ахлоқий асосларни ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш учун пойдевор яратмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлари ва шу соҳага оид қонун ҳужжатлари асосида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинди.

Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази, Ҳукумат ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази каби янги тузилмалар ташкил топди.

Айни шу чора-тадбирларнинг узвий давоми сифатида жорий йилнинг 22 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасида “Биз зўравонликка қаршимиз” шиори остида фаол ҳаракатлар кампаниясига старт берилиши келгусида ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни ҳамда жамиятдаги ва оиладаги маънавий-ахлоқий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи бошқа ҳолатларни қўзғата оладиган оилавий ва шахслараро низоларнинг, депрессив вазиятларнинг эрта олдини олиш, шунингдек, ушбу жараёнда кенг жамоатчилик иштирок этишини таъминлаш, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш тизимини йўлга қўйишда, юзага келадиган низоли вазиятларни, шу жумладан оилавий-маиший зўрлик ишлатиш сабабларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш, жамиятда оилавий-маиший тусдаги зўрлик ишлатишнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан, биринчи навбатда, яқин қариндошлар томонидан муросасиз муносабат муҳитини, шу жумладан жазо муқаррарлигини таъминлаш, оғир ижтимоий аҳволдаги шахсларни қўллаб-қувватлаш орқали қарор топтириш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, оилавий ва шахслараро муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш жараёнларига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш каби устувор йўналишларнинг амалга ошишига ҳисса қўшади. Зеро, гендер зўравонлик – бу глобал муаммо бўлиб, жамиятда бундай зўравонликка ҳеч қандай ҳолатда ҳам кўз юмиб турмасдан, таълим ва оммавий ахборот воситалари орқали ҳар қандай кўринишдаги зўравонликни инкор этадиган, унга тоқат қила олмайдиган муҳит яратишда ҳисса қўшишимиз зарур бўлади.

З.Мавлонов

Сурхондарё вилоят суди судьяси

Иқтисодий судларда қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришнинг ўзига хос ҳусусиятлари

Иқтисодий судлар амалиётида қабул қилинган ҳамда қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини қайта кўриш амалиёти мавжуд.

            Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси асосий тартибга солувчи норматив ҳуқуқий-ҳужжат ҳисобланади.

            Бундан ташқари, қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда процессуал тартибни амалга оширишда тавсиявий ҳарактерга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2003 йил 25 июлдаги Қарори ҳам мавжуд.        

            Бунда, янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ суднинг ишни кўриш вақтида ҳисобга олиши мумкин бўлмаган, аризачига ва судга номаълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилингандан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш лозим.

            Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида ариза берувчи шахслар қуйидагилар ҳисобланади:

  • ишда иштирок этувчи шахслар;
  • иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқий ворислари;
  • суд жаримаси солинган шахслар;
  • Ишда иштирок этувчи прокурор (иштирок этган иши юзасидан).

            Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида аризасини кўриш тартиби:

            Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ушбу суд ҳужжатини қабул қилган судга суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай, ишда иштирок этувчи шахслар томонидан берилади.

            Ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддати, ариза билан мурожаат қилган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, суд томонидан тикланиши мумкин.

            Ариза беришда аризада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

1) ариза берилаётган суднинг номи;

2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номлари (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;

3) аризачи янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни талаб қилаётган суд ҳужжатини қабул қилган суднинг номи, ишнинг рақами, суд ҳужжати қабул қилинган сана, низо предмети;

4) аризачининг ҳужжатларга ҳавола қилинган фикри бўйича суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган янги очилган ҳолат;

5) ариза бераётган шахснинг талаби;

6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Аризага қуйидагилар илова қилинган бўлиши керак:

1) янги очилган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари;

2) ариза ва ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

3) суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза вакил томонидан имзоланган тақдирда, уни имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асослар қуйидагилардан иборат:

1) суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, иш учун муҳим ҳолатлар;

2) экспертнинг била туриб ёлғон хулоса берганлиги, гувоҳнинг била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлиги, била туриб нотўғри таржима қилинганлиги суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган бўлса ва мазкур иш бўйича қонунга хилоф ёки асосланмаган суд ҳужжати қабул қилинишига сабаб бўлган бўлса;

3) ишда иштирок этувчи шахснинг ёки унинг вакилининг ёхуд судьянинг мазкур ишни кўриш чоғида содир этилган, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими билан аниқланган жиноий қилмишлари;

4) иқтисодий суднинг, фуқаролик ишлари бўйича суднинг, жиноят ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг мазкур иш бўйича суд ҳужжатини қабул қилишга асос бўлган суд ҳужжати ёхуд бошқа органнинг шундай ҳужжати бекор қилинганлиги. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда процессуал муддатларга эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

М.Холбеков

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ҚУРИЛИШ ПУДРАТИ ШАРТНОМАСИДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН НИЗОЛАР

Қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда иқтисодий судлар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини қўллаши лозим.

