Коррупциянинг олдини олиш – муҳим масала.

Йиғилишни раислик қилувчи Ф.Раупов очиб, кун тартибида кўриладиган масалани айтиб ўтиб, мазкур масала бўйича жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг раиси М.Хакимов маъруза қилишини билдириб ўтиб, маъруза учун М.Хакимовга сўз берди.

  Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг раиси М.Хакимов ўз маърузасида;

Бугунги кунда коррупция муаммосига жаҳоннинг деярли ҳар бир мамлакатида дуч келиш мумкин. Коррупция сўнгги йилларда халқаро миқёсда трансмиллий жиноят сифатида халқаро ташкилотлар томонидан кенг муҳокама қилинаётган мавзулардан биридир. Ҳатто, айрим сиёсатчилар томонидан коррупцияга глобал инқирозни келтириб чиқарувчи омил сифатида ҳам таъриф берилади. Ушбу масала мураккаб ва ечими қийин бўлиб, унга жамиятдаги бир касаллик деб қаралади. Коррупция келтирадиган зарар барча давлатлар учун тенг. Коррупция давлатнинг турли тузилмаларига, жумладан, солиқ тизимига, ижтимоий соҳадаги ислоҳотларга ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Мамлакатимизда мазкур муаммога қарши кураш масаласига мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ жид­дий эътибор қаратиб келинаётир. Ўтган давр мобайни­да коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий ба­за ва тизимли амалиёт шакл­ланди. Истиқлол йилларида ҳуқуқ тартибот соҳасида бирқанча ислоҳотлар амалга оширилди, коррупция ва бошқа жиноий ишларга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Юртимизда мазкур муаммонинг долзарблиги ҳис этилиб, коррупцияга қарши кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг бир қанча қарорлари қабул қилинган. Шунингдек, бу билан бевосита ва билвосита шуғулланувчи ташкилотлар фаолият юритмоқда. Миллий қонунчилигимизда коррупциянинг турли йўналишларига қарши курашга йўналтирилган нормалар мустаҳкамланган. Жумладан, пора олиш ёки бериш, унга воситачилик қилиш, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиисеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги каби жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг 2008 йили Бирлашган Миллатлар Ташки­лотининг Коррупцияга қар­ши конвенциясига (2003 йил 31 октябрь, Нью-Йорк), шунингдек, 2010 йили Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкило­ти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракат режасига (2003 йил 10 сентябрь, Истанбул) қўшилиши коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим қадам бўлди.

Ҳозирги кунда коррупцияга қарши курашишга масъул бўлган давлат органлари ва уларнинг тизимларида коррупцияга қарши курашишга оид фаолият янада такомиллашди. Шу жиҳатдан қонунбузарлик содир этилишининг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш ҳамда давлат органларини нопок ходимлардан тозалаш борасида аниқ йўналишга эга бўлган кенг қамровли ишлар амалга оширилаётир. 

Жамиятнинг турли босқич ва жараёнларида амалга ошириладиган ҳеч бир расмий, сиёсий, маданий, иқтисодий ва бошқа муносабатлар одоб қоидаларисиз амалга оширилмайди. Ахлоқ-одоб қоидаларига қисқа таъриф берадиган бўлсак, бу жамият ҳаётининг барча қатламларида турли шаклларда намоён бўлувчи ҳуқуқий, ахлоқий, анъанавий ва шу каби одамларнинг хулқ-атвори, хатти-ҳаракатларига хизмат қилган қатъий нормалар, тавсиялар, талаблар йиғиндисидир.

Давлат хизматчиси аҳамият бериши лозим бўлган одоб қоидаларига тўхталадиган бўлсак, улар энг аввало ахлоқ нормаларига асосланади. Замонавий амалиётда давлат хизматчиларида қуйидаги жиҳатлар, яъни меҳнатсеварлик, пунктуаллик, хушмуомалалик, чуқур мулоҳазалик, тинглай олиш, беғараз ёрдам, буйруқ ва кўрсатмаларни ўз вақтида бажариш, ҳақгўйлик, аниқлик, адолатли қарор чиқариш ва шу кабилар ахлоқий сифатларга тааллуқлидир.

Дарҳақиқат қонунийлик, адолатпарварлик, инсонпарварлик, сотилмаслик ва жавобгарлик тамойиллари давлат хизматчиси фаолиятини ахлоқий баҳолаш асосини ташкил қилади. Шу сабабли, давлат хизматчиси беғараз, мустақил, ҳалол ва сотилмайдиган, ҳақиқатпарвар, сезгир ва кишиларга қайғурувчан, яъни инсонпарвар бўлиши зарур ҳамда у ўзининг шахсий манфаатларини жамоатчилик манфаатлари билан мослаштириши лозим.

Коррупция, порахўрлик каби иллатлар юқорида кўрсатиб ўтилган тамойиллар ва сифатларнинг бузилиши учун далиллар сифатида намоён бўлмаслиги шарт.

Бу борада 2016 йил 2 март куни Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши, давлат хизматчиларининг одоб ва ахлоқ доирасининг ҳуқуқий жиҳатдан янада аниқлаштириб, белгилаб берди.

Хусусан, мазкур Одоб-ахлоқ қоидаларида давлат хизматчилари, шу жумладан раҳбар кадрларнинг ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир моддий бойликларни олиш ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўриш тақиқланиши, уларнинг коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига бевосита фаол кўмаклашиши шартлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, раҳбарларга ҳам қатъий талаб кўрсатилиб, ушбу талабларга мувофиқ улар манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши, коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриши, ходимларни самарали бошқариши, ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиши шартлиги, ҳаттоки, давлат хизматчилари хизматдан ташқари вақтда умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишлари, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги лозимлиги белгилаб берилди.

Шу билан бирга, Одоб-ахлоқ қоидаларига асосан давлат хизматчилари томонидан ўз хизмат вазифаларини бажаришда уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига оладиган манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймасликлари кераклиги назарда тутилган.

Буларнинг барчаси ўз навбатида, давлат ва жамиятда вужудга келиши мумкин бўлган ҳар қандай қоррупция аломатларининг олдини олиш, мазкур йўналишдаги ҳуқуқ бузарлик профилактикаси билан боғлиқ. Хусусан, аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини янада кучайтириш билан боғлиқ ишлар амалга ошириш каби бир қатор вазифаларни қўйиш билан бир вақтда, ушбу вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари учун қатъий белгилаб қўйилган одоб-ахлоқ қоидаларига ҳам амал қилиш доимий муҳим ва зарурий меъёр ҳисобланиши лозим.

 

Музаффар Ҳакимов

                                                       Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг раиси

Замонавий қул савдоси: Тарих ва бугун.

Дунёдаги трансмиллий жиноятларнинг энг хавфлиси ва жирканчи одам савдоси афсуски фан-техника тараққиёти даври бўлмиш ХХ-ХХ1 асрда авж олди. Меҳнат миграцияси, ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган  жиноятчи гуруҳларга ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишга имкон яратиб берди.

Эндиликда интернет  сайтлари ва ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган турли хил “юқори даромадли” ишга чақирувчи эълонлар “анъанавий” куча-куйда танишиб, “ишга ёллаш” жараёнининг ўрнини эгаллади.

Инсоният ўз тараққиёт жараёнида қулдорлик тузумини енгиб, бир нечта тараққиёт босқичларидан ўтгач, янги кўринишдаги “қулдорликка” қайтишига нима сабаб бўлмоқда? Унинг иллатлари қаерда яширинган?

Одам савдосига қарши курашиш тарихига назар ташлар эканмиз, “тирик товар” савдоси ҳақида  қадимги Миср ва Месопотамиянинг ёзма манбаларида келтирилган қайдларни кўриш мумкин. Айнан ўша даврда қулчилик давлат иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшган йўналишлардан бири  бўлган. Африкадан олиб келинаётган арзон қора танли қуллар Миср, Финикия, Юнонистон, Рим, кейинчалик Туркия, Эрон, Арабистонга етказиб берилар эди.  Ғарбий Европада  қул жаллоблари асосан скандинавиялик викинглар ва италиялик савдогарлар, португаллар бўлиб, қулларни Европа мамлакатлари ва Бразилияга етказиб беришган. Қулдорларнинг бу қабиҳ   фаолияти XIX асрга келибгина барҳам топди. Биргина Саудия Арабистонида қулчилик ХХ асрнинг 80-йилларигача давом этди. XYII асрга қадар қул савдоси давлат ихтиёрида бўлган бўлса, 1698 йили инглиз Парламенти  жисмоний шахсларга ҳам қулчилик билан шуғулланишга рухсат беради. 1452 йилда Рим папаси Николай V  ўзининг “Romanus Pontifex”  булласи билан  португалияликлар томонидан Африка ҳуддуларига босқинчиликка фатво беради.1510 году   йили эса мазкур босқинчилик ҳаракати оқибатида 250 нафар қора танли қул Эспаньола тилла конига келтирилади. Бир йил ичида Гондурас ва Гватемалага 1526, Колумбияга 1533 нафар қуллар келтирилган. Тарихда “Олтин учбурчак бўйлаб савдо” номини олган мазкур савдо йўналиши қулларни Африкадан олиб чиқиш, уларни Жанубий Америкада сотиш, пулига эса шакар, спиртли ичимликлар ва бошқа маҳсулотларни  ўзга юртларга икки-уч баробар қимматга пуллаш имконини берган. Оқ танли қуллар, яъни шотландиялик ва ирландияликлар билан савдони  инглизлар 1620 йилда бошлаб беришди. Қулларнинг аксарияти кемалардаги чидаб бўлмас шароит, очлик, сувсизлик ва касалликлар оқибатида охирги манзилга етиб келмай, ҳалок бўлишар эди. Қулчилик даврида  Шимолий ва Жанубий Америкага жами Африкадан
12,5 млн. нафар қул олиб келинган.

XVIII асрга келиб Буюк Британиядаги қул савдосига қарши кураш ҳаракати бошланади. Қул савдосига қарши кураш тўғрисидаги биринчи билль  Уильямом Уилберфорс (1759—1833) томонидан ишлаб чиқилиб, 1791 йили Парламентда кўпчилик томондан маъқулланди.  1798  йили биринчи қулларга қарши “Африка ассоциацияси” тузилди. Унинг талаби билан Буюк Британия Парламенти қуллар аҳволини ўрганиш учун комиссия тузди.Натижада қуллар ҳаётини енгиллаштирувчи биринчи акт қабул қилинди.  Фақат 1848 йилдагина қуллар исёни натижасида Францияга мустамлака мамлакатлардаги қуллар озод қилинди. АҚШда қуллар 1865 йилда озодликка чиқишди. 1807 йил
25 мартда “Одам савдосини тақиқлаш тўғрисида акт” қабул қилинди. Халқаро миқёсда  қул савдоси Венада (1815) ва Верона (1822—1823) конгрессларида қораланди.  1890 йилдаги Брюссель конференцияси одам савдосига қарши кураш борасидаги халқаро тизимни ишлаб чиқди.

ХХ асрда рўй берган инсоният тарихидаги энг қирғинбарот урушлар оқибатида  аёлларнинг Европадан Америка ва Шимолий Африка қитъаларига кенг кўламли миграцияси ҳамда аёлларни Европага сотиш бошланди. Одам савдосига барҳам бериш мақсадида  1902 ва 1910 йилларда Парижда (Франция) иккита конференция ўтказилиб, “Оқ қуллар савдосига қарши кураш” номли бутунжаҳон Конвенцияси қабул қилинади. Кейинроқ конвенция “Аёллар ва болалар савдосини йўқотиш” ва “Вояга етган аёллар савдосини йўқотиш” номли бутунжаҳон Конвенциялари билан тўлдирилган. 1948 йилда “Инсон ҳуқуқлари” умумжаҳон Декларацияси қабул қилинди. Шундан сўнг “Инсон ҳуқуқларининг Европа Конвенцияси”, “Қуллик хусусида”ги Конвенция, “Қулликни йўқотиш амалиёти тўғрисида”ги қўшимча Конвенция, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция, “Аёлларга қарши дискриминациянинг ҳар қандай кўринишларига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенциялар қабул қилиниб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланила бошланди.

Айни пайтда трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг узвий таркибий қисми бўлган одам савдоси замонавий кўринишда кенг тарқалмоқда. БМТ ва Миграция бўйича халқаро ташкилот мутахассисларининг таҳлилий хулосаларига кўра, ундан жабр кўрганлар сони бир неча ўн миллионни ташкил этади. БМТ маълумотларига кўра ҳар йили дунё бўйича 700 мингдан зиёд шахс одам савдоси билан шуғулланувчилардан азият чекишади.  Интернет, хусусан ижтимоий тармоқларнинг ривожи замонавий қулликни келтириб чиқарди, бунга асосан ноқонуний йўл билан иш излаб ўзга юртга кетишлар мазкур жараённи янада кучайтирди. Минглаб инсонлар ХХ1 асрда ҳам одам савдоси қурбонлрига айланишмоқда. Шу сабабли  ЮНЕСКО 23 августни Халқаро одам садоси қурбонлари хотираси куни, деб эълон қилди.