Қурилиш пудрати шартномаси буюртмачи ва пудратчи ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Қурилиш пудрати шартномасининг шартларини баҳолашда судлар ФК 364-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан шундай ҳолларда талаб қилинадиган шаклда келишувга эришилган бўлса, шартнома тузилган деб ҳисобланишини инобатга олишлари лозим. Шу муносабат билан, агар қурилиш пудрати шартномасида муҳим шартлар назарда тутилмаган бўлса ҳамда ушбу шартларни белгилаш имконияти бўлмаса, бундай шартнома тузилмаган деб ҳисобланади.

Агар ишни кўриш жараёнида шартномада бундай шартларнинг мавжуд эмаслиги аниқланса, суд низо юзасидан қурилиш ишларини бажаришда расмийлаштирилган ҳужжатлар асосида қарор қабул қилади ва унинг асослантирувчи қисмида қурилиш пудрати шартномаси тузилмаганлигини кўрсатиб ўтади.

Қурилиш пудрати шартномасида муҳим шартларнинг мавжуд бўлмаганлиги ва шунга кўра шартнома тузилмаган деб ҳисобланиши, агар бундай ишларнинг бажарилганлиги ҳолати тақдим этилган далиллар билан исботланса, бажарилган ишлар қийматини ундириш тўғрисидаги талабни рад этишга асос бўлмаслигига қаратилсин. Бироқ, бундай қурилиш пудрати шартномаси шартлари ва (ёки) қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик чорасини (неустойка, фоизлар ундириш, зарарни қоплаш) қўллаш тўғрисидаги талабни қаноатлантириш рад этилади.

Агар қонун ҳужжатларида қурилиш пудрати шартномаси фақат электрон дўкон, танлов, тендер, ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат харидлари натижалари асосида тузилиши назарда тутилган бўлиб, шартнома савдолар ўтказилмасдан тузилган бўлса, бундай битим Фуқаролик Кодексининг 116-моддасига асосан ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.

Фуқаролик Кодексининг 108 ва 109-моддалари мазмунига кўра, қурилиш пудрати шартномаси оддий ёзма шаклда тузилади ва ушбу шаклга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Бунда, агар қурилиш пудрати шартномаси ёзма шаклда тузилмаган бўлса, тарафлар битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини ёзма ёхуд бошқа далиллар билан тасдиқлашлари мумкин.

Агар қўшимча ишлар қиймати сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг ўн фоизидан ошса ва буюртмачи лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиш киритишга қарши бўлса, пудратчи шартномадан бош тортишга ва бажарган ишларига мутаносиб равишда шартнома баҳосини тўлашни ёхуд ФК 382-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган тартибда шартнома баҳосини қайта кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда, қурилиш пудрати шартномаси тендер савдоси натижаси бўйича тузилган бўлса ва тендер комиссияси шартномага ўзгартишлар киритишни рад этса, пудратчи шартномадан воз кечиш ва буюртмачидан етказилган зарарни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу қоида буюртмачи томонидан тендер комиссиясига тегишли ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолларда ҳам қўлланилади.