Ўзбекистон мустақилликнинг илк йиллариданоқ одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб,  2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан
1950 йилда қабул қилинган “Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2000 йил
15 ноябрдаги резолюцияси билан қабул қилинган “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги Конвенция, шунингдек, одам савдоси, айниқса, аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўғрисидаги қўшимча протокол ҳам ратификация қилинди. Шунингдек, мустақиллик йилларида хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан, одам савдосининг хавфли кўринишларига қарши кураш ҳақида бир қатор шартнома ва келишувлар имзоланди. Айниқса Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилнинг 17 апрелида қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда одам савдоси жиноятига қарши курашишнинг миллий қонунчилик асосларини яратиб берди.  Шунингдек, одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноят қурбонларини ижтимоий ҳимоялаш тадбирлари комплекс характерга эга эканлиги инобатга олиниб, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссияси тузилди ва ҳозирги кунда комиссия томонидан одам савдоси ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш ҳамда одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатишга қаратилган бир қатор ташкилий ва профилактик тадбирлар ўтказилиб келинаяпти.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 5 ноябрдаги  “Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация марказини ташкил этиш тўғрисида” ги 240 — сонли қарорининг иккинчи бандига асосан одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация марказининг асосий вазифалари ва функциялари этиб белгиланди.

2001 йилдан буён республикамизда  фаолият кўрсатаётган “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази мамлакатимизда мазкур трансмиллий жиноятга қарши курашишда етакчи ташкилотлардан биридир.

Муқаддас китобларда нафс йўриғига юриш залолатга элтувчи фитна экани айтилади. Афсуски турли хил сабаблар, иқтисодий етишмовчилик туфайли  оиласини, фарзандларини ташлаб  йўлга отланувчиларнинг сони йилдан йилга ошиб бормоқда.

Агар Сиз чет элда ишлаш ёки ўқиш ниятида бўлсангиз:

—Сизга ўқиш ёки иш таклиф этаётган фирма ёки ташкилот билан шартномани белгиланган давлатга боришдан олдин, ўз давлатингизда имзоланг;

Сизга чет элда ўқиш ёки ишлаш бўйича хизматларини таклиф қилган фирма ёки агентликни қонуний ишлашига ишонч ҳосил қилиш учун тегишли лицензия ва сертификатда улар томондан кўрсатиладиган хизмат турларига аҳамият беринг. Лицензия ёки сертификатнинг асл нусхаси кўринарли жойга жойлаштирилган ва бир нусхада бўлиши зарур;

шартномани имзолашга шошилманг, мутахассислар билан маслаҳатлашинг, ҳар бир банди билан мукаммал танишиб чиқинг;

агар шартнома шартлари Сизни қониқтирмаса, имзолашни рад этинг. Ўз шартларингизни киритилишини ва ўзгартиришни таклиф қилинг;

шартнома фирма ёки агентлик директори томонидан имзоланганлигига аҳамият беринг. Агар шартнома ижрочи ходимлар, масалан директор ўринбосари ёки бошқа ходимлар томонидан имзоланган бўлса, имзо қўйиш ҳуқуқини берувчи қарор ёки ишончномани (нотариал тасдиқланган) кўрсатишларини сўранг;

сиз имзо қўйган шартнома ва бошқа ҳужжатларингиз нусхасини яқинларингизда қолдиришингиз зарурлигини ёдингизда тутинг;

чет давлатларда фақатгина меҳнат визаси ишлаш ҳуқуқини беради, сайёҳлик визаси билан белгиланган давлатга бориб ноқонуний ишлашга розилик берманг;

ўзингиз билан паспорт, билет ва бошқа ҳужжатларнинг нусхасини олинг ва асл ҳужжатлардан алоҳида жойга яшириб қўйинг. Яқинларингизда чет элдаги иш ва яшаш жойингиз, иш берувчи, корхона ёки ташкилот раҳбари ҳақидаги тўлиқ маълумотларни қолдиринг;

Шунингдек, бирор хавфга тўқнаш келсангиз бу ҳақида яқинларинингиз хабар бера олишингиз учун бирор оддий ва содда сўзни келишиб олинг (фавқулодда вазиятларга тўқнаш келсангиз, масалан ўғирлик, мажбуран ушлаб туриш ва бошқалар), бу телефон орқали гаплашаётганингизда кимдир назорат қилиб турган бўлса ёрдам беради;

эътиборингизни қаратинг Сизга ваъда қилинаётган ойлик маош бажаришингиз керак бўлган ишга мос келадими, ҳаддан зиёд кўп тўлашни ваъда қилишмаяптими;

йўл ҳаражатлари, яшаш, озиқ-овқат ва бошқа ҳаражатлар учун ўша жойда ёки кейинчалик ойлик маошингиздан ҳисоб-китоб қилиниши тўғрисидаги таклифга розилик берманг;

қуйидаги эълонларга диққат қилинг ва улардан эҳтиёт бўлинг: “Официантка, раққоса ва бошқа ишларга қабул қиламиз. Тажриба ва малака талаб қилинмайди. Йўл ҳаражатлари, яшаш ва кундалик ҳаражатлар иш берувчи томонидан қопланади”; “Катта маош тўланадиган ишларга қабул қиламиз”. Бу каби эълонларда телефон рақамидан бошқа маълумот бўлмайди, иш таклиф қилувчи фирма ёки агентлик тўғрисидаги маълумот кўрсатилмайди.

 

Музаффар Ҳакимов

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг раиси

Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш.

Мамлакатимизда вояга етмаганлар ҳуқуқ-эркинликларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини муҳофаза этиш, энг асосийси, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Вояга етмаганлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилгани самарали ижтимоий ҳимоя тизимини жорий этиш ҳамда ёшларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда. Айни пайтда мамлакатимиз аҳолисининг 40 фоизини вояга етмаганлар ташкил этади. Ушбу кўрсаткичнинг ўзиёқ масала нечоғли долзарб аҳамиятга эга эканидан дарак беради. Бу жараёнда ота-она, маҳалла-кўй, таълим муассасалари, умуман, кенг жамоатчилик зиммасига улкан масъулият юкланади.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш барча даврларда ҳам давлатнинг жиддий ва муҳим масаласи ҳисобланиб келинган. Инсон тинч ва хотиржам яшашни ҳоҳлайди. Тинчлик бўлган жойда барака ва ривожланиш бўлади. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида Ўзбекистоннинг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги мақсадлари аниқ ва равшан баён этилди.

Ҳаммамизнинг олдимизда турган муҳим масала бу ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш. Чунки, ёшлар бизнинг келажагимиз. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ёшлар ўртасида турли хил иллатларни олдини олиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида салмоқли ишларни амалга оширилмоқда. Хусусан, мустақиллик қўлга киритилганидан 3 ой ўтмасдан, яъни 1991 йил 20 ноябрда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. 2016 йилга келиб “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Бундан ташқари, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди, қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди.

Парламентнинг ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида, яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси тузилди ва ўзининг фаолиятини бошлади. Ёшларнинг, айниқса уюшмаган, иш билан банд бўлмаган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратишга, бандлигини таъминлашга, ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантиришга, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишга кўмаклашиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш бўйича таклифлар киритиш ушбу комиссиянинг асосий вазифаларидан бири қилиб белгиланди.

Шу билан бирга, ёшлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни турли мафкуравий таҳдидлар ва ёт ғоялар таъсиридан асраш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ёшлар бандлигини таъминлашга оид масалалар қамраб олинган. Масалан, интернет клублар фаолиятини тартибга солиш, уларнинг кечки соат 22.00 дан кейинги фаолиятини чеклаш зарурати каби масалалар шулар жумласидандир. Шу боис бу ишга масъул бўлган давлат идоралари, ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари, вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи комиссиялар фаолияти самарадорлиги ҳамда масъулиятини янада ошириш лозим.

Президентимиз ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни мамлакатимизда Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш профилактика куни сифатида белгилангани болаларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, ўсмирлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг оддини олиш тизимини мустаҳкамлаш, ота-оналар ҳамда васийлик органларининг масъулиятини ошириш борасидаги ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим йўналиш бўлди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, оила, таълим муассасалари ва кенг жамоатчилик зиммасига вояга етмаганлар ҳуқуқбузарлиги ва жиноятчилигининг олдини олиш, ҳудудларда вояга етмаганларнинг маънавий, ахлоқий, ҳуқуқий, эстетик, жисмоний, меҳнат тарбиясида иштирок этиш, уларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга кўмаклашиш, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтиб келган вояга етмаганларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига ёрдам бериш вазифалари юклатилди.

Хулоса қилиб айтганда, жойларда ёшларни соғлом ва комил инсон қилиб ўстириш ва тарбиялаш, уларнинг спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланиши учун барча шароитни яратиб бериш, бўш вақтларидан унумли фойдаланиши учун кутубхоналар ташкил этиш борасида турли жамоат ва давлат ташкилотлари вакиллари, маҳаллалар фаоллари билан ҳамкорликда самарали иш олиб борсак, ҳар томонлама билимли, юксак манаъвиятли ёшларимиз яқин ва узоқ истиқболда мамлакат ва халқимиз ҳаётининг ривожланиши учун бор куч-ғайрат ва салоҳиятини аямайди.

Музаффар Ҳакимов

                              Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг раиси

Оилада зўравонлик бўлса қандай ҳимояланиш мумкин?.

Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак.

                              (Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, 1-модда) 

 

Бугунги кунда, айниқса карантин даврида 3 млрд.га яқин аҳоли “ўзини яккалаш” тарзида ҳаёт кечирмоқда. Таъкидлаш жоизки статистик маълумотларга кўра 82 тадан ортиқ давлатларда карантин жорий этилиши натижасида аксарият мамлакатларда иқтисодий муаммолар юзага кела бошладики, бу ўз навбатида аҳолининг ўрта ва қуйи қатламига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатди, яъни кунлик даромад манбаининг йўқолди ёки тушиб кетди, режалаштирилган лойиҳалар вақтинча қолдирилди, мавсумий ишлар орқали топиш мумкин бўлган даромаддан айрилди.

Бунинг натижасида табийки оилаларда ҳам қалтис вазият юзага кела бошлади. Биргина Хитойда 2020 йилнинг 1-чорагида оилавий зўравонлик ҳақида келиб тушаёган мурожаатлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 бараварга ошган, Францияда фуқароларнинг ҳаракатланишига чекловлар белгиланган куннинг бир ҳафтасидан сўнг бу каби мурожаатлар 30%га ошган, Россияда ҳам бу каби ҳолатларнинг ўсиши кузатилмоқда. Буюк Британияда Counting Dead Women лойиҳаси асосчиси И.Смитнинг таъкидлашича сўнгги икки ҳафтада оилавий зўрвонлик оқибатида 8 нафар аёл вафот этган, яна 4 та ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, бу эса аввалги кўрсаткичларга нисбатан 4 баравар кўп.

Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотининг билдиришича оилавий зўравонлик масаласи бугун бутун дунёда марказий ўринлардан бирида турибди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ўзинининг Твиттер саҳифасида билдиришича сўнгги вақтларда аксарият мамлакатларда деярли барча кучлар ва ресурслар коронавирус пандемиясини олдини олишга сафарбар этилган бир пайтда оилавий зўрвонлик ҳолатлари юзага келиши глобал муаммога айлантиб бормоқда.

Оила кодексига мувофиқ мувофиқ эр ва хотин оилада тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва улар тенг мажбуриятларга эгадирлар, эр ва хотиннинг ҳар бири машғулот тури, касб ва туриш ҳамда яшаш жойини танлашда эрклидир.

Ушбу Кодексининг 26-моддасига кўра қимматбаҳо буюмлар ва зебу-зийнатлардан бошқа шахсий фойдаланишдаги буюмлар (кийим-бош, пойабзал ва бошқа шу кабилар), гарчи никоҳ давомида эр ва хотиннинг умумий маблағи ҳисобига олинган бўлса ҳам, улардан фойдаланиб келган эр ва хотиннинг хусусий мулки ҳисобланади.

Умуман олганда зўравонлик ўзи нима?

Зўравонлик бу бир шахснинг иккинчи шахсга нисбатан қасддан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали унинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик).

Оилавий зўравонлик эса зўравонлик ҳаракати (ҳаракатсизлиги) оила аъзосининг бошқа аъзоларига (хотин, ота-она, болалар ва бошқалар) нисбатан амалга оширилиши тушунилади. Умуман олганда бутун дунёда статистик маълумотларга кўра аксарият ҳолларда оилавий зўравонликдан хотин-қизлар жабр кўради. Оилавий зўравонлик жинсий, жисмоний, иқтисодий ва руҳий зўравонлик шаклларида амалга оширилиши мумкин.