Агар пудратчи буюртмачини қўшимча ишларни бажариш ва қурилишнинг смета қийматини ошириш зарурлиги тўғрисида олдиндан огоҳлантирмаган, аммо буюртмачи пудратчи томонидан қўшимча бажарилган ишларни қабул қилган бўлса, бу ҳолат буюртмачининг бундай ишлар ҳақини тўлашга розилигини англатмайди. Агар ишдаги пудрат шартномаси шартларидан четга чиқишлар ёки бошқа хил камчиликлар жиддий ва бартараф этиб бўлмайдиган даражада бўлса, буюртмачи шартномани бажаришдан бош тортишга ва келтирилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли. Агар ишдаги пудрат шартномаси шартларидан четга чиқишлар ёки бошқа хил камчиликларни бартараф этиш мумкин бўлса ва буюртмачи пудратчидан белгиланган оқилона муддатда уларни бартараф этишни талаб қилган бўлса, бироқ улар пудратчи томонидан бартараф этилмаган ҳоллардагина буюртмачи шартномани бажаришдан бош тортишга ва келтирилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Ч.Аролов

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ТАДБИРКОРЛАР ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯСИНИНГ ТАКОМИЛЛАШУВИ

Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий механизмларини такомиллаштириш, кичик бизнес фаолияти самарадорлигини ошириш, кичик бизнес учун қулай муҳитни яратиш, тартибга солишнинг пул-кредит механизмларидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлaрини ярaтиш вa aҳoлини фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Бугун ўз бизнесини йўлга қўйиб, ўзи, оиласи, маҳалла, эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган, иқтисодиётимиз тараққиётига хизмат қилаётган тадбиркорлар, хусусий корхоналар сафи тобора кенгаймоқда. Юртимиз аҳолиси ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва бунёдкорлик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бандликни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Шу билан бирга, олиб борилган таҳлил натижалари жойларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бу орқали янги иш ўринларини яратиш, бандликни таъминлаш, ўз меҳнати билан даромад топиш истагида бўлган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ишлари талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда.

Меҳнаткаш халқимизнинг қадимий касб-ҳунар анъаналари, ишбилармонлик салоҳияти оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолияти турларини кенг оммалаштириш, экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун катта тажриба ва захира мавжудлигидан далолат беради.

Ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июнь кунидаги «Ҳар бир оила-тадбиркор» Дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ПҚ-3777-сон қарори қабул қилинди.

Хусусан, мазкур қарор асосида асосида оилавий бизнес юритиш шарт-шароитларни янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришга оид ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш ҳамда солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан бир қатор чор-тадбирлар белгиланди.

Қайд этилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қабул қилинган мазкур ҳужжатлар хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай
шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради.

Шунингдек, қабул қилинган мазкур ҳужжатлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмасликни энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлайди. Хулоса ўрнида айтганда, ривожланиш стратегиямизнинг реал натижаларида, барча соҳада қўлга киритаётган залворли ютуқларимиз моҳияти ва аҳамиятида “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон манфаати учун” тамойилининг устуворлигини кўрамиз. Ишбилармонлик салоҳиятини ривожлантириб, шу орқали жамият ва давлат равнақига ҳисса қўшаётган тадбиркорларимиз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясининг такомиллашуви замирида ҳам ана шу олижаноб мақсад мужассам. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича давлат сиёсатига қарши қаратилган ҳаракат ҳисобланади ва бу борада мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш биринчи даражали аҳамиятга эга бўлиши лозим. Мана шу ҳақиқатни ҳар бир назорат органи ходимининг онгу шуурига чуқур сингдиришга қаратилган ишларимизни янада кучайтириш айни муддаодир.

Зухриддин Мавлонов

                                                                        Сурхондарё вилоят суди судьяси

МУЛК ДАХЛСИЗ ВА У ҚОНУН ҲАМДА ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

Сўнгги йилларда фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ҳар қандай инсон учун энг муҳим мулк, аввало бу унинг уй-жойидир. Фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқлари, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда, шунингдек, бошқа халқаро ҳужжатларда ҳам белгиланган бўлиб, ушбу халқаро ҳужжатларда белгиланган қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам ўз аксини топган.

Қолаверса, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” Қонуннинг 7-моддасида “Мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади, унга мувофиқ қонун ҳужжатларидаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилади” деб белгиланган.