Бизнинг мамлакатда бу каби ҳолатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ва жавобгарлик мавжудми?

Конституциямизда фуқароларнинг бир қатор асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хусусан ҳеч кимнинг қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурлиги белгилаб берилдики, бу талабларга ҳамма риоя қилиши шарт.

Шу ўринда бу каби содир этилган қилмишлар учун уларнинг турига ва оғирлаштирувчи ҳолатларга қараб Жиноят кодекси биринчи бўлмининг (шахсга қарши жиноятлар) бир қанча моддаларида жиноий жавобгарлик белгиланган.

Масалан, ЖКда қасддан одам ўлдирганлик учун (97-модда) ўн йилдан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш учун (103-модда) уч йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади.

Шунингдек, оилавий зўравонлик ҳолатлари аниқланганда фуқаролар томонидан содир этилиши эҳтимоли кўп учрайдиган қасддан баданга оғир (104-модда), ўртача оғир (105-модда) ёки енгил (109-модда) шикаст етказиш, қийнаш (110-модда), ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш (112-модда), жиноий равишда ҳомила тушириш (аборт) (114-модда), хавф остида қолдириш (117-модда), номусга тегиш (118-модда), аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш (121-модда), вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни, ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш (122-123-моддалар), никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш (1251-модда), тиланчилик қилиш (1271-модда), аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш (136-модда) каби қилмиш содир этган шахс Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жавобгарликка тортилади.

Республикада оилавий зўравонликка қарши кураш ва уни олдини олиш мақсадида 2019 йил 3 сентябрдан “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонуни кучга кирди.

Қонунга мувофиқ хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Ҳукумат ва давлат ташкилотларининг соҳадаги ваколатлари ва хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга чек қўйишнинг умумий чора-тадбирлари белгилаб берилди.

Қонунга асосан хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг ҳолатлари содир этилганда қуйидаги якка тартибдаги чора-тадбиралар кўрилади:

-профилактика суҳбатини ўтказиш;

-ҳимоя ордерини бериш;

-тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказларга жойлаштириш;

-зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш.

Мазкур Қонунга асосан ва хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида азирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги 3-сон қарори билан Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисида низом тасдиқланди.

Оиласи ва атрофдагилар томонидан тазйиққа учраган хотин-қизларга ордер қай тартибда берилади?

Низомга кўра ҳимоя ордери 24 соат ичида зўравонликка учраган фуқарога ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори томонидан берилади. Жабр кўрган аёл ёки бу ҳақида хабардор бўлган учинчи шахс (қўшни, қариндош ва бошқалар) яшаш ҳудудидаги ҳуқуқ-тартибот органларига ариза билан мурожаат қилади.

Профилактика инспекторлари жабрдийданинг яшаш шароитини ўрганиб чиқиб, 24 соат муддатда ордер бериш масаласи ҳал қилинади. Ҳимоя ордери ўттиз кун муддатгача берилади ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради. 30 кунлик муддат учун бериладиган ҳужжат 3 нусхада бўлади, яъни аризачи, зўравонлик содир қилган шахс ва профилактика инспекторида сақланади.

30 кун муддатда жабр кўрган аёлга зўравонлик содир қилган шахс томонидан яна тан жароҳати етказса, фуқарога нисбатан жиноят иши очилади. Хавф-хатар ҳали бартараф қилинмагани аниқланса, ҳимоя ордери муддати узайтирилиши мумкин.

 

Музаффар Ҳакимов

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг раиси

СЎНГГИ ПУШАЙМОННИНГ НАФИ ЙЎҚ.

Халқимизда “Кўза кунда эмас, кунида синади”, деган нақл бор. Бу нақл ўзбошимчалик билан оқибати хайрли тугамайдиган ишга киришаётганларга қарата айтилади. Бу кўп асрлар синовидан ўтган тажриба асосида юзага келган хулосадир. Бепарво, ўзбошимча, қоидабузар кишилар эса доимо жабр тортиб, қилмишидан пушаймон бўлишган. Сўнгги пушаймоннинг эса асло фойдаси бўлмайди.

Яқинда худди ана шундай воқеа тоғли Хўжаипок қишлоғида яшовчи Соли Файзуллаевнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам бошига тушди. У бир танишидан ҳужжатсиз трактор сотиб олади. Уни ҳайдашни наридан бери ўрганиб олиб, ҳужжатсиз тракторни бошқарув ҳужжатсиз қишлоғида ҳайдаб юраверади. Яна бунинг устига, тракторда одам ташиш қатъиян тақиқланганига қарамасдан, тоғнинг тик нишабли йўлларида трактор тележкасида бемалол одам ташишга журъат қилади.

Кунлардан бир куни унинг бу бепарволиги қимматга тушди. 2022 йил 16 февраль куни С.Файзуллаев трактор бошқарув рулида бироз носозлик борлигини сезган бўлса-да, техник носозликка парво қилмай ўзининг маҳоратига ишониб, тоғнинг баланд қисмидан пастга тезлик билан тушиб келаётганда трактор бошқарувини йўқотди. “Т-16” маркали тракторда 9 нафар йўловчи бор эди. Ҳужжатсиз тракторчининг бузуқ трактори йўл четига ағанади. Трактор тележкасидаги одамлар анча жабр кўрди ва ҳатто улардан бирови касалхонага етказиб борилганлигига қарамасдан оғир жароҳат олганлиги туфайли ҳаётдан кўз юмди.

Мана сизга қонунни бузиб иш тутишнинг бир мисоли. Одил суд судланувчига айбига яраша жазо тайинлади.

Нохуш ходисадан сўнг кўзи чарақлаб очилган айбланувчи ўз айбини тан олиб, кечирим сўради, қилган ишига минг бора пушаймон эканлигини билдирди. Аммо сўнгги пушаймоннинг фойдаси кимга тегибдики, унга наф келтирса.

Шундай экан, азизлар, ҳар ишда ва ҳамма вақт қонун ва қоидаларга риоя қилайлик. Қоидага амал қилган, қоида талабларини бажарган инсон асло пушаймон чекмайди.

Самад Сувонқулов

                Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

ҚЎШНИСИНИ ТУНАГАН ЎҒРИ!

Нурилла туппа-тузуккина “Файз” бозорида савдо қилиб, рўзғор тирикчилигига  ёрдамлашиб юрувди. Эрта кетиб, кеч келиб савдо яхши бўлган кунлар бозорлик қилиб келишни канда қилмасди.

Шу куни уйга келса, ҳеч ким йўқ. Суриштирса тўрт, беш ҳовли наридаги бир қариндоши тўй қилаётган экан. Уйдагилари ўша қариндошиникига кетибди. Бундай қараса ён қўшниси Мурод ака ҳам болалари билан ўша томонга кетишибди.

Атрофда ҳеч ким йўқ. Унинг ичига шайтон кирди. Бу йилги томорқасидан чиққан ҳосилини мўмайгина пуллаган, тўй қилиш учун йиғиб юрган ён қўшниси Мурод аканинг пулини ўмаришни режа қилди.

Ошхонадаги пичоқни олдида секин, бекиниб ҳамсоясининг уйи томон юрди. Ҳовлига кириб, у томон, бу томонга қараса ҳеч ким йўқ. Уйи ичига кириб, меҳмонхонасига қараса эшиги қулфланган турибди. Уни пичоқ билан бузиб очдида, ичкарига кирса учта сандиқ бўлиб, сандиқлардан бирининг эшиги қулфланган ҳолда турибди. Шу қулфни ҳам қўлидаги пичоқ билан бузди. Сандиқнинг ичидагини титкилаб кўраётган чоғи қўли ўралган нарсага тегди. Сандиқдан ташқарига чиқариб кўрса, айнан у излаган пул экан. Тугунни ўзи билан олиб чиқиб кетди. Уйига ўтиб, ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ҳалиги ўғирланган пулларни эринмай санаб чиқди. Йигирма бир миллион уч юз минг сўм ва юз “кўки” ҳам бор экан. Нурилла дунё топгандай ўзида йўқ хурсанд. Икки ярим миллионини бўлак ажратдида, буни онасига савдо пулим рўзғорга ишлатинг деб бермоқчи бўлди.

Қолганларини тахлаб, яна қайта бошқа қоғозга ўраб, шу ерлик ўртоғи Қўлдошларникига олиб кетди. Бориб, ошна шу омонатим сенда турсин, керак бўлганида оламан, – деб унга қолдириб қайтди. Ёнбошлаб телевизорга қараб ётган чоғи уйдагилари бирин-кетин кириб келишди. Онамга бераман деб ажратиб қўйган пулларни онасига берди. Шу савдодан орттирганим уйга бирор нарса оласизда, – деб онасини хурсанд қилиб қўйди. Онаси ҳам пул топар ўғлини узоқдан-узоқ алқади.

Тонг отгач, қўшнилари ҳам уйқудан туришиб, у ёқ – бу ёқни йиғиштириб, уй бекаси Нигора опа ичкарига кириб қараса меҳмонхона очиқ, ичкаридаги сандиқ ҳам очиқ, йиғиб қўйган пуллари ҳам жойида йўқ. Бирдан энтикиб отилиб чиқиб, уйга ўғри кирибди, ҳаммасини олиб кетибди, – деб дод солди. Мурод ака ҳам отилиб ичкарига кирса, шу аҳвол! У тўғри ички ишларга бориб, хабар қилди.

Тезкор гуруҳ ходимлари ҳам анойи эмас экан. Улар сандиқдан, эшик атрофидан бармоқ изларини олиб, лабораторияда ишлов бериб, гумон қилган қўшнисининг ички ишлардаги бармоқ изи билан солиштирса бир хил чиқди.

“Файз”га бориб Нуриллани топишди-да, биз билан ички ишларга борасиз, баъзи бир нарсага аниқлик киритмоқчимиз дейишди. У шу ернинг ўзида бор гапни айтиб берди. Ошнасидаги пулни ҳам, онасидагисини ҳам олишди. Онасининг қувончи узоққа бормади. Идорада тўлғазилган қоғозларга қўл қуя туриб, мени бир “шайтон” йўлдан урди-да, – дея олди холос.

Ҳали уйланишга ҳам улгурмаган Нурилла Маматовга судланди деган тамға босилди. “Қақайди”ликлар унга қиз бермасалар ҳам керак.

“Шайтонга қул бўлмоқ, – йўлдан чиқмоқдир” деган сўзлар Нурилла Маматовга ўхшаганларга нисбатан айтилган бўлса, не ажаб.

Самад Сувонқулов

                Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

КОРРУПЦИЯ-ГЛОБАЛ ИЛЛАТ.

Жамиятнинг ривожланиб бориши билан инсонлар ўртасида рақобат юзага келган ва бунинг оқибатида инсонлар ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда бир-бирига нисбатан ҳар хил қонуний ва қонунга хилоф усулларни қўллай бошлаган. Бу эса, ўз навбатида, коррупциянинг юзага келишига сабаб бўлган. Коррупциянинг ўзи нима? Коррупция  шахснинг ўз мансаб ва хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.

Коррупцияга ва бошқа турдаги жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш кераклиги, уларнинг профилактикаси, қонунга хилоф ҳар қандай хатти-ҳаракатга жазонинг муқаррар эканлигини барчамиз яхши биламиз. Бу йўлда амалда кўплаб режалар, дастурлар, чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, зарур ишлар амалга оширилмоқда. Ахир, коррупцияни йўқ қилмасдан туриб ҳаётимизда адолат туйғусини қарор топтириб бўлмайди.

Коррупцияга қарши курашиш мақсадида 2017 йил 4 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни кучга кирди. Ушбу Қонун коррупцияга қарши курашиш учун янги босқични бошлаб, унга барҳам бериш учун муҳим шароит яратиб берди. Ушбу Қонуннинг тўлиқ амалга оширилиши учун қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Жамиятимизда коррупция тўғрисида нотўғри фикрлар кўплаб учрайди, фуқароларимизнинг аксарияти коррупция деганда фақатгина пора бериш ва пора олишни тушунишади, холос. Ушбу ҳолат фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада оширишни ва уларнинг ҳуқуқий онгида бу тушунчага нисбатан фикрларнинг имкон қадар мукаммал шаклланишига шароит яратиш лозимлигини кўрсатади. Қолаверса, ҳар бир шахс ўзининг жамиятдаги ўрни, хатти-ҳаракати қанчалик муҳим аҳамият касб этишини ўзида масъулият билан ҳис этган ҳолдагина, коррупцияга қарши курашишда самарали натижага эришса бўлади.