Бироқ, ҳозирда ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини бузиб, ўз уй-жойидан мажбурий кўчириш ҳолатлари акс этган видео хабарлар кўпайиб бормоқда.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрь кунидаги 911-сонли “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг 1-бандига кўра,

а) давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шу жумладан, муайян ҳудуднинг архитектура қиёфасини ўзгартириш ва яхшилашга қаратилган давлат дастурлари ҳамда инвестиция ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ер участкаси ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан амалга оширилади;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларининг олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлгандагина қабул қилинади;

в) ер участкасини олиб қўйиш ташаббускори ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдори ўртасида тузиладиган ерни олиб қўйиш муносабати билан компенсация бериш тўғрисидаги келишув мажбурий тарзда нотариал тасдиқланади;

г) кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объекти мулкдорига келишувда, низо мавжуд бўлган ҳолларда эса суд қарорида, белгиланган компенсация тўлиқ тақдим этилгандан сўнг йўл қўйилади;

д) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликларнинг ер участкаларини ажратиб бериш тўғрисида аввал қабул қилинган қарорини бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, ҳокимликлар ёки бошқа давлат органи томонидан маъмурий тартиб-таомилларга риоя этилмаганлиги сабабли бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш йўли билан ер участкаларини олиб қўйиш тақиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида” Низомнинг 5-бобида мулкдор ва ташаббускор ўртасида юзага келадиган низо бўйича келишувга эришилмаган тақдирда — ушбу низо суд тартибида кўриб чиқилиши ҳамда ушбу низо бўйича суднинг қарори қонуний кучга киргунга қадар ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисидаги қарор ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Агарда мулк эгаси суд қароридан норози бўлса, юқори турувчи суд инстанциясига шикоят келтириши мумкин. “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 36-моддасига асосан ижро ҳаракатлари, ижро ҳужжати ёки уни беришга асос бўлган ҳужжат юзасидан, шунингдек рўйхатга олинган мол-мулкни баҳолаш натижалари юзасидан низолашилаётганда — масала мазмунан узил-кесил кўриб чиқилгунига қадар ижро иши юритишни тўхтатиб турилади. Хусусий мулк билан боғлиқ масалаларда масъул мансабдор шахслар юқорида қайд этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қатьий риоя қилиши лозим бўлади. Зеро, хусусий мулк қонун ва давлат ҳимоясида.

Зухриддин Мавлонов

Сурхондарё вилоят суди судьяси

Талабалар иштирокида “Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши биргаликда курашамиз!” мавзусида давра суҳбати ўтказилди

2022 йил 20 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олишга қаратилган “Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши биргаликда курашамиз!” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.    

Тадбирни Термиз Давлат университети Ёшлар билан ишлаш ва маънавият-маърифат ишлар бўйича бўлим бошлиғи Бобур Тошқобилов кириш сўз билан очди.

Тадбирда жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг раиси Икром Шайманов сўзга чиқиб, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшларни соғлом ва комил инсон қилиб ўстириш,  том маънода ўсиб келаётган ёш келажак авлодни ҳақиқий юрт фарзандлари қилиб тарбиялаш мақсадида барча зарурий шарт-шароитлар яратиб берилганини, ҳозирда барча жабҳада ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинаётган бўлсада, афсуски, давлатимиз томонидан шундай шароитлар яратиб берилган бўлишига қарамасдан ҳамда вилоятда олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамасдан сўнги пайтларда олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшлар ўртасида жиноятчилик бирмунча ўсганлиги, улар томонидан жиноятлар содир этилаётганлиги барчани бирдек ташвишга солаётганлигини таъкидлаб, талабалар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган фикрларини билдириб, жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар, уларни содир этилишига омил бўлган сабабларни судда кўрилган жиноят ишлари мисолида таништириб ўтди.

Шунингдек, давра суҳбатида Сурхондарё вилоят прокуратурасининг жиноий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими бошлиғи Аббос Разиков сўз олиб, тадбирда кўзланган асосий мақсад, талаба-ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасида мазкур иллатга қарши курашиш эканлигини, шунингдек, мамлакатимизда жадал суръатларда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шу каби, тадбирда жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг судьялари Абдихофиз Бойбилов, Шерзод Юлдашевлар ҳам иштирок этишди ва улар томонидан талабаларга нисбатан чиқарилган суд ҳукмлари ва хусусий ажримлари таништирилиб, уларнинг  муҳокамаси кенг таҳлил қилинди.

Талабаларга ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчилик ва коррупция ҳолларига қарши барқарор муҳит шакллантириш, адолатли таълим тамойилларини жорий қилиш масалалари юзасидан атрофлича тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган мавзу ва тегишли муаммолар бўйича саволларга соҳа мутахассисларидан жавоб олдилар.

Икром Шайманов

                               Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди раиси

Перейти к содержимому