Ҳар бир фуқаро коррупция жиноятларига гувоҳ бўлганида, бундай ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қўрқмасдан хабар бериши лозим. Шунингдек, юқорида таъкидлаб ўтилган Қонун эса, коррупцияга гувоҳ бўлган шахсларнинг ҳимоя қилинишини таъминлайди. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг давлат ҳимоясида бўлиши кафолатланган ҳамда ахборот бераётган шахсларни таъқиб этиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Давлатимизда коррупцияга қарши курашишни янада кучайтириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилган бўлиб, мазкур комиссиянинг асосий вазифаларидан бири  коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этишдан иборатдир. Шунингдек, ушбу комиссия коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради ва ҳамкорлигини таъминлаб беради. Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини кучайтириш мақсадида 2020 йил 29 июндаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги  қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, яъни коррупцияга қарши курашишдаги махсус давлат органи ташкил этилди. Мазкур Агентликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларидан бири фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалаларига оид ахборотларни тарқатиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитишни ташкил этиш орқали жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш ҳисобланади.

Коррупция деб аталмиш иллатни йўқ қилмасдан туриб эса, бирон-бир соҳанинг ривожланишига эриша олмаймиз.

Хулоса қилиб айтганда, коррупция — жамият тараққиёти учун жуда хавфли жиноят бўлиб, давлатни ич-ичидан емириб боради, халқни хонавайрон этади. Давлат ва жамиятда соғлом муҳитнинг қарор топиши, мамлакатнинг барқарорлиги, тинчлиги ва тараққиёти учун хавф солади. Адолат қарор топган демократик фуқаролик жамиятида яшамоғимиз учун нафақат давлат органлари, идораларида фаолият юритаётган ходимлар ва раҳбарлар, балки, ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз, коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз эканлигини англашимиз зарур.

Барчанинг коррупцияга қарши курашиш йўлида бир мақсад сари бирлашиб, ҳаракат қилиши, давлатимиз тақдирига бефарқ қарамаслиги ҳар қандай кўринишдаги коррупциянинг барҳам топишига хизмат қилади.

Дилором Алмуратова        

 Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги
ЎРҚ-561-сонли Қонуни мазмун-моҳияти.

Хусусан, 2019 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги
ЎРҚ-561-сонли Қонуни қабул қилиниб, ушбу қонуннинг мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

-ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;

-махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;

-ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш;

-содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари:

-хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги гендер сиёсатини, давлат дастурларини ҳамда стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

-жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш;

-хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилинишини таъминлаш;

-жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш;

-хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш;

-хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилишига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш;

-тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамкорлигини таъминлашдир.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли органлар этиб,Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ички ишлар органлари, меҳнат органлари, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари белгиланган.

Диёр Жумаев

Термиз туманлараро иқтисодий суди раиси

Амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар.

Президент Ш.Мирзиёев томонидан 2022 йил 2 февралдаги “Интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-749-сон Қонун имзоланди.

Мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил                                                  24 сентябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2021 йил 19 ноябрда маъқулланган.

1994 йил 6 майдаги «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги 1062-ХII-сон Қонун “Саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби” бўлими билан тўлдирилди.

Хусусан, саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик асослари белгиланди:

Тегишли патентланган саноат мулки объектини ўз ичига олган маҳсулотни ёки буюмни рухсатсиз тайёрлаш, қўллаш, импорт қилиш, сотишга таклиф этиш, сотиш, фуқаролик муомаласига бошқа йўсинда киритиш ёки шу мақсадда сақлаб туриш, шунингдек ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усулни қўллаш ёхуд ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усулда бевосита тайёрланган маҳсулотни фуқаролик муомаласига киритиш ёки шу мақсадда сақлаб туриш юридик шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жарималар миқдорлари  ҳуқуқбузарликларнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида белгиланади.

Патент эгасининг аризаси асосида Агентлик саноат мулки объектларидан фойдаланиш ҳуқуқига риоя этилишини текширишни амалга оширади.

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан ўтказиладиган текширувлар Ўзбекистон Республикаси Президенти  ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг  ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини  ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишувга кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Жарималар ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган тартибда ўтказиладиган текширувлар асосида Агентлик томонидан солинади. Бунда текширув давомида аниқланган ҳуқуқбузарлик тўғрисида далолатнома тузилиб, у тегишинча Агентликнинг ва ҳуқуқбузар юридик шахснинг (бундан буён матнда ҳуқуқбузар деб юритилади) мансабдор шахслари томонидан имзоланади.

Ҳуқуқбузар (унинг вакили) далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, Агентликнинг мансабдор шахси ушбу фактни кўрсатилган далолатномага илова қилинадиган видеоёзув ёрдамида ёки икки нафар холис ҳозирлигида тасдиқлаши керак.

Ундирилган жарима миқдорининг ўн фоизи Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармасига, қолган қисми Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига йўналтирилади.

Жарима солиш учун асос бўлган ҳуқуқбузарлик аниқланганлиги ҳақида далолатнома расмийлаштирилган кундан эътиборан беш иш куни ичида Агентлик ҳуқуқбузарга нисбатан ушбу  Қонун 331-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган миқдорларда жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Жарима солиш тўғрисидаги қарор Агентликнинг раҳбари (унинг ўрнини босувчи шахс) томонидан имзоланади ва бир иш куни ичида ҳуқуқбузарга юборилади.

Жарима солиш тўғрисидаги қарор юборилган кундан эътиборан бир ой ичида ҳуқуқбузар ушбу қарорда назарда тутилган жарима суммасини ихтиёрий равишда тўлаши мумкин.

Жарима солиш тўғрисидаги қарорда назарда тутилган жарима суммаси миқдорининг етмиш фоизи ҳуқуқбузар томонидан ихтиёрий равишда тўланган тақдирда, ҳуқуқбузар жариманинг қолган суммасини тўлашдан озод этилади.

Ҳуқуқбузар томонидан жарима суммаси ихтиёрий равишда тўланмаган тақдирда, Агентлик жаримани ундириш тўғрисидаги даъво аризасини судга белгиланган тартибда беш иш куни ичида беради.

Ҳуқуқбузар Агентликнинг жарима солиш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилишга ҳақли.

Бундан ташқари, 2001 йил 30 августдаги «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги  267-II-сон   Қонунга товар белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартибини белгиловчи модда киритилди.

Жумладан, товар белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки улар билан адаштириб юборадиган даражада ўхшаш бўлган бир турдаги товарлар учун белгилардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш –

Базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Жарималар миқдорлари ҳуқуқбузарликларнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида белгиланади.

Жарима солиш тўғрисидаги қарор юборилган кундан эътиборан бир ой ичида ҳуқуқбузар ушбу қарорда назарда тутилган жарима суммасини ихтиёрий равишда тўлаши мумкин.

Жарима суммаси миқдорининг 70 фоизи бир ой ичида ихтиёрий равишда тўланган тақдирда,ҳуқуқбузар жариманинг қолган суммасини тўлашдан озод қилинади.

2006 йил 18 сентябрдаги “Фирма номлари тўғрисида”ги қонун модда билан тўлдирилган, унга мувофиқ фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш юридик шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан  икки юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, 1996 йил 27 декабрдаги “Адвокатура тўғрисида”ги 349-1 сонли қонунга қатор хизматларни автоматлаштириш ва техник кўмак бериш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилган.

Жумладан, адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари ва адвокатлар ҳайъатларини руйхатдан ўтказиш энди давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади.

Икром ШАЙМАНОВ

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг раиси

Суд фуқаро ва тадбиркор ҳимоясида.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 44-моддасига кўра,  ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари ғайриқонуний хатти-ҳаракати устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Ҳар бир шахс давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг ҳар қандай ғайриқонуний қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан), шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ҳамда қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Суднинг асосий вазифаси ҳам фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат.

Яъни ҳар бир шахс маъмурий органлар томонидан ўзининг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаган ҳолда, судга мурожаат қилиши ва айнан суд маъмурий органларнинг қарорлари ёки ҳаракатлари қонунларга қайд даражада мувофиқлигини кўриб чиқиб, ўз баҳосини бериши зарур.   Сабаби  қонунлар қанчалик мукаммал бўлмасин уни қўллашда турли низолар юзага келиши, қонунни талқин қилиш масаласида қарама-қаршиликлар юзага келиши табиий. 

Дунёнинг аксарият давлатларида ҳам маъмурий тизимда амалга ошириладиган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад маъмурий органларнинг фақат қонунга мувофиқ ишлашини таъминлашдан иборатдир. Шу маънода, маъмурий судлар — давлат бошқаруви органлари, мансабдор шахслар билан фуқаролар ўртасидаги маъмурий-ҳуқуқий низоларни ҳал этиш учун ташкил этилган махсус судлар ҳисобланади.

Дунёнинг тараққий этган давлатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасида самарали назорат ва мувозанат тизимини яратиш, давлат органлари, фаолиятида қонун устуворлигини таъминлашнинг оқилона механизмлари маъмурий тартиб-таомил ва маъмурий суд ишларини юритишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида” Фармонида ҳам адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар доирасида  маъмурий судлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилган.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  маъмурий  судларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш, жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш, суд назоратининг таъсирчан механизмларини жорий этиш каби вазифаларни ҳал этиш мақсадини кўзлайди.

Қарорда, маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланиши аниқ белгилаб берилди.

Бундан ташқари давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш мақсадида қуйидаги тартиблар жорий этилмоқда.

Хусусан, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш белгиланди.  Яъни шу вақтга қадар далилларни йиғиш ва судга тақдим қилиш  фуқаро ёки тадбиркорлик субъекти зиммасида бўлган бўлса, эндиликда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш  учунмаъмурий судларга далилларни йиғиш мажбурияти юкланади,

Бундан ташқари амалдаги процессуал қонунларга мувофиқ маъмурий суд низони ҳал қилиб, маъмурий органнинг қарори ёки ҳаракатининг ноқонунийлигини эътироф этсада етказилган зарарни ундириб бериш ваколатига эмас эди. Яъни маъмурий суднинг ҳал қилув қарорининг олганидан сўнг яна бошқа судларга зарарни ундириш масаласида даъво киритиш, янги суд процессини ўтказиш талаб қилинарди.  

Эндиликда, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш белгиланди.  Бинобарин қарор чиқарган маъмурий суднинг ўзи зарар масаласини кўриб  чиқиб ҳал қилиш ваколати берилиши, фуқаро ёки тадбиркорлик субъектини яна қайтадан судга мурожаат қилиш мажбуриятидан халос қилди,

Амалиётда маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорларини давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро  қилмаслик  ҳолатлари мавжуд бўлиб, бу бузилган ҳуқуқларни амалда тиклашга тўсқинлик қилар эди. 

Эндиликда суд ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этиш мақсадида ҳал қилув қарорлари ижро қилинмаган тақдирда эса, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш масаласи кўриб чиқилиши, мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириб, пировардида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини таъминлайди.  Ҳал қилув қарори такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш тартиби,  суднинг мавқеи ошиши ва унга бўлган ишонч мустаҳкамланишига хизмат қилади.

 Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш  эса низони тезроқ ҳал қилиш, оптимал ечим топиб, суд жараёнини соддалаштиришни таъминлайди.  Шу маънода марафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш белгиланиши айни муддао бўлиб, тарафлар ўртасидаги низони ҳал қилишда қонунийлик тўлиқ таъминланиши билан бирга, суд томонидан тасдиқланган келишув битимини ижрога қаратилишида тарафларга қулайликлар яратади ҳамда қисқа муддатларда низоларни ҳал этилишига эришилади.

Яна бир муҳим янгилик, аризаларнинг судга тааллуқлилиги масаласида айрим муаммолар  баъзи ҳолларда ҳуқуқи бузилган фуқароларнинг ёки тадбиркорлик субьектларининг судма-суд юриб, овора бўлишларига ҳам барҳам берилади. Эндиликда Судлар тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъий назар қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизимини жорий этилади. Яъни судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш, маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгиланиши, бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштириш тақиқланиши ҳам алоҳида мустаҳкамланди. Яъни  эндиликда суд ариза судга тааллуқли бўлмаса ҳам  уни фуқарога эмас, низони ҳал қилишга ваколатли судга юборади.

Бугунги кунда маъмурий судларда кўрилаётган аксарият ишлар ҳам  маъмурий органларнинг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш билан боғлиқ.  Ҳуқуқи бузилган ҳар қандай шахснинг  тўғри маъмурий судга мурожаат қилиши унинг ҳуқуқларини тиклашнинг энг самарали ва қисқа йўли эканлигини  халқимизга етказиб бера олсак,  қонун устуворлигини таъминлаш йўлида жуда катта қадам қўйган бўламиз.  Зеро Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш асосий мақсадлардан бири этиб белгиланган.

Жамшид Хурсандов

Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди судьяси

Перейти к содержимому